Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 38 / Бизнинг маслаҳатлар

Муаммосиз ҳордиқ ва ишга жойлашиш

1. Меҳнат кодексининг 146-моддасида таътилни қисмларга бўлиб бериш мумкинлиги, бунда таътилнинг бир қисми ўн икки иш кунидан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Ходим расман таътилни тўлиқ олиб бўлгач, амалда унинг фақатгина беш кунидан фойдаланиши мумкинми?

2. Маълумки, ходимни таътилдан чақириб олишга Меҳнат кодексининг 147-моддасига биноан фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Таътилдан чақириб олишда унинг қанчасидан фойдаланганлигининг аҳамияти борми? Масалан, ходимни ўзининг розилиги билан таътил бошланган кундан эътиборан 12 иш куни ўтмасдан туриб чақириб олиш мумкинми?

3. Меҳнат дафтарчаларини текшириш жараёнида ходимга берилган меҳнат дафтарчасидаги барча ёзувлар «Колхозчининг меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ»қа қайд этилганлиги, шунингдек ходим аввал ишлаган айрим идораларининг тугатилган ёки бошқа идораларга қўшиб юборилганлиги аниқланган. Бундай ҳолда ходимга меҳнат дафтарчасининг дубликати бериладиган бўлса, аввалги иш жойлари тўғрисидаги маълумотлар ўша идоралар кадрлар бўлими томонидан киритиладими ёки айни вақтда ишлаб турган идоранинг кадрлар бўлими томониданми? Бу маълумотларни архивдан олишнинг имкони бўлмаган тақдирда қандай йўл тутилади?

C.Ҳикматов,

«Техник таъминлаш ва бутлаш» УШК директори.

 

1. Амалдаги тартибга биноан йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Шундай экан, бундай вазиятларда иш берувчи билан ходим ўртасида низоли ҳолатлар юзага келмаслиги учун ходим Меҳнат кодексининг (МК) 144-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзининг таътилидан фойдаланиш тартибини олдиндан иш берувчига билдириши ва таътил жадвалида қайд эттириши зарур. 

Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин ва унинг давомийлиги олдиндан (меҳнат шартномасини тузиш жараёнида) белгиланган иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади (МКнинг 134, 143-моддалари).

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади (МК 143-моддасининг 8-қисми).

Бир сўз билан айтганда, МКнинг 146-моддасига биноан таътил ходимнинг хоҳишига кўра қисмларга бўлиб берилиши мумкин, фақат ходим уни олдиндан иш берувчига билдириши лозим бўлади.

2. Ходимни меҳнат таътилидан чақириб олишда меҳнат таътилининг қанчасидан фойдаланганлигининг аҳамияти йўқ: уни ўзининг розилиги билан таътил бошланган кундан эътиборан исталган вақтда чақириб олиш мумкин. Таътилдан фойдаланиш муддати фақат ходимга тўланадиган компенсация масаласига дахл қилиши мумкин. Маълумки, ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг МКнинг 134-моддасида белгиланган энг оз муддатидан (15 иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин (МК 151-моддасининг 2-қисми). Демак, ходим 14 иш кунигача бўлган муддат ичида таътилдан чақириб олинса, унда фойдаланмаган таътил кунлари учун берилган компенсация пули ушлаб қолинади. Аксинча, ходим таътилнинг 15 ва ундан кўп кунидан фойдаланган ҳолда таътилдан чақириб олинса, фойдаланмай қолган таътил кунлари пуллик компенсация билан алмаштирилган деб ҳисобланади ва бу сумма унинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолинмайди.

3. Қоидага кўра, меҳнат дафтарчасининг тегишли бўлимларидаги ҳамма бетлари тўлиб қолган тақдирда, унга қўшимча варақлар юргизилади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.23-банди).

Қўшимча варақлар ходимнинг асосий иш жойида иш берувчи томонидан юритилиб, уни меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби асосида олиб боради. Қўшимча варақ меҳнат дафтарчасисиз ҳақиқий ҳисобланмайди.

Демак, ходим билан меҳнат шартномасини тузиш ва ишга қабул қилишда меҳнат дафтарчасиз қўшимча варақнинг расмийлаштирилиши меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши тариқасида баҳоланади ва қонун да назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Шунинг учун ходим ишлаётган корхонадаги меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш (шу жумладан ходимдан унинг меҳнат фаолиятини тасдиқловчи тегишли архив маълумотларини олиш) ва уларни сақлаш учун махсус жавобгар шахс қўшимча варақни юқорида қайд этилган Йўриқноманинг IV «Меҳнат дафтарчасининг дубликати» бўлими қоидаларига асосланган ҳолда алмаштириши керак бўлади.  

 

Жавобларни эксперт-юристимиз

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ тайёрлади.

Прочитано: 2828 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика