Norma.uz

Ёлғиз онага имтиёзлар

Мен ёлғиз онаман, 1 йилу 8 ойлик болани тарбиялаяпман. Таътилимга 3 кун қўшилиши лозимлигини биламан. Бундан ташқари, боламни армияга чақирмасликлари керак. Бошқа яна бирор-бир пуллик нафақалар, коммунал хизматлар ёки солиқларни тўлаш бўйича имтиёзлар борми?

Ф.Турсунбоева,

«Оққўрғон» маҳалласи фуқароси.

Самарқанд вилояти.

 

– Меҳнат кодексида (бундан кейин – МК) аёллар учун кўпгина қўшимча кафолатлар назарда тутилган. Давлат улар билан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, иш излашда қийинчиликларга учраётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатга қодир бўлмаган шахсларни, шу жумладан 14 ёшга тўлмаган ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ҳолда кўп болали ота-оналарни таъминлайди. Кафолатлар қўшимча иш жойлари, ихтисослашган корхоналар, шу жумладан ногиронлар меҳнати учун корхоналар барпо этиш, махсус таълим дастурларини ташкил этиш, юқорида кўрсатилган фуқаролар тоифаларини ишга жойлаштириш учун корхоналарга энг кам иш жойлари сонини белгилаш йўли билан таъминланади.

14 ёшга тўлмаган 1 ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак.

Қўшимча таътилга келсак, эҳтимол, сиз ишлаётган корхонада жамоа ёки меҳнат шартномасига кўра таътилга қўшимча 3 кун берилар. Бироқ, МКнинг 232-моддасига кўра, 12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Ҳомиладорлиги ёки 3 ёшга тўлмаган боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Рад этган тақдирда иш берувчи унинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт.

2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.

Ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.

3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

Ҳомиладор аёлнинг ёки 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг илтимосига кўра, иш берувчи уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир.

Армияга чақириш масаласи юзасидан шуни қайд этамизки, чақирилувчи ёлғиз она тарбиялаган оиладаги ягона фарзанд бўлишига асосланиб чақирувдан озод этилмайди. Бироқ унинг учун муддат кечиктирилиши мумкин, башарти меҳнатга қобилиятсиз ота-онага эга бўлиб, уларни боқиши лозим бўлган бошқа вояга етган меҳнатга қодир ўғли бўлмаса. Меҳнатга қобилиятсизлик МКнинг 192-моддасига мувофиқ белгиланади.

Қуйидагилар меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланади:

16 ёшдан катта шахслар, агар улар шу ёшга тўлгунга қадар ногирон бўлиб қолган бўлсалар;

60 ёшга тўлган эркаклар ва 55 ёшга тўлган аёллар;

белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногирони деб топилган шахслар;

16 ёшга тўлмаган ўсмирлар;

18 ёшга тўлмаган ўқувчилар.

16 ёшга тўлмаган 2 ва ундан кўп боласи бўлган ёлғиз оналар солиқ солишдан қисман озод этиладилар (ушбу даромадлар олинган ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича). Имтиёз фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари ҳар бир болага алоҳида берадиган маълумотнома асосида тақдим этилади. Сиз ушбу меъёрга кирмайсиз.

Шунингдек Ўзбекистонда Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон Қарорига 1-илова) мавжудлигини қайд этиб ўтамиз. Болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарорни яшаш жойидаги қўрғон фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ёки у ваколат берган комиссия қабул қилади. Эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар) нафақа олишда устунлик ҳуқуқига эгалар.

Бироқ ушбу Низомнинг амал қилиши корхона ва ташкилотларда ишлаётган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур корхона ёки ташкилотлар маблағлари ҳисобидан нафақанинг ушбу тури тўланаётган оналарга татбиқ этилмайди.

 

Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.

Прочитано: 3836 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика