МЧЖ муассиси бўлган жисмоний шахс устав фондининг бир қисмини бошқа жисмоний шахсга текинга берди. Шу тариқа, муассислар иккита бўлди. Сизнинг сайтингизда шунга ўхшаш саволга берилган жавобда ёзилишича, текинга берилган улуш қийматидан энг қуйи ставкада ЖШДС тўлаш керак экан.
Агар ташкилот уни ўз вақтида тўламаган бўлса, нима қилиш керак? Солиқни ҳозир тўлаш мумкинми? Агар мумкин бўлса, буни ЖШДС бўйича ҳисоботда қандай акс эттириш керак?
Светлана,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Солиқ кодекси (СК) 178-моддасининг 7-бандига асосан жисмоний шахслардан текинга (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқларнинг қиймати жисмоний шахснинг бошқа даромади ҳисобланади ва унга ЖШДС солиниши керак. СКнинг 22-моддасига кўра мол-мулк – эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлардир. СКнинг 184-моддасида тўлов манбаида ЖШДС солинадиган даромадлар рўйхати белгиланган, агар юридик шахс тўласа, бошқа даромадлар ҳам ушбу рўйхатга киради.
Сизнинг ташкилотингиз мазкур вазиятда даромадларни тўлаш манбаи ҳисобланмайди, чунки устав фондидаги улушнинг бир қисмини текинга бериш операцияси икки нафар жисмоний шахс ўртасида амалга оширилган. Тегишинча, МЧЖ ЖШДС бўйича солиқ агенти бўлмагани боис уни тўлаш мажбуриятларини зиммасига олмайди ва ушбу солиққа доир ҳисоб-китобларда ҳеч қанақасига акс эттирмайди.
Сиз корхонангиз таъсис шартномаси ва уставига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳокимликнинг қарорига асосан янги муассисни ҳисобга олган ҳолда устав фондини қайта тақсимлаш бўйича бухгалтерия проводкаларини бажарсангиз кифоя.
ЖШДСни тўлаш мажбуриятлари жисмоний шахс cифатида янги муассисда вужудга келади. СКнинг 189-моддасига асосан солиқ агентлари бўлмаган манбалардан (устав фондидаги ўз улушининг бир қисмини текинга берган муассисингиз шу тоифага киради) олинган даромадларга жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан солиқ солинади, уни солиқ тўловчилар доимий яшаш жойларидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай, агар СКнинг 192-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тақдим этишлари шарт. Бундай декларация тақдим этилмаган тақдирда солиқ органи ўзида мавжуд бўлган ахборот асосида энг юқори ставкада солиқ суммасини ҳисоблаш ва унинг тўланадиган суммаси тўғрисидаги хабарномани солиқ тўловчига топширишга ҳақли. Солиқ тўловчи жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этганда солиқнинг якуний суммаси уни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари даромадлар тўғрисидаги декларация маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлайдилар (СКнинг 193-моддаси).
Ирина БОРИСОВА,
экспертимиз.