Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 12 / Хўжалик юритиш қоидалари

«Сийқа» шиналар ва «Умри қисқа» компьютерлар ҳақида

Бухгалтер фақат бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалалари билан шуғулланадиган корхоналар жуда кам учрайди. Кўп ҳолларда у кадрлар бўлимини ҳам бошқаради, офис-менежер ҳам, кичик фирманинг юристи ҳам, турли органлар ва идораларга югурадиган ­курьер ҳам унинг ўзи. Шунингдек у – экология бўйича мутахассис ҳамдир.

Албатта, бухгалтер: «Бу менинг ишим эмас», – дейиши мумкин. Қонун ҳужжатларини ўрганиб, уни ўз ишига айлантириши ва бу билан обрў-нуфузини ошириши, раҳбариятга ўз мустақиллигини исботлаши ҳам мумкин.

Табиатни ҳимоя қилишни ўз иши деб биладиган бухгалтер, шунингдек компания муассиси нималарни билиши кераклиги тўғрисида Тошкент экологик сертификатлаштириш маркази ДУК директори, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган Светлана АХМЕДОВА ҳикоя қилади.

 

– Сиз янги корхона очишга қарор қилдингиз. Балли! Янги истиқболлар, иш жойлари ва, албатта, фойда олишни кўзлайсиз. Солиқ ва санитария инспекциялари, ёнғин назорати билан барча масалалар келишилган. Фақат экологик хизматга бориш қолган. Табиатни муҳофаза қилиш бўйича шаҳар қўмитасига корхонамиз очилганлиги тўғрисида хат юбориб маълум қиламиз. Ва... «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонунга (25.05.2000 йилдаги 73-II-сон) кўра барча корхоналар АМТБ – атроф муҳитга таъсирни баҳолаш таомилидан ўтишлари керак­лигини эшитамиз. У ишлаб чиқаришингизнинг экологик хавфсизлиги тоифасини ва корхона ишга туширилганидан кейин қандай экологик оқибатлар юз беришини белгилайди. Амалиётда бу қуйидагича кечади: экспертлар келишиб, фаолиятингиз тури, бинолар, цехларнинг ­географик жойлашувини таҳлил қилишади. Сиз қандай саноат чиқиндилари «ишлаб чиқаришингиз» ва уларнинг қанча миқдорда бўлиши, қандай қилиб уларни утиллаштириш ниятида эканлигингизни аниқлашади. Атроф муҳитдаги сув, ҳаво ва тупроқни қанчалик ифлослантиришингизни ҳисоблашади. Ушбу саволларга жавоблар экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот (ЭОТБ) лойиҳасида акс этади.

Уч йил мобайнида корхона ўз фаолиятини ЭОТБ лойиҳаси асосида амалга оширади, унда чиқиндиларнинг хавфлилиги, уларнинг ҳосил бўлиш ва жойлаштирилиш лимитлари, оқава сувлар ҳолати баҳоланади, атроф муҳитни ифлослантириш манбаларини (ташламалар, оқавалар, чиқиндилар пайдо бўлиши) ҳисобга олиш ва назорат қилишни ташкил этишга ­доир тавсиялар берилади.

Фаолиятни йўлга қўйиш учун ажратилган уч йиллик муддат ўтгандан кейин корхона ифлослантириш манбалари бўйича ифлослантирув­чи ингредиентлар концентрациясининг йўл қўйиладиган чекланган миқдорини қайд этадиган ҳужжатларни олади: ТЧМ (ташламаларнинг йўл қўйиладиган чекланган миқдори), ОЧМ (очиқ сув ҳавзаларига оқаванинг йўл қўйиладиган чекланган миқдори), ЧЧМ (чиқиндилар пайдо бўлишининг йўл қўйи­ладиган чекланган миқ­дори ва уларни жойлаштириш лимити), КЭН (коммунал-экологик норматив – канализация тармоқларига оқаванинг йўл қўйиладиган чекланган миқдори). Агар фаолиятингиз экологияга мўътадил – норма доирасида таъсир кўрсатса, сизга Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси берилади.

«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (9.12.1992 йилдаги 754-XII-сон) 31 ва 32-моддалари, «Атмосфера ҳавосини муҳо­фаза қилиш тўғрисида»ги Қо­нуннинг (27.12.1996 йилдаги 353-I-сон) 13, 16, 17, 24 ва 29-моддаларига кўра барча корхоналар турғун ҳамда кўчма (автотранспорт) ифлослантириш манбалари ТЧМ нормаларига риоя этиши устидан, шунингдек очиқ сув ҳавзалари ва канализация тармоқларига ишлаб чиқариш оқава сувлари оқизилишини назорат қилишга мажбурдир (ВМнинг 3.02.2010 йилдаги «Коммунал хўжалиги тизимида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини яхшилашга ­доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 11-сон Қарори). Қонунбузарликларнинг олдини олиш учун исталган аккредитацияланган экотаҳлилий лаборатория билан шартнома тузиш тавсия қилинади, у ишлаб чиқариш чиқиндилари билан боғлиқ вазиятни назорат қилади, корхонадаги ифлослантириш манбалари – ташламалар, оқавалар ва чиқиндиларни жойлаштириш лимитларига риоя этилиши устидан идоравий назоратни амалга оширади.

Шундай бўлса-да, муайян вақт ўтганидан кейин омборларингизда «сийқа» шиналар тўпланиб қолади, батареяси ўтириб қолган аккумуляторлар, эски компьютерлар ва ташкилий техника қисмлари бутун бир хонани эгаллайди. Ўзининг истеъмол хоссаларини йўқотган, маънавий эскирган, яроқлилик муддати ўтган бошқа маҳсулотлар стеллажларнинг орқа токчаларидан ўрин олади. Бу бойликларнинг ҳаммасини қаерга қўйишни ҳеч ким аниқ билмайди. Бунинг устига, узоқ вақтдан бери сақланаётган ҳар қандай чиқиндилар бўйича ҳисобот топшириш ва компенсация тўловларини тўлаш керак, акс ҳолда салмоқли жарималар солиниши ҳам мумкин.

Ушбу масалани ҳал этиш учун Табиатни муҳофаза қи­лиш шаҳар (вилоят) ҳудудий қўмитасига хат ёзамиз. Унда нимадан ва қанча миқдорда халос бўлмоқчи эканлигимизни маълум қиламиз. Утиллаштиришга рухсат олиб, унинг мутахассислари чиқиндиларни йўқ қилиш усули ва жойини белгилайдилар, утилдан халос бўлишга шартнома тузиш мумкин бўлган ташкилотни тавсия қиладилар.

Агар қурилиш ахлати тўғ­рисида сўз борса, туманингиздаги «Махсустранс» ИЧБ ёки бошқа ихтисослашган компания катта бўлмаган ҳақ эвазига сизга 20 куб ҳажмдаги контейнерни юборади ва уни ўзи олиб чиқиб кетади.

Темир-терсак ва аккумуляторлардан халос бўлиш керак бўлса, уларни сиздан тайёрлаш ташкилотлари мамнуният билан сотиб олишади... Тўғри, сизнинг ҳисобингиздан олиб кетишади.

Қисмларга ажратилган ва болтлардан тозаланган ташкилий техника пластмассасини «Совпласт-Итал» ОАЖ ва шу соҳадаги бошқа ташкилотлар сотиб олади. Пул билан ҳақ тўлашларини кутиб ўтирманг, бироқ тушум суммасига яп-янги пластик маҳсулотни харид қила оласиз.

Эски автомобиль шиналари масаласи қийинроқ. Қонунга кўра чиқиндиларни йиғиш ва утиллаштириш харажатлари уларнинг мулкдори, яъни сизнинг корхонангиз зиммасига юкланади. Бироқ сиз улар ҳисобига пул ишлаб олишингиз ҳам мумкин – Тошкентда резина чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича бир нечта завод бор, улар «сийқа» шиналарингизни ҳақ эвазига сотиб олишади.

Аммо омборингизда ишлатилган энергия тежовчи ёки таркибида симоб бўлган кундузги ёритиш лампалари тўпланиб қолганлиги аниқланса – аҳвол ёмон. Улар хавфлиликнинг биринчи – энг юқори даражасига киритилади, чунки уларда таркибида 60 мг га қадар симоб бўлган моддалар бор. Ҳатто жуда оз миқдорда уларнинг герметик­лиги бузилса, сиз заҳарли симоб буғларидан нафас оласиз. Бундай «захиралар»ни аниқлаган экологлар жойга махсус ишлов беришлари – демеркуризация қилишлари керак. Бундай харажатларга йўл қўймаслик мақсадида лампаларни утиллаштириш учун «ASP SELTA» МЧЖ ёки «Neo Sun Light» ҚК МЧЖга топшириш ва уларнинг ҳар бири учун ҳақ тўлаш керак бўлади. Буни ихтиёрий равишда қилганингиз яхши, акс ҳолда мажбур қилишади. Бунинг устига жазолашади ҳам.

Агар корхонанинг чиқин­диларини интизомли тарзда ва ўз вақтида утиллаштирсангиз, сизни бонус – компенсация тўловларидан озод қилиш кутади. Фойда катта бўлмаса-да, кишига хуш ёқади!

Бухгалтернинг
экологик ташвишлари нозик жиҳатларини
Марина БАНОГИНА кузатди.

Прочитано: 2503 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика