Norma.uz

Кексалик гаштини суринг

 

Инсоният кекса авлодга эътиборни ошириши керак. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, 2050 йилга келиб, 60 ёшдан ошган одамлар ер юзидаги аҳолининг 21 %ини ташкил қилар экан. Норвегияда ушбу кўрсаткичга эришилган: 60 ёшдан ошган инсонлар 23%дан ортиқ. Йил сайин ушбу кўрсаткич ошиб бормоқда. Бироқ кекса ёшдаги норвегияликлар турмуш шароитларидан шикоят қилмаганлар. Аксинча, бу ерда одамлар пенсияга чиқишларини кутиб яшайдилар, бу ҳаётларидаги энг яхши давр бўлишини биладилар. 

 

Норвегиянинг пенсия тизими. Эркаклар ва аёлларда пенсия ёши бир хил – 67 ёш деб белгиланган, шу ёшга тўлганда улар пенсияга чиқиб, муносиб тўловни оладилар. Ёлловчилар билан келишилган ҳолда 62 ёшдан ҳам кетиш мумкин.

Норвегиядаги энг кам пенсия 90 000 Норвегия кронасидан ортиқни ташкил қилади, бу тахминан 10 000 еврога эквивалент дегани. Ижтимоий тўловлар билан сумма 250 000 Норвегия кронасигача миқдорга кўпаяди. Бироқ катта миқдордаги ижтимоий тўловларни ҳамма ҳам ололмайди. Муайян шартларга риоя этилиши лозим:

1) мамлакатда камида 40 йил яшаган бўлиши керак;

2) мамлакатда яшаш гувоҳномасига эга бўлган тақдирда, кексайганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун камида 3 йил ушбу мамлакатда яшаган бўлиши керак. Бунда ижтимоий тўловлар ҳар қандай ҳолатда, ҳатто фуқарода ушбу 3 йил учун доимий иш ҳақи мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тўланади. Бироқ пенсия миқдори энг кам миқдорда бўлади;

3) агар фуқаро Ватанига қайтмоқчи ва бунда Норвегиядаги энг кам пенсиясини сақлаб қолмоқчи бўлса, мамлакатда камида 20 йил яшаган бўлиши керак.

67 ёшдан кейин қанча одам пенсия олиши устамаларга боғлиқ бўлади. Норвегияда пенсиялар пенсия асоси ва қўшимча тўловлардан шаклланади. Сўнггиси Норвегияда пенсия баҳоси деб аталади, у асосий иш жойида тўпланади. Уларни жамғариш учун пенсия баҳосини тўплаш назарда тутиладиган дастурларда иштирок этадиган фирмада камида 3 йил ишланган бўлиши керак. Тўпланган баҳолар муайян тартибда ҳисобланади. Йиллик даромад олиниб, ундан пенсия асоси чиқарилади. Қолдиқ пенсия асосига бўлинади.

Турлари. Норвегияда 3 турдаги пенсия мавжуд:

1) давлат пенсияси – ушбу пенсия 16 ёшдан бошлаб 67 ёшга тўлгунча бўлган оралиқда мамлакатда ишлаган ва Норвегияда 40 йил давомида яшаган фуқароларга берилади;

2) профессионал пенсия ойлик ажратмалар ҳисобидан шаклланади, бунда иш берувчи ташаббускор бўлади. У маълум миқдорда пул маблағларини тўплаб олишга имкон беради, бу билан кексаликдаги ижтимоий тўловларнинг ўртача миқдорини ошириш мумкин бўлади. Бунинг учун пенсия дастурининг иштирокчиси бўлиш лозим, дастурни ёлловчи танлайди ва у бўйича иш ҳақидан ажратмаларни амалга оширади. Ажратмалар йиғилиб боради ва 67 ёшга тўлганда берилади. Профессионал пенсиялар бўйича энг кам миқдор бир ойдаги даромаднинг 2%ини ташкил қилади;

3) индивидуал пенсия яна шахсий деб ҳам аталади. Мазкур ҳолатда фуқаро қўшимча жамғармаларни тўплашни ўзи мустақил равишда ҳал этади. Бунинг учун у суғурта компанияси билан шартнома тузади ва унда белгиланган ажратмаларни амалга оширади.

Устамалар. Норвегияда пенсияга устамалар ҳам мавжуд. Улар вояга етмаган болалари бўлганларга, қарамоғида доимий даромадига эга бўлмаган 67 ёшга тўлмаган эри (хотини) бўлганларга берилади.

Агар фуқаро устама олишга ҳақли бўлмаса, у ёлғиз бўлганда ёки меҳнатга лаёқатсиз оила аъзосининг ягона боқувчиси ҳисобланган тақдирда, пенсиясига махсус устама берилади.

Қандай шакллантирилади. Кўпчилик давлатлардаги сингари, Норвегиядаги пенсия расмий даромаддан ҳар ойлик ажратмалар ҳисобидан шакллантирилади. Мамлакатда пенсия жамғармаси мавжуд, у ижтимоий тўловларни ҳисоб-китоб қилади ва тайинлайди.

Норвегияда пенсия ажратмалари миқдори: иш ҳақининг 5–11%и. Ушбу кўрсаткич Европада энг қуйи ҳисобланади.

Қўшимча имтиёзлар. Норвегияда кекса авлодга юқори миқдордаги пенсиядан ташқари, қуйидаги имтиёзлар ҳам берилади:

• давлатга тегишли таксидан бепул фойдаланиш;

• бепул зарурий тиббий ёрдам олиш;

• бюджет ҳисобидан уй-жойини кекса одамлар учун зарур қурилмалар билан жиҳозлаб олиш имконияти.

Меҳнат фаолияти оғир жисмоний ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган ёки зарарли шароитлардаги ишлар билан банд бўлган фуқаролар муддатидан олдин пенсияга чиқишлари мумкин.

 

Манба: emigrantrus.ru.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 189 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика