Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда «Солиқ ва божхона хабарлари» – «Налоговые и таможенные вести» газеталари таҳририяти томонидан ташкил этилган давра суҳбати ана шу мавзуга бағишланди. Унда сенаторлар, Молия вазирлигининг мутахассислари, журналистлар қатнашдилар.
Давра суҳбатини мамлакатимиз Парламенти юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси А.С.Алтиев очди. Маърузачиларни йўналтирган ҳолда у мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барқарор суръатларини таъминлашда солиқ ва бюджет дастакларини тўғри қўллаш аҳамиятига эътиборни қаратди.
«Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг бош муҳаррири Ф.С.Қурбонбоев давра суҳбати мавзусининг долзарблигини қайд этиб ўтди. Бу мавзуни бевосита ёритувчи журналистлар газетхонларнинг солиқ солиш масалаларига қизиқиши қанчалик юқорилигини ўз тажрибаларидан биладилар. Ҳар йилнинг охири ва бошида эса бу қизиқиш янада ортади. Бунинг сабаби аён – мамлакатимиз бизнес ҳамжамияти ва аҳолисини давлат бюджети билан ўзаро муносабатлар қандай бўлиши қизиқтиради. Шу сабабдан бу йил ўзининг йигирма йиллигини нишонлайдиган «Солиқ ва божхона хабарлари» ва «Налоговые и таможенные вести» молиявий-иқтисодий ҳафталик газеталари йил бошида солиқ тўловчиларни солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг янги талаблари билан таништириш ва уларни шарҳлашни асосий вазифалари деб биладилар.
Ушбу маърифий фаолиятда журналистларга Олий Мажлиснинг иккала палатаси аъзолари, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа соҳага оид идоралар мутахассислари катта ёрдам берадилар. Бугунги давра суҳбатининг ўтказилиши қонун ижодкорлиги ва қонунни ижро этиш жараёнининг очиқ-ошкоралигини таъминлашга хизмат қилади.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзолари Қ.Я.Эргашев ва Қ.Ш.Туйчиев ижтимоий соҳани давлат бюджети ҳисобидан молиялаш, фермерликни ривожлантиришни ҳамда қишлоқ хўжалигини тараққий эттиришни солиқлар воситасида рағбатлантиришнинг аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.
Ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва янгилаш, кичик ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлашнинг солиқ ва бюджет рағбатлантируви мавзусини Молия вазирлиги бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ш.Ж.Муяссаров ўз чиқишида кўтарди.
Молия вазирлиги ўқув маркази ходими А.Эргашевнинг 2014–2015 йилларда тажриба тариқасида амалга киритилаётган қонун ҳужжати – Бюджет кодексининг аҳамиятига бағишланган маърузаси мажлис иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Давра суҳбатига якун ясар экан, «Налоговые и таможенные вести» газетасининг бош муҳаррири М.М.Перпер унинг иштирокчиларига жонли мулоқот учун миннатдорчилик билдириб, қонун ижодкорлари ва журналистларнинг шу каби қизиқарли ва фойдали ҳамкорликлари давом этишига умид билдирди.
Солиқ-бюджет сиёсати мамлакатимиз
Абдурашид АЛТИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси:
– Маълумки, ўтган йилнинг охирида Олий Мажлис Сенати мамлакатимизнинг 2014 йил учун бюджети ва Ўзбекистон солиқ тизимини янада ривожлантиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатларини кўриб чиқди ва маъқуллади.
Улар қаторида «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонунлар бор. Ушбу ва бошқа қонун ҳужжатлари мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мос бўлиб, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиши шарт-шароитларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хусусан, Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар хўжалик юритувчи субъектлар ва бутун иқтисодиёт зиммасига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлашга ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган.
Ушбу муҳим ҳужжат асосида ётувчи солиқ сиёсати кичик ва хусусий бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга, фуқароларнинг даромадларини оширишга ва уларнинг харид қилиш қобилиятини кўтаришга йўналтирилган.
Солиқ юкини янада камайтириш бўйича энг муҳим чора-тадбирлар сифатида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи базавий ставкасининг 9 фоиздан 8 фоизга туширилганини айтиш мумкин. Натижада юридик шахслар ихтиёрида қўшимча 130 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ қолади. Бундан ташқари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солиш шкаласининг энг кам ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтирилиб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобидан 1 фоиз миқдоридаги маблағларни фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиш тартиби сақлаб қолинди.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида 2013 йилда мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда мутаносибликка эришгани, модернизация ва диверсификация ҳисобидан юқори суръатлар билан ривожлангани қайд этилди.
Мажлисда давлатимиз раҳбари белгилаган 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини амалга оширишда ушбу йил учун ишлаб чиқилган солиқ-бюджет сиёсати муҳим роль ўйнайди.
2014 йилда иқтисодиётимизда солиқ юкини камайтириш бўйича янги солиқ имтиёзларини жорий этиш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа субъектларига тақдим этилган муддатли солиқ имтиёзларининг амал қилиш даврини узайтириш билан бирга, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиб, умуман солиқ имтиёзлари тизимини оптималлаштиришга қаратилган чоралар кўрилади.
Президентимиз солиқ имтиёзлари тизимини бозор иқтисодиётининг асосий принципларидан бўлмиш эркин рақобат принципи билан боғлаб, таъкидладиларки, «Кескин рақобат шароитида солиқ имтиёзлари ва протекционистик чоралар ҳисобидан яшаш мумкин, деган нотўғри қараш миямизга чуқур ўрнашиб қолган.
Бундай чоралар, аввало, корхоналар манфаатига зарар етказиб, уларнинг даромадини камайтириш билан бирга, давлат бюджетига сезиларли равишда зиён етказиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Энг муҳими, ҳар қандай имтиёз ва преференциянинг умри узоқ эмаслигини эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.
Фақат шундай имтиёз ва преференцияларга таяниб қолган корхоналар очиқ иқтисодиёт шароитида хорижий компаниялар билан нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобатлаша олмайди».
2014 йилда мамлакатимиз молия тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг кучга киришидир.
Бюджет кодекси бутун бюджет жараёнини (Давлат бюджетини шакллантириш, тасдиқлаш, ижро этишни ҳамда назоратни таъминлашни) ягона ва яхлит қонун ҳужжатида тизимлаштиришни, Давлат бюджетини ҳам, бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларни ҳам тартибга солишнинг ягона принципларини қўлланишни, бюджет жараёни барча қатнашчиларининг ваколатларини ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмларини белгилашни, шунингдек, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириб, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар манбаларини мустаҳкамлашни, барча даражалардаги бюджетлар ўртасида ваколатларни тақсимлашни ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини назарда тутади.
Бюджет кодексида бюджетлар параметрлари ҳамда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ижроси тўғрисидаги маълумотларни расмий сайтда чоп этиш назарда тутилганлиги ҳам ушбу янги қонун ҳужжатининг демократик, ошкоралик принципларига асосланганидан далолатдир.
Қурақбой ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:
– Давлатимизнинг 2014 йилги Давлат бюджети ва умуман солиқ-бюджет сиёсати макроиқтисодий барқарорликни ҳамда мамлакат ЯИМнинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, диверсификация қилинган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш билан бирга аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилганлиги билан стратегик аҳамиятга эга.
2014 йилги солиқ сиёсати ва мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати бўлмиш Давлат бюджети ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қилинадиган харажатларни кўпайтириш, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва спортни молиялаштиришни давом эттириш ва бу борада давлат маблағларининг самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган. Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуришга, шу жумладан қишлоқ жойларда барпо этилаётган янги турар жой массивлари учун автомобиль йўллари, сув таъминоти объектларини ва бошқа ижтимоий объектлар қуришга зарур маблағлар йўналтирилади.
Янги иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлиб қолмоқда.
2013 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бу иш ўринларининг 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди. Бу борада кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди.
Ўтган йили касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди. Ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди.
Мамлакатимиз парламенти томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ 2014 йилда салкам 1 миллион иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Жорий йилда меҳнат соҳасига қарийб 500 минг нафар ёш йигит-қизлар – 2-3 тадан мутахассисликни ва иш кўникмаларини эгаллаган, олган билимларини иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида, хизматлар ва бошқарув жабҳасида қўллашга тайёр бўлган касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари кириб келади.
Мамлакатимизда қишлоқ аҳоли пунктларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қуриш, қишлоқда моҳият эътибори билан янги инфратузилмани шакллантириш ҳисобидан қишлоқ аҳлининг ҳаётини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2009 йилдан бошлаб 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар асосида 900 дан ортиқ янги уй-жой массивлари барпо этилди, умумий майдони 4 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 33 минг 500 дан зиёд якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди. 732 километр асфальт қилинган автомобиль йўллари, мингдан ортиқ ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилди.
Жорий йилда давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилади.
2014 йилда таълим-тарбия соҳасида 380 та умумтаълим мактаби ҳамда 161 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 410 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтириш мўлжалланмоқда; 34 та олий ўқув муассасасида қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун 173 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, 51 миллиард сўм маблағ ҳисобидан мамлакатимиздаги 17 та олий ўқув юртида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ этиш ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари 2014 йилда ҳам доимий эътибор марказида бўлиб қолади. Хусусан, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган маблағлар 407 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этади ёки уларнинг ҳажми қарийб 30 фоизга ортади. Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг 28 миллион АҚШ долларидан ортиқ имтиёзли кредитларини жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Давлат бюджети маблағларининг катта қисми ижтимоий соҳага йўналтирилганлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш мақсадида ушбу маблағлардан оқилона фойдаланишни тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг бюджет ташкилотларининг бюджет интизомига риоя этишига оид назорат-таҳлил тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. 2013 йилнинг тўртинчи чорагида ўтказилган бундай тадбирлар давомида бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ қатор молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
Бюджет интизомига қатъий риоя этишни ва бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлашда Бюджет кодексининг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Қудратали ТУЙЧИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:
– Давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг 17 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида қишлоқ хўжалигида кенг кўламли ўзгаришлар ва сифат жиҳатдан янгиланишлар юз бераётгани ҳақида сўз юритиб, ушбу соҳада юксак натижаларга эришишда, аввало, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асосий шакли сифатида фермерликни йўлга қўйганимиз ва унинг ривожи учун кенг имкониятлар очиб берганимиз ҳал қилувчи роль ўйнади, деб таъкидладилар. Фермерлар қишлоқларимизнинг таянч устунидир, деди Юртбошимиз.
Албатта, бундай бўлишига фермер хўжаликлари самарали фаолият юритиш учун ўз ихтиёрида узоқ муддатли ижара асосидаги етарлича экин майдонларига эга бўлиши, уларга давлат томонидан моддий-техник, имтиёзли кредитлар бобида кўмак берилиши билан бир қаторда, уларга солиқ бобида ҳам имтиёзлар берилиши муҳим омил бўлмоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрда қабул қилинган «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонуни билан фермерларнинг солиқ имтиёзлари янада кенгайди.
Масалан, 2014 йилга қадар ягона ер солиғи тўловчилари (асосан фермер хўжаликлари) ягона ер солиғидан ташқари, бюджетдан ташқари Пенсия ва Республика йўл жамғармаларига ҳамда бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига (кейинги ўринларда – Мактаб жамғармаси) мажбурий ажратмалар тўлаб келган. 2014 йил 1 январдан бошлаб эса мазкур Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга асосан ягона ер солиғи тўловчилари ушбу мажбурий ажратмалар тўловчилари бўлиб ҳисобланмайдилар.
2013 йилда фермер хўжаликлари маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар) реализацияси ҳажмидан Пенсия жамғармасига 1,6 фоиз, Республика йўл ҳамда Мактаб жамғармаларига тегишлича 1,4 фоиз ва 0,5 фоиз мажбурий ажратмалар тўлаб келганларини ҳисобга олсак, 2014 йилдан уларга тақдим этилган солиқ енгилликлари қанчалик салмоқли эканлигини тушуниш қийин эмас.
Маълумки, ер ва сув ресурслари бўйича имкониятларимиз чекланганини ҳисобга олиб, юртимизда қишлоқ хўжалигини интенсив асосда ривожлантириш, ушбу соҳага юксак самарали замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва сувдан оқилона фойдаланиш устувор вазифалардандир. Ушбу вазифани бажаришни рағбатлантириш мақсадида Солиқ кодексининг 367-моддасига мувофиқ юридик шахслар, ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган бўлса, ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб 5 йил муддатга ягона ер солиғини тўлашдан озод қилинади. Ушбу норма Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Солиқ кодексига киритилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сўнгги пайтда тақдим этилган муҳим имтиёзлардан биридир.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилган мазкур солиқ имтиёзлари давлатимизда фермерларга бўлган доимий эътибор, уларнинг манфаати ҳақида ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришга улкан омил бўлмоқда.
Шуҳрат МУЯССАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари:
– Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сон қарори билан 2014 йил учун солиқ сиёсатининг асосий вазифалари белгилаб берилди.
2014 йилдан бошлаб юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга пасайтирилди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қуйи шкаласи бўйича солиқ ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга туширилди, мос равишда ижтимоий суғурта бадали ставкаси 6 фоиздан 6,5 фоизга оширилиб, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини янада оширишга катта эътибор қаратилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга солинадиган солиқ ставкалари асосан 2013 йил даражасида сақлаб қолинган ҳолда қишлоқ жойларида газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси жорий йил 1 январдан бошлаб ЭКИҲнинг 2 бараваридан 0,5 бараварига пасайтирилди. Қолаверса, қатъий белгиланган солиқ ставкаси йил бошида амал қилган ЭКИҲ миқдоридан келиб чиқиб аниқланадиган ва йил давомида ЭКИҲ миқдори ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўриб чиқилмаслиги қоидаси сақлаб қолинган.
Жорий йилдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан нотурар жойларни ва автомобиль транспортини ижарага беришда, солиқ солиш мақсадида уларнинг ижара ҳақининг энг кам ставкалари ўрнатилди.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ривожлантириш мақсадида айрим солиқ имтиёзларининг муддатлари узайтирилди. Хусусан, уй шароитида халқ бадиий ҳунармандлиги ва амалий санъати буюмлари ишлаб чиқарадиган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий корхонага белгиланган солиқ имтиёзлари 2017 йилнинг 1 январигача, меҳнат шартномаси асосида касаначиларга тўланадиган маблағларга тенг миқдорда меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилиш 2019 йилнинг 1 январигача узайтирилди.
Хўжалик юритувчи субъектлар учун муҳим ўзгаришлардан бири шундан иборатки, Солиқ кодексининг 48-моддаси иккинчи қисмига киритилган тўлдиришга мувофиқ, эндиликда қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг депозит ҳисобварақларига ўтказилган тақдирда ҳам солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти бажарилган деб ҳисобланадиган бўлди. Бунинг учун солиқ тўловчи тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини давлат солиқ хизмати органларига тақдим этишлари кифоя.
Тадбиркорларга енгиллик яратган меъёрлардан яна бири Солиқ кодекси 114-моддасининг янги таҳририда ўз ифодасини топган. Бунда эски таҳрир бўйича агар товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумларни яшириш (камайтириб кўрсатиш) учун ушбу яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солиниши кўзда тутилган бўлса, эндиликда яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солинадиган ва ушбу суммага нисбатан қўшимча солиқ ҳисобланадиган бўлди.
Солиқ кодексига киритилган эътиборли қўшимчалардан яна бири унинг «Бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар» деб номланувчи XVI1 бўлим билан тўлдирилгани бўлди. Унда солиқ тўловчилар, солиқ солиш объекти ва солиқ солинадиган база, мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқариш, уларнинг ҳисоб-китобини тақдим этиш ва уларни тўлаш тартиби каби меъёрлар белгилаб берилди. Илгари мазкур жамғармага мажбурий ажратмаларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинар эди.
Келтирилган мисолларнинг ўзи ҳам солиқларнинг рағбатлантирувчи вазифаси муваффақиятли амалга ошириб борилаётганидан далолат беради.
Алижон ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўқув маркази ходими:
– Давлат сиёсатининг асосий дастакларидан бири бўлмиш Давлат бюджетини тартибга солиш мамлакат иқтисодий муносабатларида муҳим ўрин тутади. Давлат молиясини бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этиш, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш ва бюджет ҳисоби ва ҳисоботини халқаро андозаларга мувофиқ тарзда ҳаётга татбиқ этиш мақсадларини назарда тутувчи ҳужжат сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 28 августда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2013 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси маъқулланди.
Бюджет кодекси Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш, ижро этиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш ҳамда бюджет ҳисобини юритиш ва ҳисоботи соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. У мазкур соҳадаги мамлакатнинг асосий қонунларини, шу жумладан «Бюджет тизими тўғрисида» ва «Давлат бюджетининг ғазначилик ижроси тўғрисида»ги қонунларни яхлитлайди, турли қонуности ҳужжатларида назарда тутилган меъёр ва қоидаларни тизимлаштиради ҳамда мувофиқлаштиради, бюджет қонунчилигида фойдаланиладиган аниқ тушунча ва таърифларни беради, янги усуллар ва дастакларни бюджет жараёнига жорий этиш, шунингдек халқаро стандартлар ва меъёрларни мослаштириш учун асос яратади.
Мазкур Кодекс бюджет жараёни иштирокчиларини, шунингдек ундан фойдаланувчиларни бюджет тизими ва бюджет жараёни тўғрисидаги ҳар томонлама салмоқли ва ишончли ахборот билан таъминлай олувчи ҳужжат бўлди.
Бюджет кодексига кўра бюджет жараёнини тартибга солишнинг ягона принциплари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ҳам, давлат мақсадли жамғармаларига ҳам қўлланилади. Ҳужжатда Давлат бюджетига давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари қамраб олинган. Бюджет тизими тушунчалари бойитилди ва аниқлаштирилди, энг муҳими бюджет тизими принципларига қўшимча 4 принцип киритилди: бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланишнинг натижадорлиги, кассанинг ягоналиги, бюджет жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги, очиқлик принциплари. Бу эса, бир томондан, Натижага Йўналтирилган Бюджетни жорий қилиш учун шарт-шароит яратса, иккинчи томондан, миллий бюджет тизимининг халқаро стандартлар билан мувофиқлигини таъминлайди.
Бюджетлараро муносабатлар тизими такомиллаштирилиб, қонуний мустаҳкамланди, барча бюджет жараёни иштирокчиларининг ваколатлари батафсил акс эттирилди. Бюджет ижроси қисмида тасдиқланган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тасдиқланган параметрларига ўзгартириш киритиш тартиби соддалаштирилди.
Бир сўз билан айтганда, Бюджет кодекси жойларда ресурсларни қайта тақсимлаш ва уларнинг даромад салоҳиятини мустаҳкамлашнинг барқарор ҳамда самарали механизмини таъминлайди, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар учун бюджетдан маблағ олишларини асословчи харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш ва ижро этиш ҳамда улар олдига қўйилган вазифаларни бажаришнинг аниқ ва равшан қоидаларини белгилайди.
Бюджет кодексида назарда тутилган меъёр ва қоидаларнинг реализация қилиниши бюджет жараёнининг барча босқич ва даражаларида ягона ҳуқуқий нормалар қўлланилишини ва бир хил ёндашувни таъминлайди ҳамда бюджет жараёнининг барча қатнашчилари ишини енгиллаштиради. Шу тариқа Давлат бюджети маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашга эришилади, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини сифатли ва самарали бажариш мумкин бўлади.
Кодексда белгиланишича, бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури улар томонидан 3 йилдан кам бўлмаган давр учун тузилади (88-модда). Бу меъёр бюджет харажатларини бюджетдан маблағ олувчиларнинг фаолияти натижалари билан боғлашни таъминлайди. Бюджетни ўртача муддатга режалаштириш принципларини жорий этиш учун асос яратилади.
Шу билан биргаликда Бюджет кодексини эксперимент тариқасида 2014–2015 йиллар давомида уни апробация қилиш шарти билан унинг нормалари амал қилиши ва самарадорлигини мунтазам равишда ҳамда ҳар томонлама мониторинг ва таҳлил қилиш, зарур бўлган ҳолларда, айрим нормаларини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни киритиш имкониятларини беради.