1.01.2014 йилгача корхонамиз ишлаб чиқарадиган маҳсулот турларидан бири бўйича Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган эди.
Имтиёзли давр тугаганидан кейин илгари маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун олиб келинган хом ашё ва материаллар (таркибий қисмлар) қолдиқларидан бошқа маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланса бўладими?
– Хом ашё ва материаллар қолдиқларидан бошқа маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин. Бироқ шунга эътибор берингки, имтиёзли давр тугаганидан кейин корхонада илгари божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаган ҳолда маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун импорт қилинган хом ашё ва материаллар қолган бўлса, у тўланмаган божхона тўловлари бўйича бюджет билан қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт (Тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари амалга оширилаётган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 21-банди, АВ томонидан 17.05.2012 йилда 2365-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Яъни сиз импорт материаллар қолдиғига тўғри келадиган, бироқ маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда фойдаланилмаган, ҳисоблаб ёзилган ва имтиёзни қўллаш сабабли тўланмаган ҚҚС, божхона божи, акциз (акцизланадиган товарлар бўйича) суммаларини бюджетга ўтказишингиз керак.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.