Молия вазирининг АВ томонидан 17.03.2012 йилда 2343-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган Низомда назарда тутилган тартибда солиқ маслаҳатчиларининг малакасини ҳар йили ошириш солиқ маслаҳати беришнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
Солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсининг тасдиқланган дастурига кўра ўқитувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари томонидан солиқ маслаҳатчиларининг малакаси оширилади. Унда солиқ маслаҳатчилари қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар билан танишадилар, уларнинг профессионал фаолияти соҳасида юзага келадиган муаммоли масалалар ечимини излайдилар.
Малака ошириш таълим муассасаси ва солиқ маслаҳатчиси ёки солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Уларнинг малакасини ошириш ҳар йили 1 апрелга қадар амалга оширилади. Ушбу муддатларни билиш солиқ маслаҳатчисининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини назорат қилиш учун зарур.
1-МИСОЛ. Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини 2012 йил 21 июнда олди. У ўз малакасини 2013 йил 1 апрелгача ошириши керак эди.
2-МИСОЛ. Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини 2013 йил 30 декабрда олди. У ўз малакасини 2014 йил 1 апрелгача ошириши керак бўлади.
3-МИСОЛ. Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини 2014 йил 18 мартда олди. У ўз малакасини 2015 йил 1 апрелгача ошириши керак.
Малака ошириш курсларини тугатгандан кейин солиқ маслаҳатчилари белгиланган муддатда Молия вазирлигига малака ошириш курсларини ўтаганликлари тўғрисида ахборот тақдим этишлари керак.
Унга малака ошириш курсини ўтказган таълим муассасасининг белгиси қўйилган ҳолда солиқ маслаҳатчиси малака сертификатининг нусхаси илова қилинади.
Белгиланган тартибда ҳар йилги малака оширишдан ўтмаганлик солиқ маслаҳатчиси малака сертификатининг амал қилишини бекор қилиш учун асос ҳисобланади. Чунончи, ушбу сабабга кўра Молия вазирлигининг 17.07.2013 йилдаги 97-сон буйруғига биноан тўрт нафар солиқ маслаҳатчиси малака сертификатларининг амал қилиши тўхтатилди. Мазкур ҳолда улар белгиланган тартибда ваколатли давлат органига малака сертификатини олиш тўғрисида ариза беришлари керак.
Ҳулкар ТОЖИЕВА,
Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни
таъминлаш сектори бош иқтисодчиси.