2019 йилда пенсияни (имтиёзли, 54 ёшдан) расмийлаштирдим, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса 2 йилу 2 ой ишладим. Ҳозир ишдан бўшаганман. Менга энг кам миқдорнинг 10 бараваридан келиб чиқиб пенсия ҳисоблашди.
Пенсияни расмийлаштирганимдан кейин ишлаган йилларимни ҳисобга олганда пенсияни қайта ҳисоб-китоб қилдиришим (ПҲБМнинг 12 бараваридан келиб чиқиб) мумкинми?
– Афсуски, ёшга доир пенсия тайинланганидан кейин ишланган давр (54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳам ёшга доир пенсия ҳисобланади) пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшилмайди («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-м. 6-қ.).
Бироқ бу пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдори ПҲБМнинг 10 бараваридан 12 бараваригача оширилганлиги муносабати билан сизнинг пенсиянгиз қайта ҳисоб-китоб қилинмайди дегани эмас.
Агар 1.01.2023 йил ҳолатига кўра сизнинг пенсиянгизни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори ПҲБМнинг 10 бараваридан ошган бўлса, пенсия автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоб қилинади. Бўлғуси пенсиянгиз миқдорини аниқлаштириш учун яшаш жойингиздаги ПЖ бўлимига мурожаат қилишингиз лозим.
* * *
Пенсиямни ҳисоблашда ўриндошликда ишлаганимни ҳисобга олишмади.
Ҳозир пенсиялар энг кам миқдорнинг 12 бараварига қайта ҳисоб-китоб қилинаётганлигини ҳисобга олган ҳолда ўриндошликдаги ишим бўйича қўшимча ҳужжатларни топширишим мумкинми?
– Ўриндошлик бўйича иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома пенсия йиғмажилдига тикилган ва ўртача иш ҳақининг умумий миқдорини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинган бўлса, бироқ ўртача ойлик иш ҳақи ПҲБМнинг 10 бараваридан ошганлиги учун пенсия миқдорига таъсири бўлмаган тақдирда, хавотирланманг. Пенсия миқдори ПҲБМнинг 12 бараваридан келиб чиққан ҳолда 2023 йил 1 январдан автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Бироқ пенсия йиғмажилдига маълумотнома тикилмаган ва ўртача ойлик иш ҳақининг умумий миқдорини ҳисоблашда ҳисобга олинмаган бўлса, сиз пенсия миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги аризага ушбу маълумотномани илова қилган ҳолда яшаш жойингиздаги ПЖ бўлимига мурожаат қилишингиз лозим.
Маълумот учун!
Ижтимоий солиқ МИҚДОРИ тўлов кунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб ҲИСОБЛАНАДИ.