Масофадан туриб ишлайман. Яқинда пенсияга чиқаман.
Пенсияга чиқиш ҳужжатларини ўзим йиғишим керакми ёки уларни мен ишлайдиган ташкилотнинг маъмурияти йиғиб берадими?
– Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар маъмурият томонидан тайёрланади. Ташкилот маъмурияти қонунчиликка мувофиқ ходимнинг пенсия тайинлаш учун зарур бўлган маълумотларни (меҳнат стажи, иш ҳақи ва бошқалар) «ЯММТ» ИДАКга киритиши ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириши лозим. Ходим пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берган тақдирда, ташкилот маъмурияти мазкур ариза рўйхатга олинган санадан бошлаб 10 кун мобайнида зарур ҳужжатларни ва тақдимномани тўлиқ расмийлаштиради ва ариза берувчини улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништиради. Барча тўпланган ҳужжатлар асосида пенсия тайинланиши учун тақдимнома расмийлаштирилади ва пенсионернинг яшаш жойидаги ПЖ бўлимига ЯММТ орқали юборилади.
Пенсия тайинланиши учун ташкилот маъмурияти томонидан барча зарур ҳужжатлар тўпланмаган тақдирда, ПЖга мавжуд ҳужжатлар топширилади, қолганлари эса қўшимча равишда тақдим этилади. Пенсия жамғармаси бўлими қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини ташкилот маъмуриятига ёки ариза берувчига 5 кунлик муддатда ёзма равишда ёки ариза берувчининг мобиль телефон рақамига SMS-хабарни юборган ҳолда маълум қилади. Агар бу ҳужжатлар хабарнома олинган кундан бошлаб 3 ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади (Низомнинг 6, 10-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова).
* * *
Пенсияга ҳужжатлар меҳнат дафтарчаси ва паспорт бўйича расмийлаштирилаётган ҳозирги бир пайтда Пенсия жамғармаси ходимлари архивдан маълумотномаларни талаб қилишга ҳақлими? Маълумотлар ЯММТга киритилмаган, лекин меҳнат дафтарчасида ёзувлар мавжуд бўлса, архивдан маълумотномани ўзим олишим мумкинми?
– Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган маълумотлар жамғариб бориладиган пенсия тизимидан, ПЖга ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестридан, фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестридан, ЯММТ ва бошқа вазирликларнинг ахборот тизимларидан олинганида маълумотномалар илова қилинмайди.
592-сон Низомнинг 12 ва 16-бандларида кўрсатилган зарурий ҳолатларда, агар маълумотлар ЯММТда мавжуд бўлмаса, маълумотномалар талаб қилиб олиниши мумкин.
Жисмоний шахслар ўзлари ташаббус кўрсатиб аввалги иш жойлари тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга мустақил равишда киритишлари мумкин. Бунда киритилган маълумотлар ёзув киритилганидан кейин 15 кун ичида Пенсия жамғармаси томонидан верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозим (Низомнинг 54-б, 5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова).
Маълумот учун!
Қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланадиган ПЕНСИЯЛАРГА СОЛИҚ СОЛИНМАЙДИ.