Norma.uz

Хорижда пенсия

 

Ишлаб чиқаришда майибланганлиги ёки касб касаллигига чалинганлиги туфайли ногирон бўлиб қолган шахс доимий яшаш жойидан бошқа давлатга кўчиб кетадиган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Бундай ҳолатда унинг ижтимоий таъминоти нима бўлади ёки доимий яшаш жойидан ҳисобдан чиқарилиши билан ногиронлик пенсияси тўлови тўхтатиладими? Ушбу ва бошқа саволларга «Norma» компанияси эксперти Зафаржон Хўжаев жавоб берди. 

 

– Ҳозирги пайтда барча тайинланган пенсиялар яшаш жойи ўзгартирилганда пенсионер жўнаб кетишидан олдин тўланмоқда. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияси-чи?

– Ҳақиқатан ҳам, ушбу турдаги пенсия тўлови бироз фарқ қилади, олувчи доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига кетган тақдирда (республикамиз пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномаларга эга бўлган давлатлар бундан мустасно), пенсия чет элда бўлган вақт учун тўланади. Таъкидлаб ўтаман, тўловлар билан боғлиқ ҳаракатлар Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова) билан тартибга солинади.

 

– Тўловларни ўтказиш учун қўшимча ҳужжатлар расмийлаштирилиши лозимми?

– Тўловларни ҳисоблаб ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

• пенсияни ўтказиш тўғрисидаги ариза;

• шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқарисида доимий яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат;

• доимий яшаш жойига кетиш санаси тўғрисидаги маълумотнома (592-сон Низомнинг 168-б.).

Шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги доимий яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ёхуд хорижий давлатнинг ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилади. Бунда хорижий давлатнинг ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилган ҳужжат пенсионернинг доимий яшаш жойидаги давлатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилиниши керак, бундай муассаса бўлмаган тақдирда эса, пенсионернинг доимий яшаш жойи давлатининг ТИВ, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги консуллик муассасаси ёки дипломатик ваколатхонаси томонидан легализация қилиниши, кейинчалик, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ЎзР Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланиши керак (592-сон Низомнинг 169-б.).

Юқорида баён этилганлардан ташқари, фуқаронинг ҳар бир йилнинг 31 декабрида тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ПЖ бўлимига тақдим этилиши лозим (592-сон Низомнинг 170-б.).

 

– Пенсия чет элга қандай ўтказилади?

– Пенсия жамғармаси бўлими меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини шахсга у доимий яшайдиган хорижий давлатнинг банкидаги ёки бошқа молия-кредит муассасасидаги ҳисобрақамига ўтказишни хорижий валютада амалга оширади, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсиясини ўтказиш чет элга жўнаб кетишдан олдин пенсия тўланган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.

Чет элга ўтказиладиган пенсия суммаси Ўзбекистон Республикасининг пенсия ҳақидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайта ҳисоблаб чиқилади (592-сон Низомнинг 171, 172-б.).

Ўтган вақт учун олинмаган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсиясини тўлаш тўлов амалга ошириладиган тегишли давр учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган пенсия миқдорларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади (592-сон Низомнинг 174-б.).

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида тайинланган пенсиялар суммаларини конвертация қилиш ва юбориш бўйича харажатлар ПЖ маблағлари ҳисобига амалга оширилади (592-сон Низомнинг 173-б.).

 

– Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясига бўлган ҳуқуқни ҳар йили тасдиқлаш лозимми? Агар шундай бўлса, бунинг учун қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозим?

– Такрор айтиб ўтаман, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини Ўзбекистон ташқарисига ўтказиш фуқаронинг ҳар бир йилнинг 31 декабрида тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ЎзР ПЖ бўлимига тақдим этилиши шарти билан амалга оширилади.

Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга (18 ёшга тўлмаган болаларга, ака-укаларга, опа-сингилларга ва набираларга) ва суд томонидан белгиланган тартибда ҳуқуқий лаёқатсиз деб эътироф этилган – уларнинг қонуний вакиллари пенсия олувчилар ҳисобланадиган фуқароларга тайинланган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияларини тўлаш учун фуқаронинг тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат пенсия олувчи учун ва пенсия тайинланган фуқаро учун тақдим этилади.

Бундай ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси, хорижий давлатнинг нотариуси ёхуд ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилади.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини тўлаш ЎзР қонунчилигида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади (тўхтатилади).

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин пенсияни тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда тикланади (қайта тикланади) (592-сон Низомнинг 170-б.).

Прочитано: 275 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика