Norma.uz

Келишилган, бироқ мажбурий эмас

Бир масалани тушунишда ёрдам берсангиз.

2011 йил 1 ноябрда Ўзбекистон машинасозлик тармоғи уюшмаси ва машинасозлик тармоғи ходимлари касаба уюшмаси 2011–2013 йилларда ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича тармоқ жамоа келишувини имзолади. Уюшма унда барча машинасозлик корхоналари номидан иш юритди. Ушбу корхоналарнинг рўйхати битимга 1-иловада кўрсатилган. Машинасозлик тармоғи таркибига кирадиган корхоналардан бири бизнинг заводимиз.

2014 йил июлида завод иш берувчининг ташаббусига кўра ўз ходими билан меҳнат шартномасини бекор қилди. Бўшатилганидан кейин ходим уни ишга тиклашни талаб қиляпти, чунки у билан меҳнат шартномаси битимнинг 28-бандини бузган ҳолда касаба уюшмаси билан олдиндан келишмаган ҳолда бекор қилинган.

Завод меҳнат шартномасини касаба уюшмасининг олдиндан розилигини олмасдан туриб бекор қилиш тўғрисидаги қарорини келишувнинг меъёрлари унинг учун меъёрий эмас, балки тавсия тусида эканлиги билан асослади. Бунинг устига заводда касаба уюшмаси қўмитаси ва тузилган жамоа шартномаси йўқ.

Мазкур ҳолда касаба уюшмасининг розилиги зарур эдими, заводнинг хатти-ҳаракатлари қонунийми? Келишувнинг амал қилиши уни имзоламаган тармоқ корхоналарининг ходимлари ва иш берувчиларига татбиқ этиладими? Келишувнинг ўзида кўрсатилганидек, агар у 2011–2013 йилларга тузилган бўлса, келишув 2014 йилда ўз кучини сақлайдими?

Завод директори.

 

– Газетхонимиз юборган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, заводнинг хатти-ҳаракатлари қонуний бўлган деб ҳисоблаймиз. У ходим билан меҳнат шартномасини касаба уюшмасининг олдиндан розилигини олмасдан туриб бекор қилиш ҳуқуқига эга эди.

Ҳақиқатан ҳам, Меҳнат кодексининг (МК) 55-моддаси ва саволда кўрсатилган жамоа келишувининг 8-бандида қайд этилганидек, келишувнинг амал қилиши машинасозлик тармоғи корхоналари ва ташкилотларида ишлайдиган барча ходимларга татбиқ этилади. Бироқ ушбу ҳужжат 1-бандининг иккинчи хатбошисига кўра ушбу келишув қоидаларининг аниқ кўрсаткичлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жамоа шартномалари билан белгиланади. Келишув 2-банди «б» кичик бандининг иккинчи хатбошисида белгиланишича, тармоқ корхоналари ва ташкилотлари учун келишув тавсия тусига эга. Бунинг устига, у тармоқ корхоналари ва ташкилотларининг жамоа шартномалари орқали амалга оширилади. Фақат жамоа шартномаларига киритилган келишув қоидаларигина меъёрий тусга эгадир (келишув 9-бандининг биринчи хатбошиси).

Юқорида баён этилган бандларда белгиланишича, улар ҳар бир ташкилотнинг жамоа шартномаларида алоҳида акс эттирилгандан кейингина, келишувга 1-иловада кўрсатилган машинасозлик тармоғи корхоналари ва ташкилотларининг иш берувчилари ва ходимларига татбиқ этилиб, мажбурий тусга эга бўлади. Қабул қилинган жамоа шартномалари жамоа келишуви меъёрларига зид бўлмаслиги керак. Рўйхатда кўрсатилган ташкилот ўз касаба уюшмасини тузиб, жамоа шартномасини имзолашига қадар Уюшма билан касаба уюшмаси ўртасидаги келишув қоидалари унинг учун тавсия тусида бўлади. Шу тариқа, касаба уюшмасининг ўзи ҳам, завод билан ходимлар вакиллик органи ўртасидаги жамоа келишуви ҳам йўқлиги боис, завод ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинишига касаба уюшмасининг рухсати талаб қилинмайди.

Бундан ташқари, шуни таъкидлаш жоизки, ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш пайтида (2014 йил июлида) келишувнинг амал қилиш муддати тугаган эди ва, тегишинча, ушбу ҳужжат юридик кучга эга эмас. МКнинг 54-моддасига кўра, тармоқ келишувининг амал қилиш муддати 3 йилдан ошиб кетмаслиги лозим. Келишувнинг 6-бандида белгиланишича, келишув 2011–2013 йиллар мобайнида, янги келишув қабул қилинишига қадар амал қилади. Келишувда уни 1 йилга узайтириш имконияти назарда тутилган. Бироқ тарафлар уни узайтирмаганлар.

Буларнинг ҳаммаси завод ходими билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра, уни касаба уюшмаси билан келишмасдан туриб бекор қилиш қонунийлиги хусусида хулоса чиқариш имконини беради. Биринчидан, келишув шартларига риоя қилиш завод учун фақат тавсия тусига эга эди, иккинчидан эса унинг амал қилиш муддати меҳнат шартномасини бекор қилиш пайтига келиб тугаб бўлган эди.

Мазкур ҳолда яна бир жиҳатни қайд этиш лозим. МКнинг 49-моддасига кўра, тармоқ келишувлари тегишли касаба уюшмалари (ходимларнинг бошқа вакиллик органлари) ва иш берувчилар (уларнинг бирлашмалари) ўртасида тузилади. Тақдим этилган ҳужжатларга кўра завод Уюшма аъзоси эмас. Шу сабабли у имзоламаган келишув «татбиқ этилиши керак бўлган» ташкилотлар рўйхатига заводни киритиш чоғида Уюшма лоақал уни жамоа келишувига иловага киритиш учун заводнинг ёзма розилигини олиши керак эди.

 

Тимур МЎМИНОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2108 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика