Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 35 / Устуворликлар

Органик деҳқончилик: истиқбол сари қадам

Фермер нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, менежер, селекционер, бизнесмен, керак бўлса, дипломат бўлмоғи зарур. Бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган янги-янги вазифаларни яхши билиши, одамларнинг, айниқса қишлоқ аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилаш, юртимизни бундан-да обод қилишда фаол иштирок этиши керак.

 

Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.

(2014 йил июнида Фарғона вилоятининг
Қува туманидаги «Роҳатой» фермер хўжалигига ташрифи чоғидаги нутқидан).

 

Мустақиллик йиллари мобайнида мамлакатимизнинг аграр соҳасида туб ўзгаришлар содир бўлди, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва уларни ривожлантириш юзасидан кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилди. Ана шундай ғамхўрлик шарофати билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан самарали тарзда шуғулланиб, ҳозирги воқеликларни инобатга олган ҳолда ўз меҳнатларига ижодий тарзда ёндашмоқдалар, ишлаб чиқаришнинг янгидан-янги шаклларини барпо этмоқдалар. Хусусан, органик ўғитга асосланган деҳқончиликда шундай бўлмоқда. Маҳсулотларни шу йўсинда етиштиришга йўналтирилган соҳа ходимларига Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ҳар тарафлама мададкор бўлмоқда. Кенгаш айни шу масалада ахборот билан таъминлаш бобида фаол иш юритмоқда. Яқинда унинг бўлинмаси – Фермерлар кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон агро ахборот-инновация маркази USAIDнинг Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича лойиҳаси билан ҳамкорликда Тошкентда органик деҳқончилик бўйича уч кунлик семинар ўтказди.

Тадбирда мамлакатимизнинг барча минтақаларидаги фермерлик ҳаракати намояндалари иштирок этдилар. Семинар дастурига органик деҳқончиликни ривожлантириш юзасидан, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, рақобатбардош маҳсулот етиштириш ҳамда ишлаб чиқаришга ва уни халқаро бозорга киритишга кўмаклашиш нуқтаи назаридан тақдимот киритилган эди.

 

ДОЛЗАРБ МАВЗУ

Самарқанд вилоятидан келган, қишлоқ хўжалиги бўйича эксперт Нуржигит Нишонов ўз нутқида шуни таъкидлаб ўтдики, бугунги кунда органик деҳқончиликка қизиқиш кескин ортди. Мамлакатимиз хўжаликлари деҳқончиликнинг муайян унсурларидан кўпдан буён фойдаланиб келадилар. Лекин ишлаб чиқаришда органик усулга тўлиқ асосланган ҳолда иш юритиш айрим фермерларнинг амалиётидан жой олган, холос.

Органик усулда етиштирилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорлари фаолият юритиши ва органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда кафолат тизими салмоқли роль ўйнайди. Бу тизим муайян стандартларни, шунингдек инспекция қиладиган ва сертификатлаш билан шуғулланадиган компанияларни қамраб олган бўлиб, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш жараёнининг пировард маҳсулот даражасига қадар, шу жумладан уни рисоладагидек ўраш ва тамғалаш ишларини ҳам ўз ичига олган тарзда, органик стандартларга мувофиқлигини таъминлайди.

Масалан, хоразмлик фермер органик маҳсулот етиштириш принциплари ва қоидаларига риоя этган ҳолда узум етиштирди ва бу маҳсулот истеъмолчиларга бориб етди, дейлик. Маҳсулот ана шу йўлнинг бутун босқичида, бинобарин етиштириш, ўраб жойлаш, омборда сақлаш, транспортда ташиш, савдо майдончаларига жойлаштириш сингари барча босқичда текшириб ва сертификатлаб борилади.

Швейцариядаги «Хельветас Свисс Интеркооперейшен» халқаро ҳамкорлик уюшмаси ходими, органик маҳсулотлар етиштириш ва сертификатлаштириш бўйича халқаро консультант, эксперт Абдулатиб Холдоров йиғилганларга Халқаро органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати федерациясининг (IFOAM) сертификатлаштириш хусусиятлари, таянч стандартлари ва аккредитация мезонлари ҳақида гапириб берди.

2013 йили Бишкекда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Монголия ва Озарбайжон ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди*. Унинг қоидалари IFOAM принципларига мос ва мувофиқ келади.

Маркетинг асосларини билиш, ҳар қандай менежер ва тадбиркорга, у бизнеснинг қайси соҳасида ишлаётган бўлмасин, жуда зарурдир.

– Маркетингнинг сир-асрорларини билиб қўйиш қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларга ҳам фойдалидир, – деб таъкидлади Минтақавий иқтисодий интеграция лойиҳасининг халқаро савдо ва бизнесни ривожлантириш бўйича эксперти Руслан Саралинов.

Унинг тақдимоти органик маҳсулот маркетингининг ва дистрибьюторлик тармоғини барпо этишнинг асосий муаммоларини қамраб олди. Фермерларни бу соҳадаги амалий фаолиятга тайёрлаш муҳим эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Зотан, бундай маҳсулотни экспорт қилувчилар маркетинг стратегиясини кўриб чиқишда органик усулда етиштирилган маҳсулотлар бозорининг афзаллик жиҳатлари ва содир бўлиши эҳтимоли бўлган таваккалчиликларини билишлари лозим.

Амалий таҳлил тренингнинг авж пардаси бўлиб қолди дейиш мумкин. Таҳлил асносида иштирокчилар органик маҳсулот етиштириш учун 10 дан ортиқ мезонларни белгилаб олдилар. Ташқи бозордаги талаб-эҳтиёж, суғоришда сувдан ва органик ўғитлардан баҳрамандлик, улгуржи харидорнинг, махсус омборхона биноларининг, қайта ишловчи цехларнинг, уруғлик ва кўчатларнинг, фойдали энтомофагларнинг бўлиши шулар жумласидандир. Шунингдек маҳсулотни узоқ вақт сақлаш, лаборатория таҳлилидан ўтказиш, ички бозорда реализация қилиш, катта ҳажмларда етиштириш имкониятлари борлигини ҳам шулар сирасига киритиш мумкин. Органик маҳсулот сифатида етиштириш мумкин бўлган маҳсулотлар жумласига тадбир иштирокчилари пахтани, асални, сабзини, тарвузни, картошкани, узум ва шолини киритдилар.

 

КЎТАРИНКИ КАЙФИЯТ

Ўзбекистон агро ахборот-инновация маркази директори Мирзоҳид Йўлдошев семинар натижаларини якунлаб, қайд этиб ўтдики, мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида органик деҳқончилик борасида анчагина муваффақиятли тарзда илгарилаб бормоқда. Бундай деҳқончилик атроф муҳитга бўлаётган салбий таъсирни камайтиради ҳамда аҳолини экологик жиҳатдан соф фойдали озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди. Анъанавий деҳқончиликдан фарқли равишда органик маҳсулот етиштиришда синтез асосда тайёрланган кимёвий пестицидлардан, минерал ўғитлардан, антибиотиклардан, ўсимликларни ўстирувчи сунъий моддалардан, озуқа қўшимчаларидан фойдаланилмайди. Алмашлаб экиш имкониятларидан имкон қадар кенгроқ фойдаланилади, турли органик ўғитлар кенг кўламда ишлатилади, қишлоқ хўжалиги экинларининг касалликлари ва зараркунандаларига қарши биологик кураш усули қўлланилади. Ерни шудгорлаш, унга ишлов бериш эҳтиёткорлик билан олиб борилади. Етиштирилаётган органик маҳсулот инсон саломатлиги учун бир қанча ижобий хусусиятларга эга эканлиги боис ҳам истеъмолчилар томонидан жуда-жуда қадрланади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори талабларини (сертификатлаштириш, ўраш ва идишга жойлаш, товар сифати, ҳажми, нарх белгилаш) ўрганиш ҳамда келгусида ҳамкор бўладиганларни излаш мақсадида Фермерлар кенгаши вакиллари бир қанча Европа мамлакатларида бўлиб қайтдилар. Ҳозирги босқичда Марказ фермерларни органик деҳқончилик тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлашга, бу соҳада агрономия ва маркетинг йўналишида тадқиқотларни амалга ошириш, мавжуд салоҳиятни кучайтиришга катта эътибор бермоқда.

 

Тадбир иштирокчилари ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Хоразм вилоятининг Хонқа туманидан келган фермер Бахтиёр Очилов:

– Семинар органик маҳсулот етиштириш ва экспорт қилишнинг турли қирралари билан чуқурроқ танишиш, бу борада тажриба алмашиш имкониятини берди. Тадбирда айтилган таклифларга, хусусан сертификатлаштиришнинг очиқ-ошкора механизми керак деган гапга қўшиламан. Бундай механизм ҳар кимга тушунарли ва ошкора бўлсин. Сертификатланган органик маҳсулот албатта тамғаланиши, тамға белгисида маҳсулот тўғрисидаги ва уни сертификатлашни амалга оширган орган ҳақидаги барча керакли маълумотлар мужассам эттирилмоғи лозим.

Қашқадарё вилоят фермерлар кенгаши вакили Абдурауф Худоёров:

– Мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари «органик» деган мақоми билан сифати паст, арзон нархдаги импорт озиқ-овқат маҳсулотларидан ажралиб турмоғи ва сифати ҳисобига рақобатбардош бўлмоғи лозим.

Тошкент вилоят фермерлар кенгаши вакили Дилдора Имомова:

– Одамлар далаларимизда, минерал ўғит ва қўшимчалар ишлатмай, етиштирилган сифатли маҳсулотларни харид қилишни маъқул кўрадилар, бу эса фермерлик ҳаракати олдида катта истиқбол уфқларини очиб бермоқда.

Бухоро вилоятидан келган фермер Муҳсин Муродов:

– Органик деҳқончилик қишлоқ аҳли фаровонлигини анчагина кўтариб берадиган, табиатни ғорат этмайдиган, унумдор ерларни келажак авлодлар учун шу ҳолда сақлаб қоладиган реал усулдир.

 

*«Ўзбекистон агро ахборот-инновация маркази» нодавлат нотижорат ташкилоти;

Қирғизистон «BIO-KG» органик ҳаракат федерацияси;

Қозоғистон органик қишлоқ хўжалиги ҳаракатлари федерацияси;

SAS Органик (Тожикистон);

Монголия органик дастури;

«Генжа» агробизнес уюшмаси (Озарбайжон).

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Фото uza.uz сайтидан олинди.

Прочитано: 3051 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика