Бизнинг МЧЖ шаклидаги корхонамиз ягона солиқ тўлови ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўлайди, лойдан хом ашё сифатида (ўзининг эҳтиёжлари учун) фойдаланиб, соғ тупроқ жинсидаги лойдан оддий М-75 керамик ғиштини тайёрлайди, солиқларни тайёр (қазиб олинган) маҳсулот таннархидан келиб чиқиб ҳисоблаймиз.
«СТРОМ» ИТваИМ институтида менга қазиб олиш ҳажмини қандай қилиб ҳисоблаш бобида маслаҳат беришди. Оддий М-75 ғишти учун – 2,7 коэффициенти, қалин М-100 ғишти учун – 3,2 коэффициенти қўлланилади.
Қуйидаги мисолда соғ тупроқ лойини қазиб олиш (тайёр маҳсулот) таннархи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни қандай қилиб тўғри ҳисоблаш кераклигини тушунтириб берсангиз.
Жами 755 500 дона ғишт тайёрланган.
755 500 х 2,7 / 1 000 = 2 039,85 куб метр.
Қазиб олиш харажатлари 3 900 600 сўмни ташкил этди;
ишчиларнинг иш ҳақи – 2 400 000 сўм;
ЯИТ – 600 000 сўм;
қўлқопларни ҳисобдан чиқариш – 600 000 сўм;
АВ (экскаватор) эскириши – 100 000 сўм;
дизель ёқилғисини ҳисобдан чиқариш – 800 000 сўм.
Солиқ ставкаси 3,5%ни ташкил этади.
– Солиқ кодекси (бундан кейин – СК) 245-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ тайёр маҳсулот (унинг бир қисми) бошқа тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун хом ашё бўлган ёки қайта ишлаб ҳосил қилинган маҳсулотдан ўзининг ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилган ҳолларда бундай маҳсулот учун солиқ солинадиган база кавлаб олинган (ажратиб олинган) тайёр маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Саволингиздан аён бўлишича, корхона ғишт-черепица хом ашёсини (қумоқ тупроқ, соғ тупроқ жинслари, соғ тупроқ, юпқалаштирувчи сифатида қум ва бошқалар) қазиб олиш учун карьерга эга бўлиб, ундан керамик (қизил) ғишт ишлаб чиқариш учун фойдаланади. Шу сабабли у қазиб олинган ғишт-черепица хом ашёсининг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўлаши керак.
Сизнинг маълумотларингизга кўра (агар улар тўғри ҳисобланган бўлса), қазиб олинган ғишт-черепица хом ашёсининг ишлаб чиқариш таннархи 4 500 000 сўмни (2 400 000 + 600 000 + 600 000 + 100 000 + 800 000) ташкил қилади. Тегишинча, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 157 500 сўмга (4 500 000 х 3,5 / 100) тенг.
ИТваИМ институтининг маълумотларига кўра 2 039,85 куб метр миқдорида белгиланган қазиб олиш ҳажми унчалик аниқ эмас. Ушбу назарий ҳисоб-китобда ғиштларни ташиш, тозалаш, куйдириш, уларнинг синиши ва бошқа ҳолларда лойнинг йўқолиши ҳисобга олинмаган. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисоб-китобда ғишт-черепица хом ашёсини қазиб олишнинг ҳақиқатдаги ҳажми (тонна, куб метр) кўрсатилиши керак. Ушбу маълумотлар карьерингиз фойдали қазилмаси захираларини ҳисобга олиш ва уларнинг ҳаракати бўйича журнал ёки маркшейдерлик асосида суратга олиш маълумотларига қараб тўлдирилади.
Виктор КИМ,
экспертимиз.