Бюджет ташкилотида ходимнинг 2021 йил сентябрдан 2022 йил сентябргача бўлган давр учун бериладиган меҳнат таътилини 2023 йилга кўчириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, ходим 2023 йилда икки марта меҳнат таътилига чиқиши мумкинми? Амалдаги Меҳнат кодексининг 145-моддасига асосан меҳнат таътилини бошқа вақтга кўчириш мумкинми? Янги Меҳнат кодексининг 230-моддасига кўра ҳар йилги меҳнат таътилининг бир қисмини кейинги иш йилига кўчириш мумкинми?
– Амалдаги МКнинг 145-моддасида таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчиришга асос бўладиган ходимнинг ўзи билан боғлиқ ҳоллар кўрсатиб ўтилган. Булар: вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида, ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда, йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда, давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда. Агар ушбу ҳоллар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай ҳоллар таътил даврида келиб чиққанда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади. Юқорида кўрсатилган ҳоллар мавжуд бўлганда 2021 йил сентябрдан 2022 йил сентябргача бўлган давр учун бериладиган таътилдан 2022 йилда фойдаланиш имконияти бўлмаганлиги учун ходим иш берувчи билан келишган ҳолда ушбу таътилни 2023 йилда олиши мумкин. Бунда 2022 йил сентябрдан 2023 йил сентябргача бўлган давр (кейинги давр) учун бериладиган таътилни ҳам 2023 йилда олиш мумкин. Яъни 2023 йилда икки марта таътилга чиқиш мумкин.
Янги Меҳнат кодекси 30.04.2023 йилдан кучга киради. Лекин ҳар йилги меҳнат таътилининг бир қисмини кейинги иш йилига кўчириш тўғрисидаги шарт амалдаги Меҳнат кодексининг 143-моддасида ҳам кўрсатилган. Мазкур моддага асосан таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим. МКнинг 145-моддасидан фарқли равишда МКнинг 143-моддасида ходим билан боғлиқ бўлмаган, иш берувчида пайдо бўлган, яъни ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра меҳнат таътилини кейинги йилга ўтказиш мумкинлиги кўрсатилган. Бундан ташқари, 145-моддада кўрсатилган ҳоллар бўлганда таътилни бутунлай бошқа вақтга (нафақат кейинги йилга) кўчириш мумкин, МКнинг 143-моддасида кўрсатилган сабаблар бўлганда эса таътилнинг фақат 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисмини (янги Меҳнат кодекси бўйича 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисмини) кейинги йилга ҳам кўчириш мумкин.
Нурали Нурмуҳамедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.