Корхонамизнинг ягона солиқ тўлови тўловчиси таъсисчилар умумий йиғилиши қарори ҳамда ҳисобдан чиқариш далолатномасига асосан биз тўлиқ амортизацияланган асосий воситаларни тугатмоқдамиз. 2014 йил 1 январда улар 28 350 минг сўмлик тиклаш қиймати, 28 350 минг сўмлик жамғарилган эскириш, 4 750 минг сўмлик қайта баҳолаш сальдосига эга эди. Биз уларни тугатиш учун утиллаштириш билан шуғулланадиган корхонага бердик. Утиллаштириш натижасида олинган темир-терсак ва кейинчалик фойдаланиш учун яроқли деталлар учун корхона бизнинг ҳисобрақамимизга 650 минг сўм ўтказди.
Биз асосий воситаларни ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда корхона балансидан ҳисобдан чиқариш учун қандай бухгалтерия ёзувлари қилишимиз кераклигини кўрсатиб берсангиз, умуман корхона бундай операцияларни амалга оширганда қандай ўтказмаларни амалга ошириши лозим.
Ойдин Фахриддинова,
МЧЖ бош бухгалтери.
Сурхондарё вилояти.
– Асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқаришда Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 1401-сон Низом) 2-параграфига амал қилиш керак. Асосий воситалар қуйидаги ҳолларда уларни тугатиш муносабати билан балансдан ҳисобдан чиқарилиши мумкин:
а) белгиланган хизмат муддати тугаганидан (тўлиқ эскириш ҳисоблаб ёзилганидан) кейин;
б) жисмоний эскириш, ҳалокатлар, табиий офатлар, фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитларини бузиш оқибатида яроқсиз ҳолга келганлари;
в) маънан эскирганлари;
г) тегишли давлат органларининг қарорлари бўйича чиқиб кетадиганлари;
д) корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан чиқиб кетадиганлари.
Тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган асосий воситалар тугатилиши керак.
Асосий воситаларни тугатишдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), мазкур объектни тугатишга доир харажатлар ва яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар қиймати ҳисобга олинган ҳолда, ҳисобдан чиқарилаётган асосий воситаларнинг дастлабки (тиклаш) қиймати билан жамланган эскириш ўртасидаги резерв капиталини ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳоланган суммаларнинг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилган фарқ сифатида аниқланади.
Бухгалтерия ҳисобида асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш 9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи орқали расмийлаштирилади.
Унитар, давлат ва бошқа корхона ҳамда ташкилотларда асосий воситаларни сотиш муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқариш бухгалтерия ҳисобида 21-сон БҲМСга асосан акс эттирилади:
а) асосий воситаларнинг сотилган (реализация) қиймати суммасига:
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар» ҳисобварағи дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
б) қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб ёзганда:
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзлар (турлари бўйича)» ҳисобварағи кредити;
в) асосий воситаларнинг дастлабки қийматини ҳисобдан чиқарганда:
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
асосий воситаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ (0100) кредити;
г) асосий воситаларнинг жамланган эскиришини ҳисобдан чиқарганда:
асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи ҳисобварақ (0200) дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи кредити;
д) сотиш бўйича харажатлар суммасига:
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
материаллар (1000), меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар (6700), суғурта ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларни ҳисобга олувчи (6500) ҳисобварақлар ва бошқа тегишли ҳисобварақлар кредити;
е) резерв капиталини ҳисобга олувчи ҳисобварақларда ҳисобга олинадиган асосий воситаларнинг ушбу объектини қайта баҳолаш натижалари суммасига (сальдога):
8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағи дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи кредити;
ж) асосий воситаларни сотишдан олинган фойда суммасига:
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган фойда» ҳисобварағи кредити;
з) асосий воситаларни сотишдан кўрилган зарар суммасига:
9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи кредити.
Солиқ кодексининг 356-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига асосан, тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадлар чегириб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум ЯСТ учун солиқ солинадиган база ҳисобланади.
Юқорида назарда тутилган ЯСТ бўйича имтиёз – солиқ солинадиган базанинг тўлиқ амортизацияланган асосий воситаларни реализация қилишдан (тугатишдан) олинадиган даромадларга камайтирилиши – бухгалтерия ҳисобига таъсир қилмайди.
Асосий воситаларни тугатишдан молиявий натижа дастлабки (тиклаш) қиймат билан ҳисоблаб ёзилган эскириш ўртасидаги, тугатиш харажатлари ҳамда яроқли деталлар ва материаллар қийматини ҳисобга олган ҳолда, мазкур асосий воситаларни қайта баҳолаш сальдосига тузатилган фарқ сифатида аниқланади.
Сизнинг ҳолатингизда тугатиш натижасида корхона темир-терсаклар ва кейинчалик фойдаланиш учун яроқли деталларни топширишда даромад олган. Унга 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағи кредити бўйича мазкур объектни қайта баҳолаш сальдоси ҳам киритилади.
Сиз тақдим этган маълумотлар бўйича ЯСТ солинмайдиган даромад суммаси 5 400 минг сўмга (28 350 – 28 350 + 4 750 + 650) тенг, мазкур операция 21-сон БҲМСга асосан қуйидагича ифодаланади:
Т/р |
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма |
Ҳисобварақлар корреспонденцияси |
|
дебет |
кредит |
|||
1 |
Тугатилаётган асосий воситанинг тиклаш қиймати ҳисобдан чиқарилган |
28 350 |
9210 |
0100 |
2 |
Жамғарилган эскириш ҳисобдан чиқарилган |
28 350 |
0200 |
9210 |
3 |
Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилган |
4 750 |
8510 |
9210 |
4 |
Утиллаштиришдан даромад олинган |
650 |
4890, 5110 |
9210, 4890 |
5 |
Асосий воситани тугатишдан олинган фойда акс эттирилган |
5 400 |
9210 |
9310 |
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланди.