Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 32-33 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ПРОКУРАТУРАНИНГ ЯНГИ ВАЗИФАЛАРИ

Президентнинг 24.07.2014 йилдаги ПФ-4636-сон Фармони билан Бош прокуратура таркибида Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар таркибида — Бош бошқарманинг ҳудудий бўлимлари тузилди.

Адлия вазирлиги таркибидаги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилди. Бўшаётган 88 та штат бирликларини янгидан ташкил этилган Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимларини тўлдириш учун ўтказилади.

Шунингдек Бош прокуратуранинг Бош бошқармаси таркибига Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси киритилди.

Ҳужжат билан тугатилган Бош прокурорнинг ўринбосари лавозими ўрнига «Бош прокурорнинг ўринбосари — Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси бошлиғи лавозими киритилди.

Бош бошқарманинг асосий вазифалари қаторидан қуйидагилар ўрин олган:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш;

қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш.

Бош прокурорга зарурат бўлган тақдирда, прокуратура органлари тузилмасига белгиланган умумий штатлар сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилади.


ЯНГИ ИЛМИЙ МАРКАЗЛАР

Президентнинг 8.07.2014 йилдаги ПҚ-2204-сон Қарори билан қуйидагилар ташкил этилди:

Фанлар академиясининг тугатилаётган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузурида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази;

Фанлар академиясининг тугатилаётган Полимерлар кимёси ва физикаси институти негизида Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази;

Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтини тугатиб, машиналар, механизмлар, суюқлик ва газлар механикаси блоки негизида Тошкент давлат техника университети ҳузурида Тармоқ машинашунослиги муаммолари илмий-тадқиқот марказини ҳамда иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги блоки негизида Фанлар академиясининг Иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти.

Ҳужжат билан марказлар фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари, шунингдек уларнинг ташкилий тузилмалари тасдиқланди.

Ташкил этилаётган марказлар ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ўмон Султонлиги Ҳукумати ўртасида имзоланган Битимга мувофиқ Ўмон Султонлиги томонидан беғараз ажратиладиган техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобига Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази фондининг янги кутубхона биноси қурилиши амалга оширилади.

Ўмон Султонлиги томонидан беғараз ажратиладиган техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган ва олиб кириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) божхона тўловларидан (жумладан, божхона йиғимларидан), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод қилинади.

 

БОЛАЛАР СОҒЛИҒИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ДАСТУРИ

«Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Президентнинг 1.08.2014 йилдаги ПҚ-2221-сон Қарори билан 2014—2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури маъқулланди.

Режалаштирилган чора-тадбирлар сирасида қуйидагилар бор:

Тошкентда 250 ўринга мўлжалланган 4 даражали болалар кўп тармоқли касалхонасини ташкил қилиш;

жойларда ҳар ойлик манзилли «Фертиль ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмирларни соғломлаштириш ҳафталиклари»;

мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларидаги болаларни ҳар йилги чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш (умумий қон таҳлили, флюрографик текширув, педиатр, стоматолог, невропатолог, эндокринолог, окулист ва бошқалар кўригидан ўтказиш).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, барча вазирликлар, идоралар ва ижро этувчи ташкилотлар раҳбарлари зиммасига дастурда назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий масъулият юкланди.

Президентнинг 13.04.2009 йилдаги ПҚ–1096-сонли Қарори билан ташкил этилган Ҳукумат комиссияси Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича Давлат дастурини амалга ошириш Ҳукумат комиссияси этиб қайта ташкил этилди. Ҳужжат билан унинг таркиби ҳам тасдиқланди.

 

БОТАНИКА БОҒИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 1.08.2014 йилдаги 211-сон Қарори билан 2014—2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг Ботаника боғини ривожлантириш концепцияси ва Уни амалга ошириш тадбирлари режаси тасдиқланди.

Бундан ташқари, ҳужжат билан Ботаника боғини ривожлантириш бўйича ташкил этилаётган Комиссия таркиби тасдиқланди. Тадбирлар режасини амалга ошириш учун молиялаштириш асосий манбалари белгиланди.

Тасдиқланган Концепция доирасида қуйидагилар назарда тутилган:

Ботаника боғининг асосий магистрал йўналиши бўйича кириш ҳудуди ва объектларини реконструкция қилиш; Ботаника боғининг визит-марказини ва илмий-маърифий тусдаги маданий тадбирларни ўтказиш учун яшил театр қуриш; Ўзбекистон флорасининг қизил китобга киритилган, йўқолиб кетаётган ва маҳаллий жайдари турлари коллекциясини кенгайтириш; ва бошқа тадбирлар.

 

ЮК ТАШИШ ҚОИДАЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 1.08.2014 йилдаги 213-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидалари тасдиқланди.

Ушбу Қоидалар автомобиль транспортида ташиш жараёни қатнашчиларининг ўзаро муносабатларини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини тартибга солади. Шунингдек юкларни ташишга, уларнинг сақланишига қўйиладиган талабларни ва бошқа шарт-шароитларини белгилайди.

Қоидаларнинг амал қилиши фуқароларга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини қўллаган ҳолда шахсий эҳтиёжлар учун улар томонидан бажариладиган юкларни ташишга татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, автомобиль транспортида хавфли, йирик габаритли ва оғир юкларни ташиш хусусиятлари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.

Божхона назорати остидаги юкларни ташиш Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилиги талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Қоидалар 2015 йил 1 январдан кучга киради.

 

КЕЛИШУВЛАР – ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўли билан хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш жараёнининг самарадорлигини ва тезкорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 4.08.2014 йилдаги 215-сон Қарори билан белгиланишича, 2014 йил 1 октябрдан бошлаб ташаббускорлар томонидан хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этишни назарда тутувчи инвестиция таклифлари ва лойиҳалар паспортларини давлат бошқаруви ваколатли органларида келишиш электрон шаклда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг «Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси» тизими орқали амалга оширилади.

Лойиҳа ташаббускорлари бўлган вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар инвестиция таклифлари ва лойиҳалар паспортларини сифатли тўлдириш, уларнинг тўлиқлиги ҳамда Президентнинг 24.07.2008 йилдаги ПҚ–927-сон Қарори талабларига мувофиқлиги учун шахсан жавоб берадилар.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Инвестиция таклифларини ва истиқболли лойиҳалар паспортларини киритиш ва уларни «Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси (ИТЯЭБ)» тизимида келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлатиш топширилди.

 

ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 5.08.2014 йилдаги 216-сон Қарори билан Давлат экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат билан давлат экологик назорати объектлари, шунингдек уларнинг шакллари белгиланди. Улар атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини, давлат дастурлари ва бошқа экологик дастурлар амалга оширилишини текшириш; атроф муҳит мониторинги; давлат экологик экспертизасидан иборат.

Назоратни амалга оширувчи мансабдор шахсларга хўжалик юритувчи субъектга хўжалик ва ташкилий-бошқарув хусусиятига эга бўлган топшириқ бериш, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади.

Давлат экологик назорати амалга оширилишига ёки уни амалга оширувчи мансабдор шахсларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.

Низом билан давлат экологик назоратини амалга ошириш тартиби, шунингдек назоратни амалга оширувчи давлат органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланди.

 

ФИРМА ХАБАРДОР ҚИЛАДИ

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 7.08.2014 йилда 2457-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан чет элда ташкилотлар ташкил этиш ёки уларнинг устав фонди (капитали)да улуш билан иштирок этиш тўғрисида хабардор этиш тартиби ҳақидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ таъсисчи чет элдаги ташкилотнинг устав фонди (капитали)даги ўз улушини товарлар билан шакллантиришда, божхона органларига чет элда ташкилот ташкил этиш тўғрисида қарор тақдим этган ҳолда, товарларни чет элдаги ташкилот устав фонди (капитали)даги ўз улушини шакллантириш ҳисобига «вақтинча олиб чиқиш» божхона режимига расмийлаштиради (товарларни олиб ўтишнинг хусусиятлари «товарларни инвестиция сифатида олиб чиқиш» сифатида кўрсатилади) (илгари таъсисчи божхона органларига чет элда ташкилот ташкил этиш тўғрисида қарор билан бирга давлат солиқ хизмати органларининг таъсисчининг бюджет олдида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бор ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини ҳам тақдим этар эди).

Яна бир меъёр киритилди, унга кўра Давлат солиқ қўмитаси ваколатли органдан таъсисчилар рўйхатини олган кундан эътиборан 3 иш кун ичида Давлат божхона қўмитасига рўйхатда кўрсатилган таъсисчиларнинг бюджет олдида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бор ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани (зарур бўлганда — электрон шаклда) тақдим этади.

Белгиланишича, чет элдаги ташкилотнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, у қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда, шунингдек чет элдаги ташкилотнинг таъсисчилари, шу жумладан хорижий таъсисчилари ўзгарганда, таъсисчи томонидан юборилаётган ҳужжатлар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда легализация қилиниши лозим.

Мазкур қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 11.08.2014 йилдаги 32 (636)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.


Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз

Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2798 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика