Ходим хизмат енгил автомобилида 3 кунлик хизмат сафарига юборилди. Йўлда бир неча марта АЁҚШда ўз ҳисобидан бензин сотиб олган, унинг чекларини тақдим этди.
Ходимга хизмат сафари вақтида қилинган, хизмат енгил автомобили учун бензин харажатлари қандай қопланади?
– Аввало хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ (фармойиш)да умумбелгиланган ахборот билан бир қаторда хизмат енгил автомобилидан фойдаланиш ва унинг рақами сингари шартларни кўрсатиш керак. Шунингдек хизмат сафарига юборилган ходимни тахминий масофани ҳисобга олган ҳолда автомобилга бензин қуйиш учун маблағ (ана шу мақсадларга банк орқали олинган нақд пул, корпоратив пластик карточка) билан таъминлаш тавсия қилинади.
Ходим турар жой ижараси, хизмат сафари жойига бориш ва иш жойига қайтиш учун ҳақ тўлашга ўз маблағидан фойдаланганда, шунингдек хизмат сафари билан боғлиқ бўлган қўшимча харажатлар (телефонда гаплашиш, телеграф, почта жўнатмалари ва бошқалар) қилганда, башарти уларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, қопланади (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқноманинг 9-банди, МВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган). Улар корхона харажатлари ҳисобланади ва жисмоний шахсларнинг шахсий харажатлари сифатида қаралмайди.
Хизмат автомобилига хизмат сафарида қуйиш учун сотиб олинган бензин чеклари ходимнинг йўлкира харажатларини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланиб, улар қопланиши керак.
Ноила МУҚМИНОВА,
экспертимиз.