Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 35 / Божхона

Чегарадан янги декларация билан ўтиш тартиби

Жорий йилнинг 11 августида ДБҚнинг «Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кучга кирди. Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларни декларациялаш таомилига киритилган янгиликлар тўғрисида ДБҚнинг Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси инспектори Дамир ШЧЕРБИНИН ҳикоя қилади.

 

Янги Йўриқноманинг (бундан кейин – 2606-сон Йўриқнома) қоидалари жисмоний шахсларнинг товарларни декларациялаш амалиётига жиддий ўзгартиришлар киритмайди. Йўловчи божхона декларацияси янги шаклининг жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жараёнига таъсир кўрсатмайди. Янгиликлар аввало декларация тўлдириш тартибини соддалаштиришга қаратилган. Айрим бандларнинг формулировкалари аниқлаштирилган ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган. Т-6 шаклидаги аввалги декларация 2004 йилдан бери амал қилиб, бирмунча мураккаб эди, тўлдираётганда муайян қийинчиликларни юзага келтирарди. Ўзгартиришлар киритиш зарур эди, улар киритилди ҳам, уларнинг бир қисми анча муҳимдир.

– Дамир Константинович, йўловчи божхона декларациясининг янги шакли бланкалари тез орада барча чегара божхона постларига келтирилади. Аҳолини бўлғуси ўзгартиришлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш жуда муҳим. Янги декларация шакли эски Т-6 шаклидан нимаси билан жиддий фарқ қилади?

– Саволга жавоб беришдан аввал айтишим жоизки, аввал бўлганидек, ҳозир ҳам декларацияни уч тил: ўзбек ёки рус ёхуд инглиз тилларидан бирида тўлдириш мумкин. 2606-сон Йўриқнома ва янги йўловчи декларацияси ДБҚнинг customs.uz сайтида жойлаштирилган.

Жиддий фарқларга келсак, эҳтимол, улар янги декларациянинг 5-бандида бор-йўқлиги илгари керакли жавобли квадратларнинг устига чизиш билан қайд этиладиган «а»–«и» кичик бандларининг йўқлигида бўлса керак. Хусусан, қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи, радиоактив материаллар; наркотиклар, психотроп, заҳарли, кучли таъсир кўрсатувчи моддалар ва ҳоказо. Айни ушбу устунлар кўпинча фуқароларни тараддудга солиб қўяр, бу эса уларнинг нотўғри тўлдирилишига сабаб бўларди. Энди эса декларациянинг орқа томонига ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари (лицензиялар) талаб этиладиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши ва унинг ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган товарлар ҳақида тушунтириш берувчи ахборот, нақд миллий ва чет эл валютасини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби, жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб кириш ва олиб чиқишдаги божсиз олиб ўтиш меъёрлари ҳақида ахборотни ўз ичига олган эслатма жойлаштирилган.

– Ҳақиқатан ҳам, газетамиз ўқувчиларининг хат-хабарларига қараганда, мамлакатдан чиқиб кетаётган ва унга келаётган шахсларни ушбу ахборот кўпроқ қизиқтиради. Уларни қандай янгиликлар билан хурсанд қилиш мумкин?

– Эндиликда ўз кучини йўқотган Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (ДБҚнинг АВ томонидан 23.04.2004 йилда 1342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) қатъий қилиб айтилганидек, божхона декларацияси йўқолган тақдирда тикланмайди ва унинг эгаси унда кўрсатилган товарлар ва предметларни тўсиқсиз олиб ўтиш ҳуқуқини йўқотади. Амалдаги 2606-сон Йўриқномада аниқ қилиб қайд этилишича, декларацияни йўқотган шахс божхона органидан унинг нусхасини ва буюмлар ҳамда товарларнинг олиб ўтилганлигини тасдиқловчи маълумотни олиш ҳуқуқига эгадир.

Декларацияни 2 нусхада тўлдириш зарурлиги тўғрисидаги қоида сақланиб қолди (бир нусхаси божхона органида қолади, иккинчиси эса декларацияни тўлдирган шахсга берилади ва унда кўрсатилган буюмлар ва товарларни олиб кириш ёки олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади). Бунда резидентлар Ўзбекистонга киришида ва норезидентлар мамлакатимиздан чиқишида декларацияни бир нусхада тўлдириши мумкинлиги тўғрисида қоида киритилди, у божхона органида қолади. Ушбу янгиликнинг мақсадга мувофиқлиги равшан.

Транспорт воситаларининг эгалари энди машиналарни декларациялаш чоғида фақат автомобилнинг давлат рақами ва русумини кўрсатишлари кифоя қилишидан мамнун бўлишлари аниқ. Аввалги декларацияда 7-банд бўлиб, унда, кўрсатилган маълумотлардан ташқари, двигатель ҳажми, автомобилнинг чиқарилган йили, шасси, кузов, двигатель тартиб рақамлари, божхона режими, реестр тартиб рақами ва нотариал идора сингари маълумотларни акс эттириш керак эди.

Яна бир жуда муҳим ўзгартириш бор: нотўғри тўлдирилган бандлар аниқланган тақдирда, декларацияни божхона назоратидан ўтказгунга қадар божхона органи ходими ушбу бандлардаги хато маълумотларни тўғри чизиқ билан ўчириб, тегишли маълумотларни қўлда ёзиб тўғрилаши мумкин. Ҳар қандай бундай тўғрилаш декларацияни тўлдирган шахснинг имзоси ҳамда божхона органи ходимининг шахсий муҳри билан тасдиқланади.

– Йўловчи божхона декларацияси шаклида яна қандай ўзгартиришлар юз берди? У қандай тўлдирилиши керак?

– Янги декларацияда тўлдириладиган бор-йўғи 6 банд мавжуд. Ўзгартиришлар аввало шундан иборатки, ундаги барча бандлар квадратлар билан чекланмайдиган майдонлар тарзида келтирилган. Аввалги шакл тўлдириш учун ноқулай эди. Энди шахс декларацияни эркин шаклда ручка билан қўлда аниқ ва тушунарли қилиб ёки ёзув мослашмасини қўллаган ҳолда тўлдириши ҳамда қоғозга чиқарилган тарзда уни расмийлаштириш учун тақдим этиши мумкин.

1-бандда шахс тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, туғилган йили, жинси, паспортининг серияси ва рақами), доимий яшаш мамлакати, фуқаролиги, бирга ҳаракатланаётган 16 ёшга тўлмаган шахслар мавжудлиги ва уларнинг сони кўрсатилади. 2-бандда ҳаракат тури («кириш», «чиқиш»). Аввалги декларацияда «транзит» кўрсатиларди. Мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли ушбу тур чиқариб ташланди. 3-бандда сафар мақсади (хизмат, ўқиш, иш, саёҳат, қариндошларни йўқлаш, доимий яшаш жойи, тижорат); 4-бандда багаж мавжудлиги тўғрисида маълумотлар. Айтиш жоизки, энди унинг миқдорини кўрсатиш зарурати йўқ. Шунингдек кузатиб бориладиган ва кузатиб борилмайдиган багажнинг мавжудлиги (юкка илова қилинувчи ҳужжатлар бўйича) тўғрисидаги маълумотларни бўлиш талаби ҳам чиқариб ташланди. 5-бандда – Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва миқдори. 6-бандда – товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

Янги декларацияда «Хизмат белгилари учун» устуни мавжуд эмас. Декларантнинг имзоси Эслатманинг тагига қўйилади, шу аснода у билан танишганлик далили тасдиқланади.

– Жисмоний шахсларнинг товарларни декларациялаши таомилига киритилган янгиликлар ҳақида батафсил тушунтириш берганингиз учун миннатдорчилик билдираман.


Махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА
суҳбатлашди.

 

Р.S.

 Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай товарлар декларацияланиши керак. Бу таомил нафақат ёзма тарзда бўлади. Божхона кодексида божхона назоратининг оғзаки декларациялаш деб номланадиган оғзаки сўраш шакли назарда тутилган. Унинг давомида сизда мажбурий декларацияланадиган товарларнинг йўқлигини очиқ-ойдин айтишингизнинг ўзи кифоя. Божхоначилар багажни кўздан кечириш ва асос мавжуд бўлганда шахсан кўрикдан ўтказиш ҳуқуқига эгалар, буни хавфсизлик талаблари тақозо этади.

 

 

ЧЕГАРАДАГИ ҲАНГОМАЛАР

Божхоначиларнинг баъзан имзо ўрнига аллақандай гажаклар ёзилган ҳужжатлар билан ишлашларига тўғри келади: декларант имзо қўйганми, бирон маълумотни қайд этганми, аниқлаб бўлмайди. Бироқ ҳужжатларнинг биридаги гажаклар айниқса ҳайрон қолдирди. Имзода улар шу қадар кўп эдики, божхоначилар ҳар доим ана шу кишининг имзосида гажаклар сони бир хилдами, бир дастхатга у қанча вақт сарфлайди дея фараз қила бошлашди.

Интернет тармоғи материалларидан.

 

 

ЧЕГАРАДАГИ ҲАНГОМАЛАР

Божхона декларациясини текшира туриб, божхоначи 5-бандда «Тишлар – 30» деган ғалати ёзувни кўриб қолди. У нега бундай деб ёзилганлигини тушунтириб беришни сўради. Йўловчининг айтишича, у декларацияга ўзининг тишлари ҳақида ёзган экан. Маълум бўлишича, уни тўлдираётганда бланкани ўқиб чиқаётган икки киши унга нималарни қайд этиш кераклиги хусусида баланд овозда гаплашаётган экан. Улардан бири «Олтин ва тилла буюмлар» устунини кўриб, дўстига: «Ўзингнинг тишларингни ёзиб қўйишни унутма», – дебди. У ҳазиллашган, фуқаро эса бу маслаҳатни жиддий қабул қилган. Оғиз бўшлиғини текшириб чиқиб, декларациянинг орқа томонига «Тишлар – 30» деб ёзиб қўйган.

Интернет тармоғи материалларидан.

 

 

ЧЕГАРАДАГИ ҲАНГОМАЛАР 

16 яшар йигитчадан божхона назоратидан ўтиш вақтида республикага келишдан мақсадини сўрашди. Йигитча бир оз ўйлаб, «Тўйиб емоқчиман!» – деди. Божхоначиларнинг ҳайратланганини кўриб, сўзларини изоҳлади: «Мен ахир Сибирданман, Ўзбекистондаги бобом ва бувимникига келаяпман. Уларнинг катта боғи бор. Меваларни бўкиб емоқчиман».


Интернет тармоғи материалларидан.

Прочитано: 5123 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика