Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 38 / Бизнинг маслаҳатлар

Таълим олиш учун имконият ва имтиёз

1. Ўзбекистон банклари республика олий ўқув юртларида контракт асосида ўқиётганларга йиллик қанча фоиз билан кредит беришади ва у қандай ҳисоб-китоб қилинади?

2. Бундай кредитга солиқ имтиёзи беришнинг тартиби қандай? Имтиёз фақат кредит суммасини қоплаш учун бериладими ёки унинг фоизларини тўлашга ҳамми?

У.Якубова. 

 

1. Бу масалани Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низом (ВМнинг 26.07.2001 йилдаги 318-сон Қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринда – 318-сон Низом) тартибга солади.

Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан тўлов-контракт асосида ўқиш учун олий ўқув юртларига қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади. Кредит фақат олий ўқув юртида бакалавриатнинг 1-курсидан ўқишни бошлайдиган шахсларни ўқитишга берилади.

Вазирликлар Маҳкамасининг 26.07.2001 йилдаги «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун тaълим кредитлари бериш тўғрисида»ги 318-сон Қарорининг 4-бандига кўра тижорат банклари таълим кредитлари учун фоиз ставкаси миқдорини Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорларда мустақил равишда белгилайдилар. Бу ставка 2014 йил учун – йиллик 10 фоиз. Бунда МБнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгарган тақдирда, фоиз ставкаси ва таълим кредити бўйича фоизли тўловлар суммаси ўзгариши мумкин, бу қоида кредит шартномасида назарда тутилади.

Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кредит суммаси ва белгиланган фоиз ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бунда фоизларни ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш банк томонидан таълим муассасасига кредит суммаси ўтказилган пайтдан бошланади, кредит маблағлари кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Фоизлар қарз олувчи томонидан кредит шартномасида қайд этилган шартларда тўланади.

Асосий қарз талаба олий ўқув юртини расмий тугатганидан кейин 3 ой ўтгач кредит шартномасида қайд этилиши керак бўлган шартларда қайтарилади. Лекин шуни эътиборга олиш керакки, асосий қарз ҳар ойда, қарз қолдиғи суммасининг ойлик фоизларини тўлаган ҳолда тенг улушлар билан тўланади.

Қарз олувчи кредитни 318-сон Низомнинг 21-бандига кўра кредит шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариши ҳам мумкин.

 

МИСОЛ. Олий ўқув юртида 2014/2015 ўқув йилида ўқишнинг қиймати йилига 5 400 минг сўмни ташкил қилади, ўқиш муддати – 4 йил. Банкнинг фоиз ставкаси – йиллик 10%.

15 сентябрда банк биринчи ярим йил учун олий ўқув юртига ўқиш контракти қийматининг ярмини – 2 700 минг сўмни ўтказди. Ана шу пайтдан ҳар ойда ўтказилган суммага нисбатан йиллик 10% миқдорида фоиз ҳисобланади, яъни 22 500 сўм (2 700 000 х 10% / 12). Фоизлар ҳар ойда кредит шартномасида кўрсатилган муддатда тўлаб борилади.

Шу тариқа, фоиз тўловларини ўз вақтида тўлаб, қарз олувчи биринчи ярим йил (сентябрь – февраль) учун банкка 96 000 сўм (16 000 х 6 ой) тўлайди.

15 мартда банк олий ўқув юртига иккинчи ярим йил учун 2 700 минг сўм миқдоридаги қолган суммасини тўлайди. Ўз навбатида, 15 мартдан бошлаб фоиз 5 400 минг сўмга нисбатан ҳисобланиб, ойига 45 000 сўмдан (2 700 000 х 10% / 12) ҳисоблаб ёзилади.

Шу тариқа, қарз олувчи биринчи ярим йил (сентябрь – февраль) учун банкка 135 000 сўм (22 500 сўм х 6 ой), иккинчи ярим йиллик (март – август ойлари) учун 270 000 сўм (45 000 сўм х 6 ой) миқдорида фоиз тўловларини тўлайди.

Ўқишнинг кейинги йиллари учун фоиз тўловлари худди шу тарзда ўсиб борувчи якун билан ҳисобланади.

 

2. Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммалар жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган кейинги ўринларда – 2107-сон Низом) 4-бандига кўра жисмоний шахсларга солиқ чегирмаси ўқиш учун тўлов жисмоний шахсга тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари ҳисобидан амалга оширилганда тақдим этилиши белгиланган.

Солиқ чегирмаси кредитни тўлаш (сўндириш) усулига боғлиқ ҳолда яшаш жойидаги ДСИ орқали жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш йўли билан ҳамда солиқ тўловчининг ёзма аризасига биноан тўлов манбаида – иш берувчи томонидан ҳам берилиши мумкин. Бунда солиқ бўйича имтиёз кредит бўйича асосий қарзни ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга йўналтирилган суммага тақдим этилади.

Солиқ имтиёзи олинган таълим кредитини жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва иш берувчи томонидан тижорат банкига ўтказиладиган, солиқ солинадиган бошқа даромадлари ҳисобига сўндириш чоғида тўлов манбаида қўлланади.

Ходим тўлов манбаида имтиёз олиш учун 2107-сон Низомнинг 11-бандига асосан иш берувчига даромадларини ўқиш учун тўловга (кредитни қоплашга) ўтказиш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этиши керак:

талаба билан Ўзбекистон олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисидаги шартнома нусхаси;

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси;

таълим олувчининг паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Солиқ бўйича имтиёз асосий ҳамда асосий бўлмаган иш жойлари бўйича қўлланилиши мумкин. Лекин бундан Солиқ кодекси 186-моддасининг ўнинчи қисмига кўра асосий бўлмаган иш жойида солиқ энг юқори ставка бўйича ушланадиган ҳоллар мустасно.

Агар жисмоний шахс таълим кредитини нақд пул билан, ўзининг банклардаги омонат ва бошқа ҳисобрақамларидан ёки пластик карточкаси орқали тўлаган ҳолда сўндирса, солиқ бўйича имтиёз жисмоний шахсларнинг йиллик даромадларини декларациялаш чоғида тақдим этилади.

Жисмоний шахсларнинг йиллик даромадларини декларациялаш орқали солиқ бўйича имтиёзни олиш учун жисмоний шахсларнинг солиқ инспекциясига жами йиллик даромад тўғрисида декларация, шунингдек 2107-сон Низомнинг 17-бандига кўра қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:

талаба билан Ўзбекистон олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси;

паспорт нусхаси (чегирма таълим олувчининг ўзига қўлланилганда);

паспорт нусхаси (солиқ чегирмасини ота (она) қўллаганда) ва талабанинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Декларация тақдим этиш чоғида ўз фарзандининг ўқиши учун ҳақ тўлаган ота-она ёки унга тенглаштирилган бошқа жисмоний шахслар паспорт ва СТИР нусхаларини тақдим этиши шарт.

 

МИСОЛ. Ходим ўз ўғлининг Ўзбекистон олий ўқув юртида ўқишига контракт пулини тўлаш учун банкда таълим кредитини расмийлаштирди.

Ходимнинг иш ҳақи ойига 900 минг сўмни ташкил қилади.

Ходим корхона бухгалтериясига тегишли ҳужжатлар билан ўзининг иш ҳақидан 500 минг сўмини таълим кредитининг асосий суммаси ва ҳисобланган фоизларини қоплаш учун ариза берди.

Ўз навбатида, корхона ходимнинг аризасига кўра ҳар ойда унинг иш ҳақидан 500 минг сўмни банкка ўтказадиган бўлди. Бундай ҳолда ходим даромадининг умумий суммасидан 400 минг сўмига (900 – 500) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланади. Иш ҳақидан ушланган ва банкка ўтказилган 500 минг сўмдан имтиёз қўлланган ҳолда солиқ ҳисобланмайди.

Бунда шунга эътибор қаратиш керакки, имтиёз фақатгина жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича берилиши мумкин. Бунда суғурта бадали бутун иш ҳақидан, яъни 900 минг сўмдан 6,5 фоиз ушланади.


Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 3233 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика