Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 9 / Бизнинг маслаҳатлар

Автотранспортга ЯИТ ҳисобланмайди

Бизнинг асосий фаолиятимиз аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш ҳисобланади. 2012 йил давомида ходимларимиз сони ўртача 150 кишини ташкил этиб, улардан 133 нафари ҳайдовчи ва усталар, 17 нафари маъмурий бошқарув ходимларидир. Ҳар куни ўртача 10-15 та транспорт воситасининг техник ҳолати йўловчиларни ташиш учун яроқсиз бўлиб туради. Қиш ойларида бу кўрсаткич 20-25 тагача етиши, баъзан ундан ҳам ошиб кетиши мумкин. Корхонамиз фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида яроқсиз ҳолга келган транспорт воситаларининг ўрнига ўз фойдамиз ҳисобидан қўшимча бир нечта автотранспорт воситаларини харид қилдик ва тегишли лицензиялар олдик.

2013 йил май ойида корхонамизда режадан ташқари текширув ўтказилди. Унинг якуни бўйича далолатнома расмийлаштирилди. Текширувда ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори жамиятда ҳақиқатда ишлайдиган ходимлар сонига қараб эмас, жамиятнинг автотранспорт воситалари сонига қараб ҳар бири учун ЭКИҲнинг бир баравари миқдорида ҳисобланди. Ушбу далолатномага ўз эътирозларимизни билдирганимиздан кейин 10 кун ўтиб, бошқа асослар кўрсатилган ҳолда, аммо худди шу миқдордаги қўшимча ҳисобланган солиқлар билан янги далолатнома пайдо бўлди (бу далолатнома рўйхатга олинмаган) ва шунга асосланиб, ДСИнинг қарори ҳам қабул қилинди.

Ушбу ҳолатлар оқибатида юзага келган қуйидаги саволларимизга экспертлар хулоса беришини сўраймиз:

Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш базаси ходимларга тўланган иш ҳақидан келиб чиқадими ёки автотранспорт воситалари сониданми?

Текширув тугаганидан кейин 10 кун ўтгач, янги далолатномани рўйхатга олмасдан ижрога қаратиш мумкинми?

Д.Мамаджанов,

«Автохизмат» МЧЖ таъсисчиси.

 

– Корхонадаги автотранспорт воситалари унинг мулки ҳисобланади ва агар корхона умумбелгиланган солиқларни тўловчиси бўлса, ушбу автотранспорт воситалари юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи объекти бўлади. Мол-мулкнинг кўп ёки кам бўлиши ягона ижтимоий тўлов базасига таъсир қилмайди.

Корхонадаги автотранспорт воситаларининг ягона ижтимоий тўлов объекти ҳисобланиши Ўзбекистон Республикасининг солиққа оид қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган.

Тўғри, Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (ДСҚ ва МВнинг АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) билан корхонанинг ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари белгилаб берилган. Ушбу Низом талабларидан келиб чиқиб, ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёри бўйича ЯИТга қўшимча солиқ ҳисобланади. Лекин шуни таъкидлаш лозимки, ушбу Низом талаблари аҳолига транспорт хизматини кўрсатувчи корхоналарга эмас, фақатгина чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш корхоналарига тааллуқли.

Бундай корхоналар учун ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) билан тартибга солинади.

Корхонанинг ҳар бир лицензияланган ёки лицензия­ланмаган автотранспорт воситаси учун биттадан ходим тўғри келиши кераклиги ҳақида меъёр йўқ. Ундан ташқари, корхонанинг автотранспортига бериладиган лицензияда ҳам фақатгина автотранспорт русуми ва давлат рақами кўрсатилади ва унга алоҳида бир ходим бириктирилмайди.

Солиқ текшируви натижалари Солиқ кодексининг 101-моддасига асосан расмийлаштирилади. Яъни агар солиқ текшируви тугалланганида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган бўлмаса, бу ҳақда солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

Шуни таъкидлаш ўринлики, солиқ текшируви далолатномасига солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлган ва Солиқ кодекси билан белгиланган ҳужжатларнинг нусхалари, солиқ текшируви доирасида содир этилган ҳаракатлар тўғрисидаги баённомалар, инвентаризация далолатномалари, экспертларнинг хулосаси, солиқ текшируви ўтказиш пайтида олинган материаллар, шунингдек солиқ текшируви доирасида ҳаракатлар содир этилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар қўшиб қўйилиши лозим.

Солиқ текшируви материаллари белгиланган тартибда солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органида солиқ текшируви тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Далолатнома рўйхатдан ўтказилмагунича у юридик кучга эга бўлган ҳужжат ҳисобланмайди ва солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан ҳам рўйхатга олинмаган далолатнома материаллари бўйича иш юритилмайди. Демакки, рўйхатга олинмаган далолатнома қонуний кучга эга бўлмайди.

Жавобни «Soliq Kalkulyatori» СМТ эксперти

Мурод МуҳаммаджОнов тайёрлади.

Прочитано: 2961 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика