Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан soliq.uz сайти орқали ёки (8 371) 244-97-15 телефон рақамига қўнғироқ қилган ҳолда тўғридан-тўғри Давлат солиқ қўмитаси раисига мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қилди.
Ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, ижроси назоратга олинади. Мурожаатлардаги ҳолатлар ўз тасдиғини топган тақдирда, айбдорларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилиб, мурожаат этувчига белгиланган тартибда жавоб юборилади.
Ушбу хизмат Президентимиз томонидан жорий йилнинг 17 январида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Мурожаатларнинг кўриб чиқилиш натижалари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш учун мурожаат этувчи ўзи ҳақида қуйидаги маълумотларни қолдириши талаб этилади.
Юридик шахслар:
юридик шахс номи, СТИР;
мурожаат этувчининг исм-шарифи ва телефон рақами.
Жисмоний шахслар:
мурожаат этувчининг исм-шарифи;
манзили ва телефон рақами.
Мурожаат этувчининг шахси Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 13 декабрдаги «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг 13 ва 14-моддаларига мувофиқ ошкор этилмайди.
soliq.uz сайти ахбороти
асосида тайёрланди.