Корхонамиз автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Техник хизматларга ҳисобварақ-фактура ёзамиз, сарфлаш материалларини эса бажарилган ишлар далолатномасида кўрсатамиз. Биз уларга ишончнома талаб қилишимиз керакми?
А.Иванова.
– Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомга1 кўра ишончномалар етказиб берувчи томонидан шартнома ва бошқа битимлар бўйича бериладиган товар-моддий бойликларни олишга берилади (Низомнинг 4-банди).
Ишончли шахс бойликларни олгандан сўнг топшириқ бажарилганлиги ва у олган товар-моддий бойликлар омборга (омборхонага) топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни корхона бухгалтериясига ёки тегишли моддий жавобгар шахсга тақдим этиши шарт (Низомнинг 8-банди).
Сизнинг ҳолатингизда сарфлаш материалларидан фойдаланилган ишлар (хизматлар) шартнома предмети ҳисобланади. Сизнинг ишларингиз (хизматларингиз) истеъмолчиси уларни ТМБ сифатида кирим қилмайди.
Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг2 16-бандида назарда тутилишича, «ишончнома бўйича товар олиш» тўғрисида белги уларнинг ҳақиқатда олинганлиги далолатномалар, маълумотномалар ёки бошқа шундай ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар бўйича тўлдирилмайди.
Сарфлаш материаллари бажарилган ишлар далолатномасида санаб ўтилганлиги сабабли уларни олишга ишончномани талаб қилиш керак эмас.
1Молия вазирининг АВ томонидан 27.05.2003 йилда 1245-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова.
Мария САБИРОВА, экспертимиз.