Корхонамизнинг (ягона ер солиғи тўловчиси) асосий фаолияти қорамолларни боқиш, сут етиштириш ва уларни сотиш ҳисобланади.
Бизнинг 0100-счёт «Асосий воситалар»да 1989 йилда фойдаланишга топширилган қорамол боқиш учун мўлжалланган эски бинолар бор.
Бугунги кунда бутунлай яроқсиз ҳолга келган ушбу биноларни бузиб, ўрнига замонавий фермаларни қурдик ва ишга туширдик.
Эски биноларни бузишдан олинган айрим қурилиш материалларидан янги биноларни қуришда фойдаландик, айрим қурилиш материалларини 1000-счёт «Материаллар»га киритиб, уларни сотдик ва тегишли даромад олдик.
Ушбу олинган даромадлардан бирор-бир қўшимча солиқ оқибатлари юзага келадими?
Собиржон Равшанов,
корхона бош бухгалтери.
Жиззах шаҳри.
– Солиқ кодекси 132-моддасининг 1-бандига кўра асосий воситалар ва бошқа мол-мулк чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган бошқа даромадларга киради.
Демак, сиз қурилиш материалларини реализация қилишдан олган даромад бошқа даромадлар ҳисобланади. Солиқ кодексининг 363-моддасида ягона ер солиғини тўловчилар учун Солиқ кодексининг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадларга солиқ солинмаслиги (дивидендлар ва фоизлар, биргаликдаги фаолиятдан олинган даромадлар бундан мустасно) белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз ягона ер солиғини тўловчи корхона сифатида бошқа даромадлардан (дивидендлар ва фоизлардан, шунингдек биргаликдаги фаолиятдан олинган даромадлардан ташқари) солиқ тўламайсиз.
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳатчилари ташкилоти эксперти
Ғуломжон Тўлаганов томонидан тайёрланди.