Давлат божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари ҳаво йўллари орқали нақд хорижий валюталар, тилла ва заргарлик буюмлари, шунингдек ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олдини олишда доимо сергаклар.
Маълумки, амалдаги қонунчиликка биноан жисмоний шахслар республикамизга умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган фақатгина 5 тагача заргарлик буюмларини олиб киришлари мумкин. Аммо бу қоидага риоя қилишни хоҳламаган самарқандлик Ш.М. хоним эндиликда яширин равишда олиб киришга уринган қиймати 33 млн сўмдан ортиқ 169 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини ўрнатилган тартибда давлат фойдасига «топшириш»га мажбур бўлади.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизда резидентларга 2 000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишга рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.
Аммо мазкур тартибларга бўйсунишни истамаган пойтахтлик Ф.Ҳ. хонимга бу қилмиши қимматга тушди: «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари аёлни Франкфуртга парвози олдидан холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказишганда, унинг кийимлари остидаги қўлбола белбоғда божхона баённомасида қайд этилмаган 49 минг 390 АҚШ доллари борлиги аниқланди.
Республикамиз ҳудудидан ноёб ва маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ёки олиб кирилиши миллий ва халқаро қонунчиликка асосан тартибга солинади. Амалдаги тартибларга кўра, 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилишига йўл қўйилмайди. Агар маданий бойликларнинг мамлакатимиздан олиб чиқилиши ёки вақтинча олиб чиқилишига зарурат туғилса, бу ҳаракатлар Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Бадиий экспертиза бошқармаси хулосаси ва рухсати билан амалга оширилади (29.08.1998 йилдаги «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги 678-I-сон Қонунга биноан).
Шунга қарамай, айрим шахслар маданий бойликларимизни ҳеч қандай ҳужжатларсиз қинғир йўллар билан олиб чиқишга бўлган уринган ҳоллар учраб турибди. Жумладан, «Тошкент-Москва» йўналишидаги парвози олдидан Россия Федерацияси фуқароси Т.Таировнинг қўл юклари назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, ушбу шахс божхона баённомасида кўрсатилмаган 8 дона тасвирий санъат асарлари ва 12 дона фотосуратларни олиб чиқишга рухсат берувчи ҳужжатларни божхоначиларга тақдим қила олмади. Бадиий экспертиза бошқармаси хулосасига кўра таниқли рассомлар томонидан XX аср бошларида чизилган мазкур тасвирий санъат асарларининг умумий қиймати салкам 445 млн сўмни ташкил қилар экан.
2013 йилда республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 89 та божхона қонунбузарликларида 2 520 дона ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати.