Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 23 / Солиқ солиш

Онлайн ўқитишга хорижлик мутахассис жалб қилинган бўлса…

 

Якка тартибдаги тадбиркорРоссия Федерациясининг резиденти Ўзбекистондаги ўқув маркази билан ФҲХ шартнома бўйича онлайн таълим хизматларини кўрсатади.

Бунда кимга ва қандай солиқларни тўлаш керак?

 

 

Саволга «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди. 

 

Ўзбекистондаги ўқув маркази ЯТТга тўланган ҳақдан ЖШДС ушлаб қолиш

– Якка тартибдаги тадбиркорларлар – бу юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахслардир (СК 31-м.). Шунга ўхшаш қоидалар Россия Солиқ кодексида (РФ СК 11-м.) назарда тутилган. Шундай қилиб, хорижий давлат резиденти бўлган ЯТТнинг даромадларига солиқ солишда жисмоний шахсларга тегишли қонунчилик нормалари қўлланилади.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда, тадбиркор Ўзбекистон ҳудудида яшамайди ва таълим хизматлари онлайн-форматида кўрсатилади. Бинобарин, у Ўзбекистон учун норезидент ҳисобланади (СК 30-м.).

Чет эллик жисмоний шахсларнинг – норезидентларнинг Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадларига иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномаларни ҳисобга олган ҳолда солиқ солинади (СК 364, 400-м.).

Ўзбекистон ва Россия ўртасида 1994 йил 2 мартда имзоланган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишига йўл қуймаслик ҳақида ҳукуматлараро Битим амал қилади (Москва, 2.03.1994 й.). Хизматлар ФҲХ шартнома бўйича қўрсатилишини ҳисобга олган холда, ЯТТларга солиқ солиш мазкур Битимнинг ­14-моддаси «Мустақил шахсий хизматлар» доирасида амалга оширилади. «Мустақил шахсий хизматлар» ибораси жумладан мустақил илмий, адабий, артистлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва ҳисобчиларнинг мустақил шахсий фаолиятини қамраб олади.

Бундай ҳолда, норезидент томонидан олинган даромадлар Ўзбекистонда солиққа тортилмайди (Битим 14-м. 1-б.). Демак, Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган жисмоний шахсга даромадларни тўлаш тўлов манбаида солиқни ушлаб қолмасдан ёки пасайтирилган ставкани қўллаган ҳолда амалга оширилади (СК ­400-м., 3-қ.).

 

Солиқ агентида солиқ солишдан озод этилиши учун қандай ҳужжатлар бўлиши лозим

Солиқ агентида чет эллик жисмоний шахсининг Ўзбекистон билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома тузган давлатнинг солиқ резиденти эканлиги тўғрисида далил бўлиши керак (СК 6-м. 2-қ.). Яъни – солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат. Унга қўйиладиган талаблар СКнинг 358-моддаси 1-қисмида белгиланган. Бу қуйидагилар бўлиши мумкин:

● солиқ резиденти бўлган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган асл нусха. Ҳужжатнинг қонунийлиги консуллик легаллаштириш ёки апостиль қўйилиши билан тасдиқланиши керак;

● юқорида қайд этилган талабларга мувофиқ бўлган ҳужжат асл нусхасининг нотариал тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси;

● резидентлик давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган, солиқ резидентлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатнинг қоғоздаги нусхаси.

Агар даромадни тўлаш пайтида бундай ҳужжат бўлмаса, солиқ агенти 20% ставка бўйича ЖШДС ушлаб қолиши шарт (СК 382, 386-м.).

Агар кейинчалик норезидент солиқ резидентлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этган бўлса, у СКнинг 12-бобида назарда тутилган тартибда тўланган солиқни қайтариб олиш ҳуқуқига эга (СК 401-м.).

 

ЯТТ-норезидентнинг онлайн таълим хизматларига ҚҚС солинадими?

Солиқ кодекси ҚҚС тўловчиларининг ёпиқ рўйхатини белгилайди, унга чет эллик жисмоний шахслар кирмайди (СК 237-м.)

Бундан ташқари, чет эллик жисмоний шахсдан хизматларни олувчи солиқ агенти деб эътироф этилмайди ва унда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

Прочитано: 919 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика