1. Акциядорлик жамиятимиз 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, республика бўйича 11 филиалдан иборат эди. Кейинги 5 йил ичида бўлинмаларнинг молиявий аҳволи кескин ёмонлашди, улар банкротлик ҳолатида туришибди, бюджет олдида катта қарзлари бор. Иқтисодиётни соғломлаштириш учун акциядорларнинг умумий йиғилишида АЖни масъулияти чекланган жамиятга айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Акциядорлик жамиятимизда 460 нафар акциядор қайд этилган. Акциядорларнинг умумий йиғилишларида кўпи билан 50 киши иштирок этади, улар кворумнинг 67%ини ташкил қилади. Йиғилишда иштирок этиш учун хатлар барча акциядорларга жўнатилади. Уларни қидириб топиш учун ИИВ, адрес столларига, меросни расмийлаштириш учун вафот этган акциядорларнинг қариндошларига мурожаат қилдик, бироқ фойдаси бўлмади. Бугунги кунда уларнинг 350 нафари Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетган ёки яшаш жойларини ўзгартирган, бу ҳақда эса жамиятга ҳеч нарса маълум эмас. Акциядорларнинг умумий йиғилишларида 8 йилдан кўп вақт иштирок этмаётган ушбу акциядорларни АЖни МЧЖга айлантириш чоғида муассислар рўйхатидан қандай қилиб юридик жиҳатдан тўғри равишда чиқарса бўлади?
2. Филиалларга эга бўлган акциядорлик жамияти акцияларининг бозор қийматини қандай қилиб баҳолаш керак – акциядорлик жамиятининг консолидацияланган баланси бўйичами ёки эмитентнинг баланси бўйичами?
И.Мирҳусанов,
бошқарув раиси.
1. |
– «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун) 66-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ акциядорлик жамиятини (бундан кейин – АЖ) қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларнинг 3/4 қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарор қабул қилиш учун кворум мавжудлиги талабига риоя этиш муҳим – АЖнинг тарқатилган ва жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами 60%идан кўпига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) иштирок этиши шарт (АЖ тўғрисидаги Қонун 75-моддасининг биринчи қисми).
Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган акциядорларга АЖ акцияларининг 67%и тегишлилиги боис акциядорлар йиғилиши кворумга эга ва, тегишинча, қабул қилинган қарорлар қонуний ҳуқуққа эга бўлади. Шу билан бирга «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) билан иштирокчиларнинг энг кўп сони 50 нафар иштирокчи билан чекланганлигини таъкидлаш лозим. Бинобарин, АЖ масъулияти чекланган жамият (бундан кейин – МЧЖ) тарзида қайта ташкил этилган тақдирда МЧЖ иштирокчиси бўлиш ниятидаги акциядорларнинг сони 50 тадан ошмаслиги керак.
Шуни ҳам қайд этамизки, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, масъулияти чекланган жамиятнинг таъсис шартномаси жамиятнинг таъсис ҳужжати деб ҳисобланади. Таъсис шартномасини тузиш учун Фуқаролик кодексининг 1, 102, 107, 354, 364-моддалари ва МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 10-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этиш лозим. Қонун ҳужжатларининг мазкур талабларини бирор-бир акциядор учун унинг вакили ҳозир эмаслигида сиртдан бажариш мумкин эмас. Бинобарин, муассислар таркиби ва таъсис ҳужжатларини тасдиқлаган таъсис конференциясида иштирок этмаган акциядор МЧЖ муассиси бўла олмайди.
АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 44-моддасига мувофиқ овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар АЖ қайта ташкил этилганда, башарти акциядорлар қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинишига қарши овоз берган бўлсалар ёхуд бу масала бўйича овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлсалар, жамият томонидан уларга тегишли бўлган акцияларнинг (ҳаммаси ёки бир қисмининг) сотиб олинишини талаб қилишга ҳақлилар. Ўзларига тегишли акцияларни АЖнинг қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар рўйхати қайта ташкил этиш масаласи кун тартибига киритилган акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган жамият акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади. АЖ акцияларни бозор қиймати бўйича қайтариб сотиб олади, бу қийматни аниқлаш чоғида жамиятнинг акцияларни баҳолашни ва қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабаб бўладиган ҳаракати натижасида унинг қиймати ўзгариши ҳисобга олинмайди.
АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 45-моддасига кўра жамият акциядорларни ўзларига тегишли акцияларни жамият қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи борлигидан, қайтариб сотиб олиш баҳоси ва уни амалга ошириш тартибидан хабардор этиши шарт. Акциядорларнинг ўзларига қарашли акцияларни жамиятнинг қайтариб сотиб олиши тўғрисидаги талаблари акциядорлар умумий йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан 45 кун ичида жамиятга тақдим қилинмоғи лозим. Қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 45 кун ўтганидан сўнг АЖ қайтариб сотиб олиш талабини қўйган акциядорлардан акцияларни 30 кун ичида сотиб олиши шарт. АЖ акцияларни қайта ташкил этиш масаласини кун тартибига киритган ҳолда умумий йиғилиш ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган баҳода сотиб олади. АЖ қайта ташкил этилган тақдирда у қайтариб сотиб олган акциялар уларни қайтариб сотиб олиш чоғида муомаладан чиқарилади.
Баён этилганлар муносабати билан, агар АЖ акциядорга хабарномани қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда акциядорлар реестрига киритилган манзил бўйича юборган, бироқ акциядор акциядорларнинг умумий йиғилишида қайта ташкил этиш масаласини кўриб чиқишда иштирок этмаган ва ўзига тегишли бўлган акцияларни қайтариб сотиб олиш талабини қўймаган бўлса, қайта ташкил этиш натижасида янги юзага келган жамиятнинг акциядор олдидаги унга тегишли бўлган акцияларнинг қийматини қоплаш бўйича қарзи сақланади. Ушбу мақсадда АЖ депозитарийга акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қайта ташкил этиш тўғрисида қабул қилинган қарор ва қайта ташкил этиш натижасида янги юзага келган жамият акциядор олдидаги унга тегишли бўлган акциялар қийматини қоплаш бўйича қарзини сақлаб қолган акциядорларнинг рўйхати билан мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.
Сиз кўрсатган муаммони ҳал этишга доир бундай ёндашув Акциядорлик жамиятларининг устав фондларини қонун ҳужжатлари талаб қиладиган миқдорга етказиш ёки акциядорлик жамиятларини бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга (мулкчиликнинг хусусий шаклига) айлантириш бўйича услубий тавсияларда (Давлат мулки қўмитаси ҳамда Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан 2.12.2008 йилда 04/12-2240-сон ва 1.12.2008 йилда 04/29-611-сон билан тасдиқланган) ҳам баён этилган.
Абдураҳмон БАХТИЕВ,
юрист-экспертимиз.
2. |
– Акцияларнинг бозор қиймати 9-сон Мол-мулкни баҳолаш миллий стандарти (МБМС) «Бизнес қийматини баҳолаш» (Давлат мулки қўмитасининг АВ томонидан 28.10.2009 йилда 2026-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) талабларига мувофиқ баҳоланади, чунки акция – акциядорларга корхонанинг мол-мулкида улуш олиш ҳуқуқини берадиган улушли қимматли қоғоздир.
АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 46-моддасига кўра мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун мустақил баҳоловчи жалб этилиши мумкин. Бунда жамият акциядорлардан уларга тегишли акцияларни АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ қайтариб сотиб олган тақдирда мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун мустақил баҳоловчини жалб этиш мажбурий бўлади.
Акциядорлардан қайтариб сотиб олиш мақсадида акцияларнинг бозор қийматини баҳолаш чоғида баҳоловчи баҳолашга даромадли, қиёсий ва харажатли ёндашувларни қўллаши (ёки қўллашни рад этишини асослаши) керак. Даромадли ёндашув билан баҳолаш учун баҳоловчи келгусида ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда акциядорларга дивидендлар тўлаш тўғрисидаги маълумотлар ёки илгариги жамият фаолиятининг самарадорлиги тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиши мумкин. Қиёсий ёндашув билан баҳолаш учун баҳоловчи Фонд биржасининг мазкур ёки худди шундай жамиятлар акциялари сотуви тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиши мумкин. Битта оддий акциянинг бозор қийматини харажатли ёндашув билан баҳолаш учун баҳоловчи мавжуд филиаллар, шуъба корхоналари ва бошқа инвестицияларни ҳисобга олган ҳолда корхонанинг барча соф активлари бозор қийматини белгилайди, чунки буларнинг ҳаммаси корхонанинг мол-мулки бўлиб, акциядорлар ундаги улушга даъво қиладилар. Бироқ бу ерда жамият активларнинг ҳам, акцияларнинг ҳам ликвидлилигига, шунингдек акциядорлар ўртасида улушларни тақсимлашга эътибор қаратиш керак бўлади.
Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ, жамият акцияларни қайтариб сотиб олишга ажратадиган маблағларнинг умумий суммаси акциядорларда ўзларига қарашли акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабабчи бўлган қарор қабул қилинган кундаги жамият соф активлари қийматининг 10%идан ошиб кетиши мумкин эмас. Қайтариб сотиб олиш талаби қўйилган акцияларнинг умумий сони жамият юқорида белгиланган чеклашларни инобатга олган ҳолда қайтариб сотиб олиши мумкин бўлган акциялар сонидан ошиб кетган тақдирда акциядорлардан акциялар қўйилган талабларга мутаносиб равишда қайтариб сотиб олинади. АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 34-моддасига мувофиқ, жамият соф активларининг қиймати бухгалтерия ҳисоб-китоб маълумотлари бўйича белгиланган тартибда, яъни активлар айирув мажбуриятлар тарзида баҳоланади.
Марина ВАНИНА,
«Grant Thornton Valuation»
халқаро баҳолаш компанияси бошқаруви раиси, CIPA.