Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 38 / Жиноятга жазо муқаррар

Ғирромликнинг ҳамиша охири вой!

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди бутун тафсилоти билан кўриб чиққан ва айбланувчилардан ҳар бирининг айби даражасини аниқлаб берган мазкур жиноят ишини ноёб ишлар сирасига киритса бўлади. Унинг ғайриодатийлиги шундаки, суднинг қора курсисидан жой олган 14 нафар тадбиркор ва амалдорлар давлатга қарийб ярим миллиард сўм миқдорида зарар етказган эдилар. Суд амалиётида бу йўсиндаги ҳуқуқбузарлик бизда кам учрайди. Ёрдамчиларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда нақ футбол жамоасига тенг миқдордаги судланувчиларга ўз қилмишлари учун жавоб беришга тўғри келди, ахир!

 

2003 йили самарқандлик тадбиркор П.Исроилов* «Монумент» деган хусусий қурилиш компаниясини очди. Жиноят ишида қайд этиб ўтилган ҳолатлар компания қай тахлит иш олиб борганлиги ҳақида тасаввур беради. Корхона банклардан бирининг Самарқанд бўлимидан ярим йилга деб 173,5 млн сўм кредит олади. Битим шартларига кўра, қарз маблағларини қурилиш материаллари сотиб олиш учун беришган. Аслида эса таниш фирмалар билан қурилиш материаллари етказиб бериш учун сохта шартномалар тузилган-да, пул маблағлари нақдинага айлантирилиб ўзлаштирилган.

Нақд пулларнинг талайгина қисмига қора бозордан эркин конвертация қилинадиган валюта сотиб олинган. П.Исроиловнинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, шахсан унинг ўзи 2012 йили Самарқанд бозорларида хуфиёна валюта дилерларидан 29 450 АҚШ доллари сотиб олган. Кимдир қурилиш компанияси раҳбари шу йўл билан ўз жамғармасини сақлаб турган, пулнинг қадрсизланишидан ҳимоя этган деб ўйласа, қаттиқ янглишади. Исроиловнинг ошкора айтганларидан маълум бўлдики, бундай валюта амалдорларга пора бериш учун сотиб олинган ва шу мақсадда сарфланган.

Жорий йилнинг 1 январига бўлган ҳолатга кўра «Монумент» компаниясининг муддати ўтказиб юборилган кредиторлик ва дебиторлик қарзлари тегишинча 793 млн ва 533 млн сўмдан ҳам ошиб кетган. Иш ҳақи тўлашни икки-уч ойлаб кечиктириш корхона амалиётида одатий ҳодиса бўлиб қолган. Ўтказилган аудит молия-иқтисод бобида компаниядаги ҳақиқий ҳолатни тўлиқ аниқлаш имконини бермади. «Монумент» компаниясининг бош бухгалтери С.Самадов директорнинг буйруғи билан бухгалтерия ҳужжатларининг бир қисмини йўқ қилиб улгурган экан.

 

Ана шу компания 2012 йили қўшни вилоятнинг Нурота туманидаги лицей қурилишини тендерда ютиб чиққани қизиқ. Бу «мўъжиза» қай йўсинда содир бўлди? Ҳаммаси оддийгина ҳал бўлган экан. П.Исроиловнинг эътироф этишича, қиймати қарийб 4,9 млрд сўм бўлган лицей қурилишига розилик олишга у 60 млн сўмни пора сифатида харжлабди, холос.

Буюртмачи билан қурувчилар ўртасидаги шартномага кўра, лицейни тиклашга 11 ой ажратилган экан. ­Аммо «Монумент» корхонасининг уддабуронлари барча қурилиш-монтаж ишлари адо этилгани ҳақида рапорт беришлари учун беш ой етарли бўлибди. Объектни ишга туширилди деб қабул қилиб олган амалдорларни бундай тезкорлик қилча ҳам ажаблантирмабди. Фақат кейинги йили, тергов асносида кўзбўямачилик ва найрангбозлик воситасида давлатга 385,5 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги, чала ишлар, қўл учида ва хом хатала қилинган ишларни тузатиш учун яна 23 млн сўм керак эканлиги аниқланди.

Назорат қилиш ваколати берилган мансабдор шахсларнинг жинояткорона совуққонликлари, ишга панжа орасидан қараганликлари оқибатида давлатни алдашни ва миллион-миллион бюджет маблағлари талон-торож қилинишига йўл қўйилди. Тергов хизмат ваколатларидан ғаразли мақсадларда фойдаланган ва ҳуқуқбузарликларга дахлдор бўлган шахсларни аниқлади ва уларни жавобгарликка тортди.

 

Коррупция доирасига тортилганларнинг рўйхатини маълум қилишдан аввал жабрланувчи тарафга салмоқли зарар етказилган иқтисодий жиноятларни турли суд инстанцияларида кўриб чиқилиши жараёнида менда туғилган баъзи фикр-мулоҳазаларни ўртоқлашмоқчи эдим. Иқтисодиёт соҳасидаги, ўнлаб ва юзлаб миллион сўм билан ўлчанадиган ўғирлик ва талон-торожлар ҳақидаги суд муҳокамалари бўйича қанча материал ёзмай, айбланувчилар орасида кечмиши жиноят олами билан боғлиқ бўлмаган шахсларни учратмаганман.

Мазкур жиноий қилмиш ҳам бундан мустасно эмас. Иш бўйича айбланаётган 14 шахснинг тенг ярми илгари жиноий жавобгарликка тортилган экан. Шулардан беш нафари икки-уч марта судланган. «Монумент» компанияси раҳбари П.Исроилов 2011 йили жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди томонидан Жиноят кодексининг «Жиноят тўғрисида хабар бермаганлик ёки уни яширганлик» деб номланган 241-моддаси бўйича айбдор деб топилган. Корхона бош бухгалтери Самадов ҳам ўша йили ўзининг қадрдон Самарқанд шаҳрида Жиноят кодексининг «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўғирлик қилиш» деб номланган 167 ва «Мансаб сохтакорлиги» деб номланган 209-моддалари бўйича судланган экан.

Жиноий ўтмиш бизнес билан шуғулланиш йўлида ғов-тўсиқ бўла олмайди. Бундай ҳолларда муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланишга нисбатан тақиқ белгиланиши жоиз кўринади. Эҳтимол, қонун ижодкорларимиз кечмишида хўжалик соҳасидаги жиноий ишлари билан боғлиқ доғи бўлган баъзи шахслар учун муайян касб бобида тўлиқ тақиқ жорий этиш ҳақида ўйлаб кўришар. Бунда гап судланганлик ҳолати тугалланмаган кишилар ҳақида боряпти, ахир. Аммо жиноят олами вакилларининг давлат органларига суқулиб кириб олишга уринаётганликлари жамият учун хатарли. Таассуфки, ҳокимият тузилмаларидаги лавозимларга талабгорларни танлов, аттестация, текширув ва қайта текширув ғалвиридан ўтказиш ҳамиша ҳам шубҳали номзодларни саралаб чиқариб ташлайди деб бўлмайди. Амалдорлик лавозимларига талабгорларнинг маънавий ва ишчанлик фазилатларига оид талабларни муфассал тавсифловчи қонун йўқлиги билинаётгандир, балки. Эҳтимол ҳамма гап ўша кўп гапириладиган инсон омилидадир. Шу сабабли ҳар қандай яхши қонун ҳам, ҳар қандай «ғалвир», «элак» ҳам бизларни хатоликлар-у ғаразли ниятдаги кимсалардан ҳимоя эта билмас.

 

Мазкур жиноят иши иштирокчиларидан бири минтақавий маъмурият бўлинмаси раҳбари Ш.Фазиевдир. У дастлаб 2012 йили Жиноят кодексининг «Мансаб совуққонлиги» деб аталган 207-моддаси билан ҳукм қилинган бўлиб, амнистия туфайли озодликка чиққан. Орадан бир йил ўтгач, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди уни Жиноят кодексининг «Пора олиш-беришда воситачилик қилиш» деб номланган 212-моддаси бўйича айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Сўнг яна «мўъжиза» содир бўлди. Номаълум сабабларга кўра суднинг ҳукми қоғозда қолиб кетди ва иш унинг жазо муддатини ўташига қадар етиб бормади. Фазиев деганларимиз бир йил ичида икки марта суднинг қора курсисига ўтиришга муваффақ бўлди. Бу гал 2013 йилнинг охирларида Зарафшон шаҳрида уни Жиноят кодексининг 209-моддаси бўйича айбдор деб топиб, энг кам иш ҳақининг 75 баравари миқдорида жаримага ҳукм қилдилар, лекин амнистия туфайли у яна жазодан қутулиб қолди.

Ш.Фазиевнинг зиммасига «Монумент» компанияси шартнома бўйича зиммага олган мажбуриятларини қандай бажараётганлигини, қурилиш тасдиқланган лойиҳага, қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ равишда олиб борилаётганлигини текшириб туриш вазифаси юкланган эди. Айни унинг қўл остидагилар бўлим бошлиғи Б.Азизов ва етакчи мутахассис Ғ.Қудратов қурилиш ишлари жараёни устидан мониторинг олиб боришлари, қурувчилар ўз мажбуриятларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тайёрлашлари керак эди. Ана шу ҳужжатлар асосида бажарилган иш учун қурувчиларга бюджет маблағлари ўтказиларди.

Фазиев «Монумент» компанияси билан боғлиқ бўлмаган қилмишлари учун жавоб беришига тўғри келди. Терговчилар унинг бундан 4 йил муқаддам Кармана туманидаги шаҳарчалардан биридаги қурилиш билан боғлиқ яна бир фирибгарлигини фош этдилар. Ўшанда мазкур тумандаги «Мастерок» деган хусусий фирма тендерни ютиб 7 км узунликдаги водопровод тармоғини ўтказадиган бўлган эди. Фирма ишни бажариб 300 млн сўм атрофида пул олган. Бундай қараганда ҳаммаси хайрли тугагандай. Лекин тез орада маълум бўладики, лойиҳада хатоликлар бўлган, 2,5 км узунликдаги водопровод тармоғини реконструкция қилиш керак. Пудрат ишлари яна «Мастерок» фирмасига насиб этди. Хатоликни тузатиш бюджет учун 126 млн сўм миқдорида кўзда тутилмаган харажатларга сабаб бўлди. Кейинчалик лойиҳада ҳеч қандай хатолик бўлмаганлиги аён бўлди, ҳеч қанақа таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳам ўтказилмаган. Ўртада сохта шартнома бўлган, холос. Унинг ёрдамида бюджет пулларини «соғиб» олишган. Фирибгарлик ўзанидаги операция муаллифларига очкўзликлари панд берган кўринади. Улар сметаларда водопровод қувурларининг қийматини 66 млн сўмга ошириб кўрсатганлар.

 

Суд тергови нима сабабдан Фазиевнинг қўл остида ишлаган Азизов билан Қудратов қурувчиларнинг ишидаги нуқсонларни, қўшиб ёзиш ҳолларини пайқамадилар деган саволларга ҳам жавоб топиб берди. Ҳаммаси жуда жўн экан. П.Исроиловнинг саховати назоратчиларнинг кўнглини юмшатган экан. Бўлим бошлиғи Азизовнинг корхона зиммадаги барча мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқловчи ҳамма ҳужжатларга имзо чекиши саховатпешага 4 000 АҚШ доллари ва 15 млн сўмга тушган. Етакчи мутахассис Қудратов порани ой сайин маош мисоли олиб турган. У апрелда 6 млн, май ойида 3 млн, июнда 5,5 млн сўм олган. Шундай қилиб, ярим йил ичида миннатдорчилик тариқасида унинг чўнтагига тушган жами сумма йигирма млн сўмга борган.

Порахўрларнинг ўзларини оқлаш мақсадида айтганлари куракда турмайдиган гаплар эди. Гўё улар пора эмас, қарзга пул олган эмишлар. Табиийки, суд уларга ишонмади. Айбланувчилардан фақат шу иккиси озодликдан маҳрум қилишнинг ҳақиқий муддатларини жазо сифатида олди дейиш мумкин. Суд уларни Жиноят кодексининг 167, 209 ва «Пора олиш» деб номланган 210-моддалари бўйича айбдор деб топди ва собиқ бўлим бошлиғини 8 йил муддатга, собиқ етакчи мутахассисни эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди.

 

Қурувчи П.Исроилов Жиноят кодексининг 167, «Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш» деб номланган 177, 207, 209, «Автотранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари) давлат номер белгиларини, ҳужжатларни, штампларни, муҳрларни, бланкаларни эгаллаб олганлик, йўқ қилганлик, шикаст етказганлик ёки яширганлик» деб номланган 227-моддаси билан айбдор деб топилди ва энг кам иш ҳақининг 600 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди.

Бош бухгалтер Ш.Самадов ҳам айбловнинг айни ана шу бандлари бўйича айбдор деб топилди ва энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.

Мазкур жиноий қилмишнинг асосий иштирокчиларидан бири Ш.Фазиев Жиноят кодексининг 167, 209-моддалари бўйича айбдор деб топилди. Жиноий ўтмиши анча бой бу судланувчи энг кам иш ҳақининг 320 баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.

Мазкур жиноят ишининг бошқа иштирокчилари ҳам Жиноят кодексининг айни шу моддалари билан айбдор деб топилиб, ҳаммасига нисбатан молиявий жазо чоралари белгиланди: улар энг кам иш ҳақининг камида 300 баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлдилар.

 

*Жиноят иши иштирокчиларининг фамилиялари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг номлари ўзгартириб берилмоқда.


Амир МАҲМУДОВ,

ўз мухбиримиз.

Навоий шаҳри. 

Прочитано: 985 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика