Norma.uz

Яхшилашнинг кечи йўқ

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

2013 йил 12 декабрда туман ДСИ ходимлари ёзув-чизув қурол­ларини чакана сотиш билан шуғулланадиган «Р» МЧЖда қисқа муддатли солиқ текширувини ўтказдилар. Унинг натижаларига кўра тузилган далолатномада кўрсатилишича, «Р» МЧЖ кассири харидорга 122 000 сўмга чек бермаган. Бундан ташқари, текширувда топилган раҳбарнинг кундалик қайд дафтарида иккиламчи бухгалтерия маълумотлари акс эттирилган, уларга кўра банкка 145 122 000 сўм инкассация қилинмаган экан.

Қисқа муддатли текширув материалларини кўриб чиқиб, ўтган йилнинг 27 декабрида ДСИ «Р» МЧЖга нисбатан Солиқ кодекси (СК) 119-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ – 122 000 сўмлик суммага чек ёки квитанция тақдим этмаганлик учун ЭКИҲнинг 30 баравари миқдорида (2 745 900 сўм);

СКнинг 114-моддаси биринчи қисмига мувофиқ – товарларни реализация қилишдан келиб тушган нақд пул тушуми тўғрисидаги маълумотларни НКМ хотирасида ёки квитанциялар китобида акс эттирмаганлик учун 145 122 000 сўмлик кирим қилинмаган ва инкассация қилинмаган тушум миқдорида молиявий жазо қўллаш тўғрисида қарор чиқарди.

147 867 900 сўм миқдоридаги молиявий жазо ихтиёрий тарзда тўланмагани боис 2014 йил 20 январда туман ДСИ «Р» МЧЖ устидан даъво билан Тошкент шаҳар хўжалик судига мурожаат қилди.

 

ДАЪВОГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Суд мажлисида туман ДСИ вакили даъво талабларини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва суддан умумий миқдори 147 867 900 сўм бўлган молиявий жазо суммасини мажбурий тартибда ундиришни сўради, чунки ҳуқуқбузарлик аниқланган ва унга доир ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтда камроқ миқдорда жазо чораларини белгилайдиган «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон) ҳали амалга киритилмаган эди.

 

ЖАВОБГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Суд мажлисида жавобгарнинг вакили 122 000 сўмга чек ёки квитанция тақдим этмаганлиги учун ўзига нисбатан ЭКИҲнинг 30 баравари миқдорида жазо чорасининг қўлланишига эътироз билдирмади. Шунингдек у инкассация қилинмаган тушум суммасининг 20%и миқдорида жарима тўлашга тайёрлигини маълум қилди, чунки 25.12.2013 йилда ЎРҚ-359-сон Қонун қабул қилинган эди. ЎРҚ-359-сон Қонун 1-моддасининг 6-бандига кўра товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилишдан тушумни яширганлик (пасайтирганлик) товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан яширилган (пасайтирилган) тушум суммасининг 20%и миқдорида жарима солишга олиб келади.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Тарафларнинг вакилларини тинглаб, иш материалларини ўрганиб, ҳар бирининг далилларини алоҳида ва жамликда баҳолаб, суд ўзининг қарори билан қуйидаги асосларга амал қилган ҳолда туман ДСИ талаб­ларини қисман қондирди.

Хўжалик процессуал кодексининг (ХПК) 12-моддасига кў­ра хўжалик суди низоларни Ўз­бекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.

2013 йил 25 декабрда ЎРҚ-359-сон Қонун қабул қилинган, у 2014 йил 1 январдан кучга кирган ва мазкур ишни кўриш пайтида амал қилган. ЎРҚ-359-сон Қонун 1-моддасининг 6-бандига кўра СКнинг 114-моддаси янгидан та­ҳрир қилинди: «Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади». Шу тариқа, СК 144-моддасининг янги таҳририда назарда тутилган жазо чораси ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда амал қилган модда билан қиёслаганда жавобгарликни юмшатади.

СКнинг 3-моддаси учинчи қис­мига кўра солиқ тўғрисидаги қо­нун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга.

Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг Умумий қисмини қўл­лашнинг баъзи масалалари тўғ­рисида»ги қарорида (18.06.2010 йилдаги 210-сон) ту­шунтирилишича, СКнинг 3-мод­даси учинчи қисмига мувофиқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳуж­жатларини бузганлик учун жа­вобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғри­сидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эгадир. Шу муносабат билан хўжалик судлари солиқ тўловчиларга ҳу­қуқий таъсир чораларини қўл­лаш билан боғлиқ ишларни кў­раётганда ҳуқуқбузарликни содир этиш вақ­тида амал қилган солиқ тўғ­рисида­ги қонун ҳуж­жатларини ишни кў­риш пайтида амал қилган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари би­лан тақ­қослаган ҳолда, солиқ тўғ­рисидаги қо­нун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бартараф этадиган ёки юмшатадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашлари керак (ОХС Пленумининг 210-сон қарори 5-бандининг тўртинчи хатбошиси).

Юқорида баён этилганлар асосида ва ХПКнинг 95, 135, 138-моддаларига амал қилиб, суд туман ДСИнинг даъво талабларини қисман қондириб, «Р» МЧЖга нисбатан СКнинг 119-модда­си биринчи қисмига мувофиқ 2 745 900 сўм ва СКнинг 114-моддасига мувофиқ 29 024 400 сўм миқдорида молиявий жазо чораларини қўллади.

 

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 2225 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика