Компанияда ишлаш даврида ходимга унинг меҳнат фаолиятининг у ёки бу далилини тасдиқловчи ҳужжат керак бўлиши мумкин. Иш берувчи ходимга қандай ҳужжатларни ва қайси муддатларда беришга мажбур, шунингдек, ходим ўз илтимосини қандай шаклда баён қилиши керак?
– Ходим иш берувчидан ўзининг иши билан боғлиқ ҳужжатларни олишга ҳақли. Янги Меҳнат кодексининг 117-моддасида булар қуйидагилар бўлиши мумкинлиги кўрсатилган: ишга қабул қилиш тўғрисидаги, бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги буйруқларнинг кўчирма нусхалари, қоғоз шаклидаги ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмалар, иш ҳақи тўғрисидаги, ҳисобланган ҳамда ходим томонидан ҳақиқатан тўланган солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги, мазкур иш берувчида ишлаш даври тўғрисидаги маълумотномалар ва бошқалар.
МКда санаб ўтилган ҳужжатлар рўйхати тўлиқ эмас. Зарурат бўлганда ходим ушбу компаниядаги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар билан бошқа ҳужжатларни ҳам талаб қилишга ҳақли. Масалан, таътилни тақдим қилиш, малака ошириш, аттестация ва бошқалар билан боғлиқ.
Иш берувчидан қандай талаб қилиш керак
Бунинг учун ходим ёзма ариза топшириши керак. Оғзаки сўров иш берувчини уни бажаришга мажбур қилмайди.
Ариза эркин шаклда тузилади. Аризада ходим илтимосини ёзма баён қилиб, талаб қилинаётган ҳужжатни кўрсатиши кифоя қилади. Аризага албатта сана қўйилиши керак.
Агар маълумотнома керак бўлса, унда қандай маълумотлар ёзилиши кераклигини аниқ кўрсатиш тавсия этилади.
Ҳужжат қандай мақсадлар учун кераклигини аризада акс эттириш шарт эмас, бу ходимнинг ихтиёрида. Иш берувчи бундай маълумотнинг йўқлиги сабабли ҳужжат беришни рад этишга ҳақли эмас.
Шунингдек, иш берувчи ходимдан тегишли ҳужжатларни бериш бўйича учинчи шахсларнинг сўровлари ёки талабларини тақдим қилишни талаб қилишга ҳақли эмас.
Маълумотнома қанча муддатда берилади ва у қандай расмийлаштирилади
Иш берувчи ариза берилган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ходимга керакли ҳужжатни бериши шарт (янги МК 117-м. 1-қ.). Шунинг учун ходим ариза тузилган санани кўрсатиши муҳим.
Иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ташкилот раҳбарининг ёки бошқа ваколатли шахснинг имзоси, шунингдек муҳри (у мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланган бўлиши керак.
Ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотнома асл нусхада, қоида тариқасида, фирмага оид бланкда тақдим этилади. Агар бланк бўлмаса, ташкилот реквизитлари билан муҳр қўйилади.
Маълумотномада қуйидагилар бўлиши керак:
• ташкилот номи;
• берилган сана кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиш рақами;
• раҳбар, шунингдек маълумотнома тузувчи шахс имзоси.
Маълумотнома ташкилот муҳри (у мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланади.
Иш берувчи иш билан боғлиқ ҳужжатлар ва уларнинг кўчирма нусхаларини тақдим қилгани учун ходимдан тўлов талаб қилишга ҳақли эмас (янги МК 117-м. 3-қ.).
Агар иш берувчи ҳужжатларни уч иш куни давомида бермаса, ходим Давлат меҳнат инспекциясига шикоят қилишга ҳақли. Иш берувчи бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Саволларга «Norma» МЧЖ эксперти, ҳуқуқшунос Ленара Хикматова жавоб берди.