Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 23 / Божхона

Усти ялтироқ, ичи «қалтироқ»дан огоҳ бўлинг!

 

Ёки контрафакт маҳсулотлар савдоси – сердаромад соҳами?

 

Контрафакция, яъни бошқанинг қонуний брендидан фойдаланган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқариш тобора кучайиб бораётгани инсоният учун жиддий хавф туғдирмоқда. Жиноятнинг бу тури бугунги кунда жаҳондаги энг сердаромад трансмиллий жиноятларнинг ўнталигига киради. 

 

Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш бир қарашда оддий иқтисодий ҳуқуқбузарликдек кўринса-да, аслида унинг истеъмоли инсон соғлиғи ва ҳаётига, шу билан бирга, давлат ва жамият тинчлиги, фаровонлигига хавф солиши билан ҳам жиддий муаммога айланган. Бу муаммодан ҳам иқтисоди ривожланаётган, ҳам ривожланган давлатлар бирдек азият чекмоқда.

Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши, умумий қилиб айтганда, ҳам ишлаб чиқарувчига (интеллектуал мулк эгасига), ҳам истеъмолчига зарар етказади. Масалан, Россия Федерацияси бозорида контрафакт маҳсулотлар улуши 15–17 фоизни ташкил этиб, йиллик зарар 3 млрд АҚШ долларига тенг келмоқда.

Ўтказилаётган тадқиқотлар контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва унинг зарари йилдан-йилга ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Жумладан, «Халқаро савдо палатаси томонидан асос солинган «BASCAP», яъни «Бизнес контрафакция ва қароқчиликка қарши» консорциумида ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва халқаро савдога контрафакт маҳсулотлар туфайли етказилаётган йиллик зарар 775 млрд АҚШ долларини ташкил этаётгани таъкидланган.

Япония патент идораси ҳам япон тадбиркорлари фаолиятига контрафакция туфайли етказилаётган зарар юзасидан ҳар йили тадқиқот ўтказиб келади. Мониторинг натижасида аниқланишича, 2014 йили компанияларнинг контрафакциядан кўрган зиёни 22 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2013 йили 21,8 фоиз бўлган. Шунингдек, ана шундай компанияларнинг 60,5 фоизи интернет орқали контрафакт маҳсулотлар муомаласидан зарар кўрган. Бу кўрсаткичлар контрафакция билан боғлиқ зарар кўламини яққол намоён қилмоқда.

Кўплаб давлатларда ваколатли давлат органлари томонидан контрафакт маҳсулотлар аниқланиши орқали ҳуқуқбузарликлар содир этилишини, инсонлар алданиб қолиши ёки бахтсиз ҳодисалар юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар мунтазам амалга оширилиб келинаётганлигига қарамай, айрим давлатлар, хусусан, Хитой, Малайзия ва Таиланд контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

Айтиш лозимки, дори-дармон, озиқ-овқат, парфюмерия, болалар ўйинчоқлари, шунингдек, эҳтиёт қисмларнинг нусхаларини тайёрлаш, тайёрлаганда ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, истеъмол учун зарарли бўлган нусхаларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, табиийки, ҳалокатларга сабаб бўлиши мумкин.

Бинобарин, ҳозирги кунда брендли маҳсулотлар кўпроқ контрафакция қилинмоқда. Дарҳақиқат, биргина қалбаки сумкани кўтариб юришнинг зарари унча билинмаса-да, лекин контрафакт дори инсон учун жуда хавфлидир. Масалан, халқаро ­миқёсда безгак касаллигига чалинган 200 минг бемор жиноятчилар тарқатган сохта дори-дармонлар сабабли ўлиб кетмоқда.

Камерунда (Африка мамлакати) безгакка қарши дориларнинг 70 фоизи контрафакт ҳисобланади, МДҲ мамлакатлари ҳудудида эса дори-дармонларнинг 10–20 фоизи сохтадир.

Энг асосийси, контрафакт маҳсулотлар чегара билмайди. 2004 йили Европада 800 мингга яқин дори-дармон қутиси ушлаб қолинган бўлса, 2006 йилнинг мартида Франция божхоначилари бир ҳолатнинг ўзида 360 минг дона сохта «Виагра» вафлиларини олиб қўйишган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, инсон соғлиғи учун хавфли саналган контрафакт маҳсулотлар орасида парфюмерия буюмлари етакчи ўрин тутади. Айниқса, ҳозир интернет орқали савдо қилиш йўлга қўйилгани бундай маҳсулотларнинг дунё бўйлаб арзон нархларда сотилишига сабаб бўлмоқда. Сотиб олаётган одам фақат унинг бренди ва нархи ҳақида қайғуради, ўзи истаган маҳсулот бўлмаслиги, соғлиғи учун зарарли бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. АҚШ Федерал қидирув бюросининг маълумотларига кўра, контрафакт атирлар таркибида Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги томонидан саратон касаллигини чақирувчи сифатида рўйхатга олинган DEHP (диэтилгексил-фталат) элементи борлиги аниқланган.

Республикамизда ҳуқуқбузарлик юзасидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, шунингдек, контрафакт асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларини тайёрлаш ва такрорлаш учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналар Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (15.07.2009 йилдаги 200-сон) билан тасдиқланган низом асосида мажбурий тарзда йўқ қилиниши кераклиги белгиланган. Шу билан бирга, мазкур Низомда мажбурий тарзда йўқ қилинадиган маҳсулотлар қаторига айрим истеъмол маҳсулотлари турлари, жумладан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат қўшимчалари кабилар киритилган.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳар биримиз истеъмолчи сифатида арзон ва сифатсиз буюмларга алданмаслигимиз, тўғрироғи, контрафакт маҳсулотлардан эҳтиёт бўлмоғимиз лозим. Чунки бундай маҳсулотлар маълум маънода чўнтагимизга фойда келтирса-да, соғлиғимизга зиён етказиши турган гап.

А.ЎРИНБОЕВ,
Андижон вилояти божхона бошқармаси бош инспектори, божхона хизмати

подполковниги.

Прочитано: 391 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика