Norma.uz

Пайваста ришталар

Жамоатчилик асосида ишласам-да, хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари фаолиятига оид саволларга ҳам тез-тез дуч келаман. Гарчи қонун ҳужжатларимизда мазкур нотижорат ташкилоти фаолияти дуруст тартибга солинган бўлса-да, барибир ҳали уни мукаммал деб бўлмайди. Пойтахтимизнинг турли ХУМШларидаги ишларнинг аҳволи билан танишиш асносидаги гапларим эҳтимол, аллакимларга майда масала бўлиб туюлар, лекин...

 

Гап давлатнинг асосий фондлари бўлган турар жойлар ва фуқароларнинг хусусий мулки ҳисобланмиш уларнинг уйлари ва пул маблағлари ҳақида бормоқда. Асосий фондларнинг ҳолати мамлакатнинг бойлиги, бадавлатлиги билан боғлиқ. Мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларидаги асосий ҳуқуқлардан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан бошлаб бир туркум ҳуқуқий нормалар билан муҳофаза этилади. Шундай экан, масалани майда деб аташ ўринлимикин?

● Умуман олганда фуқароларнинг давлат бошқаруви билан жамоат ўз-ўзини бошқаруви ўртасидаги тафовутни тушуниб етмаётганликлари ҳақида гапириш мумкин. Зотан ХУМШ ана шундай ўзини ўзи бошқариш шаклларидан биридир.

Давлат бошқарувида қарорни ташкилот раҳбари ёки юқори турувчи органлар қабул қиладилар. Бу ўзига хос шажара бўлиб, унинг юқори поғонасида раҳбарият, асос-пойдевор қисмида эса, ижрочилар туради.

Жамоат ўзини ўзи бошқарувида ҳам мансабдор шахслар бор ва улар раҳбарлар деб юритилса-да, бу ерда шажара гўё тўнтарилиб қолгандай. Негаки, қарорни ташкилот аъзолари бир бўлиб қабул қиладилар, раҳбарият эса қарорнинг ижросини таъминлайди.

Амалиётда ХУМШ раҳбарлари ва ижрочи директорлар кўпинча давлат бошқаруви тизими деб аталган тизим асосида иш олиб борадилар. Бунда эса ўзбошимчалик, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш ҳоллари бот-бот учрайди. Шундай ҳоллардан энг кенг тарқалгани умумий мол-мулк таъминотига мўлжалланган бадалларнинг миқдорини қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда, яъни муайян уй мулкдорларининг умумий йиғилишида эмас, балки ширкат раҳбариятининг изми билан белгиланишидир. Банклардан кредит олиш жой мулкдорларининг тегишли қарорисиз амалга оширилишини ҳам шундай мисоллар сирасига киритиш мумкин.

Бундай ХУМШлар фаолиятини бошқариш талаб даражасида йўлга қўйилса, кўп нарса яхшилик сари ўзгарган бўлур эди.

Хўш, буни қандай амалга ошириш лозим?

Тўғри, тафаккурдаги эскича андозаларни ўзгартириш осон эмас. Аммо ҳуқуқий тарғибот ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан кўрилаётган тегишли чоралар ҳамда ХУМШлардаги ҳуқуқбузарликларнинг суд тартибида кўриб чиқилиши билан жамул-жамликда кутилган натижани беради. Таассуфки, бугунги кунда судлар жой мулкдорларининг ҳуқуқларини талаб даражасида инобатга олмай, масалаларни кўпинча ширкат фойдасига ҳал этмоқдалар. Билиб олганлари ХУМШга бадал тўла – вассалом.

Рост, мулкдорлар баъзан умумий йиғилишларнинг тегишли қарорлари акс этган баённомаларни далил қилиб келтирадилар. Ишкаллик шундаки, бу баённомаларни йиғилишда раислик қилувчи ва йиғилиш котиби имзолаган бўлади – бундай қараганда ҳаммаси қонун талабига мувофиқ бажарилган. Лекин умумий йиғилишларни шунчаки, қоғозда ўтказиш ҳам мумкин-ку!

Мулкий ва пул билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда баённомага умумий йиғилиш иштирокчиларининг рўйхатини (уларнинг шахсий имзоси билан) албатта илова этиш мақсадга мувофиқ кўринади. Афсуски, ана шу бамаъни талаб қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топмаган. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунни (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон Қонун, бундан буён матнда ХУМШ тўғрисидаги Қонун деб юритилади) умумий йиғилишни ўтказишда иштирокчиларнинг рўйхати уларнинг шахсий имзоси билан тасдиқланган ҳолда тузилиши шарт деган норма билан тўлдирилса, қонун ҳужжатларидаги кемтиклик, туйнук ёпилган бўлади. Башарти, рўйхат йўқ экан, демак, йиғилиш ё ўтказилмаган, ёки йиғилишда жой мулкдорлари ва улар томонидан ваколат берилган фуқаролар иштирок этмаган. Бинобарин, баённома ҳақиқий эмас, мазкур йиғилиш қарори эса юридик кучга эга эмас.

Ҳужжат юритиш масаласи, таъбир жоиз бўлса, ҳамманинг жонини ҳиқилдоғига келтирадиган даражада. Айрим ширкатлар фуқароларга бераётган квитанцияларга бир назар ташланг. Пул нима учун киритилаётганлиги борасида бу ҳужжатларда кўпинча «эксплуатация харажатлари» ва «коммунал хизматлар» деб ёзиб қўйишади. Коммунал хизматларга фуқаролар бундай хизмат кўрсатувчилар билан тузган шартномалари асосида ҳақ тўлашади. Бу ўринда ХУМШ мазкур ҳуқуқий муносабатларга аралашиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёт, бегона шахсдир.

«Эксплуатация хизматлари» деган тушунча ХУМШ тўғрисидаги Қонундан батамом чиқариб ташланган. Негаки, у ширкат билан жой мулкдорлари ўртасида амалда мавжуд бўлмаган муносабатларни акс эттирар эди. «Эксплуатация» атамаси бу ўринда «фойдаланиш» деган маънони англатади, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эса фақат жой мулкдорлари эга! ХУМШ квартира тўловини ундириб олар экан, у жой мулкдори ҳисобида иш тутаётган бўлиб чиқади. Хўжа кўрсин қабилидаги бундай манзара ҳар қадамда учрайди: квартира тўлови ёки ҳақи деган атамани кўп ишлатишади.

Аслида эса, уйдаги умумий мол-мулкни асраш учун бадаллар тўланади. Ана шу тушунчалар бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Биринчидан, бу аниқ мақсадга йўналтирилган бадаллардир. Демак, уларни белгиланганидан бўлак мақсадга, яъни квартираси бўлган мулкдор яшаётган уй таъминотидан бўлак нарсага сарфланиши мумкин эмас. Иккинчидан, бадаллар, гарчи ХУМШ ҳисобварақларида жамланиб, унинг мол-мулки саналса-да, аслида ширкат мулки бўла олмайди. Омонатчиларнинг банкдаги пуллари банкнинг мулки эмас, балки унинг активи бўлгани сингари. Шундай қилиб, ширкат раҳбарияти ана шу маблағларни ўз билгича тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмас. Юқорида айтиб ўтилганларнинг ҳаммаси ХУМШ тўғрисидаги қонунда у ёки бу йўсинда мужассам топган, бироқ амалиётда унинг нормалари бузилгани-бузилган.

Масаланинг бошқа жиҳатини олайлик. Квитанция молиявий ҳужжат саналади. Унда қайси ташкилотнинг ҳисобварағига пул киритилаётган бўлса, шу ташкилотнинг муҳри ҳамда ташкилот масъул мансабдор шахсининг имзоси бўлиши керак. Лекин, қайси квитанцияда буларни кўргансиз?

Фириб беришга мойил кимсалар ҳар қанақа қулай ҳолатдан фойдаланиши турган гап. Квитанцияда юридик шахснинг барча атрибутлари кўрсатилган бўлса-да, бошқа юридик шахснинг ҳисоб-китоб варағи қайд этилган ҳолларда уни (квитанцияни) бошқа шахс эмас, айни шу юридик шахс берганлигини исботлаб беришнинг ўзи бўладими, ахир?!

Қонун ҳужжатларида бундай квитанцияларнинг шакли белгилаб қўйилса, қўли нопок кимсаларнинг қинғирлик йўлларига чек қўйилган бўларди. ХУМШлар учун рақамланган махсус квитанциялар чиқариш ҳақида ҳам ўйлаб кўрса бўлар балки.

● Аслида анчайин, майда бўлмаган яна қанча икир-чикирлар бор.

Масалан, ХУМШларни квартираларга қайд этиш. Уй-жой кодексида ташкилотларнинг турар жойларга жойлашуви тўғридан-тўғри ман этилган. Ана шу тақиқни бузиш нималарга олиб келади? Фуқароларнинг ахборотлардан эмин-эркин баҳраманд бўлиш ҳуқуқи бузилади. Ниманидир аниқлаш учун ширкат раисининг квартирасига кириб бора олмайсиз, негаки раис ўзи яшаб турган жойга сизни қўймасликка ҳақли.

Юридик шахснинг ҳужжатлари у рўйхатга олинган манзилда сақланмоғи лозим. Ҳатто прокуратура ёки солиқ хизмати ходимлари ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисида қарор билан келган бўлса ҳам, турар жойга прокурорнинг алоҳида санкцияси бўлмаса, кира олмайдилар.

Ҳудудларни тозалаш иши. Бу ўринда қайси ҳудудни деган савол туғилади. Агар давлат кадастрида ширкатнинг ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи рўйхатга олинмаган экан, у ҳолда гап уйга туташ ҳудуд ҳақида боради. Уй пойдевори периметридан бошлаб уч метрга қадар бўлган ҳудуд уйга туташ ҳудуд саналади. Бундай жойни тозалаш учун эса ҳудудни тозалайдиган алоҳида ходим керакмас. Шундай бўлса-да, кўпгина ширкатлар қонунга хилоф равишда бундай ходимларни штатда сақлаб турадилар.

Қонун ҳужжатлари базасига уйга туташ ҳудуд деган тушунчанинг аниқ таърифини киритиш лозим. Ана шундагина амалдорлар уни жой мулкдорлари зарарига талқин этишдан тийиладилар, ҳудудни тозалаш ва озода сақлаш сарф-харажатлари уй аҳли гарданига тушмайди.

● Жой мулкдорлари пулларини сарфлаш ҳам бухгалтерия фаолияти билан боғлиқдир. Ҳозирги кунда ҳар бир ширкат ҳақ тўланадиган бухгалтер хизматидан фойдаланишга мажбур. Лекин бир даҳада, айтайлик, ўнта ХУМШ бўлса, нима сабабдан марказлаштирилган бухгалтерия ташкил этиб бўлмайди? Ҳолбуки шундай қилинса, мулкдорларнинг харажати камаяр, суиистеъмолликлар майдони эса тораяр эди. Бундай имкониятни қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйиш катта муаммо туғдиради деб ўйламайман.

 

Давлатимиз тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Уй-жой фондини асраш ва сақлаш шакллари ҳам шунга яраша кенгайиб ва ривожланиб бориши керак. Энг муҳими, жой мулкдори давлат унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясида эканлигини, унинг пул маблағлари айни ўзи яшаётган турар жойга хизмат кўрсатишга сарфланаётганлигини, уй-жой мол-мулкининг чинакам соҳиби айни ўзи эканлигини кўриши ва билиши бағоят муҳимдир.

 

Валерий СТАХОВСКИЙ,

Тошкент шаҳридаги «Нўғайқўрғон» маҳалласи фуқаролари йиғинининг
ижтимоий-ҳуқуқий комиссияси раиси.

Прочитано: 855 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика