Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 9 / Айёмингиз муборак, муҳтарама аёллар!

Аёллар тадбиркорлиги – давримиз зайли

Бундан қарийб ўн йиллар олдин республика миқёсидаги тадбирлардан бирида «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўз фаолиятининг тақдимотини ўтказаётганда ассоциациянинг Тошкент вилояти бўйича бўлими фаолияти хусусида гапириб беришни сўраб унинг раҳбарига сўз беришди. Шунда нотиқни таништираётган республика ассоциациянинг раиси «энди сўзни ташкилотимизнинг ўта камгап ва камтарин аъзоларидан бири, ҳозирда «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ассоциациясининг Тошкент вилояти бўлими раиси Гулнора Маҳмудовага берамиз» дея тавсиф берган эди. Ҳақиқатан ҳам минбарга чиққан аёл бир қарашда журъатсиздек туюлар, паст овозда нутқ ирод қиларди. Лекин у ўзи раҳбарлик қилаётган бўлимнинг ишлари ҳақида атрофлича, ишонарли тарзда гапиргандан кейин бу журъатсизлик эмас, фақат аёлларга хос назокатнинг ўзи бўлса керак деган фикр ўтди хаёлимдан. Бугунги суҳбатимиз «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг раиси Гулнора Ғуломназаровна МАҲМУДОВА билан бўлди.

 

– Гулнора опа, Сиз раҳбарлик қилаётган ассоциация бозор иқти­содиёти шароитларига қан­чалик мослашиб фаолият кўр­сатаётгани ҳақида қисқача гапириб берсангиз.

– «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси дастлаб ташкил этилишидаёқ бозор муносабатларининг меваси сифатида майдонга чиққан. Эсласангиз, ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида илк кооперативлар, хусусий мулкчилик шаклидаги корхоналар барпо этила бошлаганди. Хўжалик юритишнинг ана шу йилларда ноанъанавий ҳисобланган усуллари куртак ота бошлаган кезларда аҳолимизда хусусий ишга қўл уриш хоҳиш-истаклари вужудга келди, шу жумладан ўзбекистонлик аёлларда ҳам бир қадар ижтимоий-иқтисодий фаоллик кузатилди. Бозор шароитларига изчил кириб борилаётган бир паллада, яъни 1991 йилнинг июнида бизнинг ташкилотга асос солинди ва у Марказий Осиёдаги энг дастлабки аёллар нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Ассоциациямиз ҳаёти ва фаолиятини бозор муносабатларисиз тасаввур қилиб бўлмайди, менимча. Сабаби ташкилотимизнинг асосий фаолият йўналиши ҳам аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳимоялаш, уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, молиявий ресурслардан фойдаланишини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир. Бунинг учун биз аёлларнинг бозор муносабатларини шакллантириш жараёнида иштирок этиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий ва иқтисодий имкониятларини яхшилашнинг институционал юридик механизмларини барпо этишни ўз вазифамиз деб биламиз.

Бозор муносабатлари ҳар қандай кишидан бўлгани каби аёллардан ҳам бозор кўникмаларига эга бўлиш, бизнесни муваффақиятли юритиш кўникмаларини эгаллашни талаб қилади. Шунинг учун Ассоциациямиз ўз фаолиятида таълим соҳасига катта эътибор бериб келади. Ўтган йил мобайнида республикамизнинг 7 000 нафардан ортиқ тадбиркорликни бошламоқчи бўлган хотин-қизлари бизнес асосларига ўқитилдилар. 2 500 нафардан зиёд вақтинча ишсиз аёл меҳнат бозорида харидоргир бўлган касб-ҳунарга йўналтирилди.

Ҳар бир иш унинг ҳадисини ўрга­нишлик билан камолига етади. Хотин-қизларимизни бизнес кўник­маларига ўқитиш ишлари фаолиятимизнинг асосий қисми ҳисоблангани учун ушбу тадбирларни мудом давом эттириб келмоқдамиз. Масалан, Ассоциациямизнинг Қорақалпоғистонда ва вилоятлардаги бўлимлари қошида аёлларни бизнес асосларига ўқитадиган ва юридик маслаҳатлар берадиган марказлар очилган. Бу марказларда Ўзбекистон қонунчилигига оид электрон кутубхона ҳам мавжуд. Бундан ташқари, ҳудудий бўлимларда тадбиркорлик алифбоси, бизнеснинг ҳуқуқий асослари юзасидан семинарлар, тренинглар ўтказиш изчил йўлга қўйилган.

– Ассоциациянгиз давлат дастурларида ҳам иштирок этиб келади. Ана шу йўналишда амалга оширилган ишларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Албатта, ўтган йиллар мобайнида Ассоциациямиз ўзининг таъсир доираси ва кенг кўламдаги ишлари билан республикамиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида эътиборли нуфузга эга бўлди. Давлат томонидан бизга эътибор берилаётгани, давлат дастурларига жалб этилаётганимизнинг сабаби ҳам шунда. Ўтган йили Ассоциациямиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида хайрли ишга қўл урди: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз коллежларини битирувчи қизлар тадбиркорликка кенг жалб этилди. «Устоз-шогирд» анъанаси бўйича тадбиркорликни шакллантириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган мазкур тадбиримизда 837 нафар коллеж битирувчилари хусусий бизнес субъектларида иш бошлашди ёки ўз хусусий ишларини очдилар. Ёш тадбиркор қизлар реал секторда иш бошлашидан олдин эса Ассоциациямиз ижтимоий буюртма доирасида уларга тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш учун бизнес-режа тузишда маслаҳатлар берди, бошланғич сармояни шакллантириш учун микрокредитлар олишда кўмаклашди ва кредит маблағидан самарали фойдаланиш бўйича тренинглар ўтказди.

Ўтган йили Ассоциациямиз томонидан учта йирик лойиҳа амалга оширилди. «Тадбиркорликни ривожлантириш омиллари ва муаммолари» лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча минтақаларида Ассоциациямиз аъзолари ва барча тадбиркорлик тузилмалари иштирокида қишлоқ аёллари тадбиркорлигини янада ривожлантириш учун халақит бераётган айрим ижтимоий-иқтисодий муаммолар аниқланиб, улар бартараф этилишига кўмаклашилди ва 323 нафардан ортиқ аёлга кредит олиниши, бино-иншоотлар қуриш учун ер ажратилиши, маҳсулотларини экспорт қилиши учун кўмаклашилди.

Республикамиз жуда катта туристик салоҳиятга эга мамлакатлардан ҳисоб­ланиши ҳеч кимга сир эмас. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 800 дан зиёд дам олиш индустрияси корхонаси, 500 дан ортиқ меҳмонхона, кўплаб сайёҳлик базалари, кемпинглар фаолият кўрсатаяпти. Хоразм вилояти ҳам мамлакатимизнинг сайёҳларни энг кўп жалб этадиган воҳаларидандир. Президентимизнинг 2012 йил 25 октябрдаги «Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини, инфратузилмаси ва туризм соҳасини ривожлантириш, ободончиликни ва аҳоли сув таъминотини тубдан яхшилаш бўйича комплекс дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тўғрисида» Ф-3921-сон фармойишининг қабул қилиниши ҳам бежиз эмас албатта. «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ассоциацияси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 сентябрда қабул қилинган «Хоразм вилоятида туристик инфратузилманинг қўшимча объектларини  барпо  этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 261-сон қарори ижросини амалга оширишда ҳам фаол иштирок этди. Ушбу вилоятда ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилишга йўналтирилган қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ассоциациямиз республиканинг турли ҳудудларидаги аъзоларидан 40 нафар аёл билан Хоразм вилоятига ташриф буюрдик. Тадбиркор аёлларимиз воҳадаги давлат мулкининг бўш турган объектларини инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан сотиб олишда иштирок этдилар. Масалан, фарғоналик тадбиркор аёлимиз Хоразмда бўш турган объектни сотиб олиб, энг замонавий технологияларни ишга солган ҳолда бу ерда иссиқхона қуришни режалаштирмоқда. Бунинг учун техник асослантирувчи ҳужжатлар ҳам тузиб бўлинди.

Қашқадарёлик бошқа тадбиркор аёли­миз эса харид нархи «0 қийматида бўлган иншоотни ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида сотиб олишни мўлжаллаган. Бугунги кунда баъзи ҳужжатлаштириш ишлари пайсалга солинаётгани туфайли бу иш бироз орқага сурилиб келинмоқда. Лекин ўйлайманки, биз бу масалани тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосида ишлаган ҳолда ижобий ҳал этамиз.

Ана шу Давлат дастурини амалга оширишда иштирок этиб, биз ҳам Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини, инфратузилмаси ва туризм соҳасини ривожлантиришга, бу ерга қўшимча инвестициялар киритилишига ҳисса қўшмоқчимиз, ҳам аёлларимизга хусусий бизнесларини ташкил этишда кўмаклашмоқчимиз.

– Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги бугунги кунда бутун дунёда кузатилади. Бунга Сиз дунёнинг кўплаб мамлакатларига қилган меҳнат сафарларингизда ҳам иқрор бўлаётган бўлсангиз керак. Ана шу дунё хотин-қизларининг ҳамжамиятида бизнинг «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси қандай мавқега эга деб ўйлайсиз?

– «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясини Халқаро аёллар ассамблеяси, Профессионал аёллар ассоциацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти аъзоси сифатида деярли барча тараққий этган дунё мамлакатларида яхши танишади, шу туфайли тадбиркор аёлларнинг халқаро бизнес анжуманларида, аёллар тадбиркорлиги, гендер масалалари ва бошқа мавзулардаги тадбирларда иштирок этиш учун таклиф қилишади. Бу йил ҳам апрель ойида Ҳиндистонда бўладиган йирик халқаро анжуманда иштирок этиш учун таклиф этилганмиз, биз учун кўргазма залидан алоҳида жой ажратилган бўлиб, Ассоциациямизнинг 15 нафар вакиласи бу юртда мамлакатимиз тадбиркор аёлларининг салоҳиятини намойиш этиб келишади. Сентябрь ойида Таиландда ҳам шундай тақдимотда иштирок этиш режаларимиз бор. Шу вақтгача Ассоциациямиз вакиллари 200 дан ортиқ халқаро конференцияларда иштирок этди. Бизнинг Ассоциация ҳақида БМТ Тараққиёт дастурининг «Инсоннинг ривожланиши тўғрисида»ги маърузасида, Жаҳон банкининг маърузаларида илиқ гаплар айтилганлиги ташкилотимизни дунёда яхши танишларидан ҳам далолат беради.

«Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ассоциациясини республикамиз ҳукумати ўзининг «2005–2010 йилларга мўлжалланган аҳолининг фаровонлигини ошириш стратегияси» оралиқ ҳисоботида Ўзбекистонда ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашувчи ташкилот сифатида эътироф этгани ҳам бизга катта куч-қувват бағишлайди.

Қолаверса, Ассоциациямизнинг қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш соҳасидаги фаолияти ҳам самарадорлиги билан ажралиб туради. Хусусан, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги қонунлар, ҳукуматнинг бир қатор қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар бевосита Уюшмамиз қонун ташаббускорлиги асосида амалга оширилган. Бугунги кунда Олий Мажлиснинг Сенатида 2 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида 4 нафар депутат, халқ депутатларининг жойлардаги кенгашларида 20 нафар депутат бевосита бизнинг Уюшма аъзолари ҳисобланишини ҳам мамнуният билан таъкидласак арзийди.

– Сиз билан суҳбатимиз 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бўлиб ўтмоқда. Шу туфайли опа-сингилларимизга айтадиган истак ва тилакларингизни билмоқчи эдик...

– Бизнинг Ўзбекистон аёллари доимо ҳар бир эзгу иш-амалда илғор бўлиб келганликлари тарих зарварақларидан маълум ва машҳур. Биринчи навбатда, аёл бу Она, Уй бекасидир. Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий жабҳада фаол бўлиши учун уларда эркакларга нисбатан икки карра кўпроқ куч-қувват, матонат ва билим бўлиши талаб этилади, сабаби улар катта кеманинг икки қанотини маҳкам тутишларига тўғри келади. Ана шу машаққатли вазифани бажаришда аёлларимизга матонат, ишларида омадлар, оилаларига бахт-саодат тилаб қоламан!

 

.

 

                                                                               Маълумотнома

«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси:

ташкил этилганидан буён 100 000 нафардан зиёд хотин-қизлар орасида таълим дастурларини ўтказди;

40 000 нафар аёл касбий кўникмаларга ўқитилди, уларнинг 80%и ишга жойлаштирилди, шу жумладан касаначилик меҳнатига жалб этилди;

30 000 нафар аёл бизнес кўникмаларига ўқитилди, уларнинг 75%и ўз бизнесига эга;

4 000 нафар аёл етакчилик кўникмаларига ўқитилди.

Халқаро эътироф:

«Энг яхши шериклик лойиҳаси» номинацияси бўйича БМТнинг UNIFEM мукофоти (2000 йил);

«Касбга ўқитиш ва микрокредитлаш орқали аёлларнинг иқтисодий мақомини оширишга кўмаклашиш» БМТнинг UN-HABITAT мукофоти (2005 йил);

«Иш ўринларини ташкил этиш ва касбий таълим бериш» номинацияси бўйича БМТнинг AGFUND мукофоти (2006 йил).

«СБХ» мухбири Нодир АЛИМОВ
суҳбатлашди

Прочитано: 6010 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика