Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 6 / Солиқ солиш

Ишончнома 3 ой муддатга берилса бўлади

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхонамиздан доимий равишда товар-моддий бойликларни сотиб олувчи харидоримиз бизга ёзма мурожаат билан чиқди, хатнинг мазмунига асосан, харидоримиз биз ишлаб чиқарган товарларни харид қилиш давомида ҳар гал ишончнома тақдим этмасликни сўраган. Яъни, доимий харидоримиз ҳар бир юкхатга ишончнома расмийлаштирмасдан балки 3 ой давомида товарлар олиш мумкин бўлган 1 та ҳужжатни ёзишни таклиф қилмоқда.

Тушунтириб берсангиз, товар олиш учун ишончномани 3 ойга расмийлаштирса бўладими? Ушбу тартиб қайси меъёрий ҳужжатларда акс эттирилган?

Барно Йўлдошева,

корхона раҳбари.

Қашқадарё вилояти.

 

– Фуқаролик кодексининг 139-моддасига асосан ишончнома кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб 1 йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Нотариус томонидан тас­диқланиб, Ўзбекистон Респуб­ликасидан ташқарида ҳаракат­лар­ни амалга оширишга мўл­жалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақ­лайди.

Хусусан, Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 27.05.2003 йилда 1245-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 1245-сон Низом) товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби белгиланган.

Жумладан, корхона томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда етказиб берувчилардан товар-моддий бойликларни олиш учун ишончли шахсга берилган ёзма ваколат ишончнома деб тан олинади. Ишончли шахс унга ишончнома бўйича берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қилади.

Ишончномалар етказиб берувчи томонидан шартнома ва бошқа битимлар бўйича бериладиган товар-моддий бойликларни олишга берилади.

Ишончли шахс талаб этилаётган товар-моддий бойликларни бир жойдан (бир омбордан) олишида унга битта ишончнома берилади. Бироқ бир неча шарт­нома ва бошқа битимлар бўйича олиши лозим бўлган ҳолатларда унга шартнома ва бошқа битимларнинг рақам ва саналари кўрсатилган битта ишончнома ёки агар товар-моддий бойлик­лар бир неча омбордан олиниши керак бўлса, бир нечта ишончномалар берилади.

Агар ишончномада кўрса­тилган жўнатиш ҳужжатида (шартнома ва шу кабиларда) олиниши керак бўлган товар-моддий бойликлар номи ва сони келтирилмаган бўлса ёки ишончнома бўйича жўнатиш ҳужжатларида келтирилган товар-моддий бойликларнинг фақат бир қисмигина олинса, ишончномаларни ёзишда олиниши керак бўлган моддий бойликлар рўйхати, шунингдек агар ишончнома бўйича жўнатиш ҳужжатларида кўрсатилган барча товар-моддий бойликлар номи ва сони олинса ҳам олиниши керак бўлган моддий бойликлар рўйхати тўлдирилади, унда ишончноманинг орқа томонини бойликлар рўйхати билан тўлдирмаса ҳам бўлади. Бундай ҳолда ишончноманинг ушбу қисмида жўнатиш ҳужжатининг номи, рақами ва санаси, шунингдек олинадиган товар-моддий бойликларнинг умумий суммаси кўрсатилади.

1245-Низомнинг 6-бандига кўра ишончноманинг амал қилиш муддати у асосида ишончнома берилган шартномалар ва бошқа битимлар бўйича тегишли бойликларни олиш ва олиб чиқиб кетиш имкониятига боғлиқ равишда белгиланади.

Ишончли шахсни унга берилган, амал қилиш муддати ҳали тугамаган ишончномалар бўйича бойликларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чоғида товар-моддий бойликларни олувчи дарҳол тегишли ишончномаларнинг бекор қилинганлиги ҳақида етказиб берувчини хабардор қилади. Бундай хабарнома олинган пайтдан бошлаб бекор қилинган ишончнома бўйича бойликларни бериш тўхтатилади. Бундай ҳолларда бекор қилинган шартномалар бўйича бойликларни берганлик учун етказиб берувчи жавобгар бўлади.

Ишончли шахс бойликларни олгандан сўнг топшириқлар бажарилганлиги ва у олган товар-моддий бойликлар омборга (омборхонага) топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни корхона бухгалтериясига ёки тегишли моддий жавобгар шахсга тақдим этиши шарт.

Фойдаланилмаган ишончномалар амал қилиш муддати тугаган кундан кейинги санада уни берган корхонага қайтарилиши керак.

Корхона ишончномалари бўйича товар-моддий бойликларни бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилмайди:

а) тўлдириш тартибини бузган ҳолда ёки тўлдирилмаган реквизитлар билан берилган ишончномалар тақдим этилганда;

б) тузатилган ва бўялган жойлари мавжуд бўлган ишончномалар тақдим этилганда;

в) ишончномада кўрсатилган пас­порт тақдим этилмаганда;

г) ишончнома берилган муддат тугаганда;

д) қабул қилиб олувчидан ишончнома бекор қилинганлиги тўғрисида хабар олинганда;

е) унинг номидан ишончнома берилган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилганда;

ж) ишончли шахс лаёқатсиз, чек­ланган лаёқатли деб тан олин­ганда.

Шу тариқа, сизнинг ҳолатин­гизда товар олиш учун битта ишончномани 3 ойга расмийлаштирса бўлади.

 

Жавоблар «Soliq Kalkulyatori»

солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланди.

 

Прочитано: 10316 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика