Хўжалик юритувчи субъектларга хизмат кўрсатадиган барча банклар ойнинг биринчи иш кунида ишламайдилар, буни олдинги ой якунларини чиқариш билан асослайдилар. Агар у жума кунига тўғри келса, солиқларни ўтказиш ва иш ҳақи олиш учун 3 кун кутиш керак бўлади.
Бундай ҳолларда ходимларга иш ҳақини жорий ойнинг охирида олиш ва тарқатиш мумкинми? Бу Солиқ кодексига ёки бошқа меъёрий ҳужжатларга зид бўлмайдими?
– Меҳнат кодексининг 161-моддасига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқноманинг (МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.10.2005 йилда 1518-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 35, 36-бандларида назарда тутилишича, юридик шахслар билан меҳнатга ҳақ тўлаш учун пул беришнинг аниқ муддатларини келишиш пайтида банклар юридик шахсларга жамоа шартномалари ёки бошқа локал меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган меҳнатга ҳақ тўлаш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, пул беришни ойдаги кунларга мумкин қадар бир меъёрда тақсимлаш зарурлигини ҳисобга оладилар.
Юқорида айтилган Йўриқноманинг 40-бандига кўра тўлаш муддатлари дам олиш ёки байрам кунларига тўғри келиб қолганида меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда стипендиялар учун нақд пуллар банклар томонидан иш кунидан бир кун олдин берилади. Агар, албатта, сиз ойнинг охирги кунига ходимларга иш ҳақини ҳисоблаб ёзган, бюджетга тўловларни тўлаган ва банкдан нақд пулни ойнинг 30 (31)-кунига олишга касса буюртманомасини берган бўлсангиз. Бундан ташқари, ушбу шарт корхонангизнинг жамоа шартномасида қайд этилган бўлиши керак. Ана шунда сиз ходимларга иш ҳақини жорий ойнинг охирида бера оласиз. Ушбу ҳаракат солиқ тўғрисидаги ёки бошқа қонун ҳужжатлари бузилишига олиб келмайди.
Мария САБИРОВА,
экспертимиз.