Пенсия тўлаш учун маблағлар қандай манбалардан шакллантирилади?
– Қонунга мувофиқ тайинланган пенсиялар ПЖ маблағлари ҳисобидан тўланади. Уларни шакллантириш тартиби Ўзбекистон қонун ҳужжатларида белгиланган. Шунингдек ПЖга пенсияларни тўлаш учун Давлат бюджетидан трансфертлар ажратилиши мумкин.
Корхоналар ва ташкилотлар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, меҳнатга ҳақ тўлаш учун мўлжалланган маблағлардан муайян турдаги пенсияларни тўлашга оид харажатларни қоплаш учун ПЖга тўлов киритадилар. Улар жумласига қуйидаги пенсиялар киритилади:
• боқувчисини йўқотганлик муносабати билан тайинланган пенсиялар, шунингдек меҳнат вазифаларини бажаришда меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари;
• белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларга (хусусан, меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга) тайинланган пенсиялар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-м. «б» б.; Низомнинг II, III бўлимлари, 23.12.2014 йилдаги 357-сон ВМҚга 1-илова; 3-сон Рўйхатнинг I қ., 12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратмалар ҳисобидан пенсиялар (штат қисқартирилиши, корхона тугатилиши, ишлаб чиқариш қайта ташкил этилиши сабабли) муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлганларга тўланади (Қонуннинг 14-м.; 357-сон Низомнинг IV бўлими).