Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 23 / Божхона

Ихтиёрий сертификациядан қандай ўтилади

Биз чиқараётган маҳсулот (ТИФ ТН коди – 3926 90 970 9) мажбурий сертификацияланадиган маҳсулот эмас, лекин биз уни сертификациядан ўтказмоқчимиз.

Мувофиқлик сертификатини олиш тартиби қандай? 

 

– Маҳсулотларни сертификатлаштиришнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини, шунингдек сертификатлаштириш иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонун белгилаб беради. Мажбурий сертификатлаштирилмайдиган маҳсулотни маҳаллий сертификатлаштиришни истаган тақдирингизда сиз ихтиёрий сертификатлаштиришни расмийлаштириш ҳуқуқига эгасиз. Бундай сертификатлаштириш маҳсулотнинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ келишини тасдиқлаш учун аризачи томонидан ихтиёрий тарзда ўтказилади.

 

Ҳужжат тили билан

Ҳар қандай маҳсулот норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ эканлигини тасдиқлаш учун у юридик ва жисмоний шахснинг ташаббуси билан ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтказилиши мумкин.

«Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-м.

 

Ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтказиш тартиб-таомили аризачининг ташаббуси билан ва худди мажбурий сертификатлаштиришдан ўтказиш сингари чизмалар бўйича амалга оширилади: аввалига маҳсулотнинг лаборатория тадқиқотлари ўтказилади, ана ундан сўнг якуний ҳужжат берилади.

Ҳар бир турдаги маҳсулот бўйича сертификатлаштириш тартиби ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиладиган сертификатлаштиришдан ўтказишнинг тегишли қоидалари билан белгиланади.

 

Сертификатлаштиришдан ўтказиш тартиб-таомиллари

Сертификатлаштиришни «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтказилган маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари ташкил этади ва ўтказади. Олиб кириладиган маҳсулотни сертификатлаштириш тартиб-таомилларининг кетма-кетлиги Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда (6.07.2004 йилдаги 318-сон ВМҚга 1-илова) белгиланган. Низом қоидалари ҳам мажбурий, ҳам ихтиёрий сертификатлаштиришга татбиқ этилади. Сертификатлаштириш, қоида тариқасида, Низомга иловага мувофиқ схема бўйича 2 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич бир вақтнинг ўзида, заруриятга кўра, ветеринария ва фитосанитария хулосалари тегишли равишда давлат ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларида расмийлаштирилган ҳолда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитация қилинган давлат санитария назорати органларида санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштирилишини ўз ичига олади. Бунда тадбиркорлик фаолияти субъекти:

● санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш учун ариза билан биргаликда белгиланган тартибда аккредитация қилинган сертификатлаштириш органларига мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш юзасидан ариза беришга;

● зарурат бўлганда тегишли хулосалар олиш учун ветеринария ва фитосанитария назорати органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақлидир.

Иккинчи босқич – сертификатлаштириш органлари томонидан мувофиқлик сертификати беришдир (Низомнинг 3-б.).

 

Маълумот учун. Сертификатлаштириш органлари тадбиркорлик субъектларининг ёзма аризасига мувофиқ давлат санитария назорати органларида, давлат ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларида, шунингдек экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат органларида сертификатлаштиришни ўтказиш ва барча зарур хулосаларни олиш юзасидан агентлик хизматлари кўрсатишга ҳақлидир.

Бунда намуналар танлаб олиниши, шунингдек улар тўғри танланганлиги ва улар тегишли давлат органларига тақдим этилиши учун сертификатлаш органлари жавоб берадилар.

 

Маҳсулотнинг (транспорт воситаларидан ташқари) мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати барча зарур ҳужжатлар (синов протоколлари, тадқиқот далолатномалари, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза хулосаси) берилган вақтдан бошлаб 3 иш кунидан ошмаслиги лозим (Низомнинг 5-б.).

 

Мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш тартиби

Ўзбекистонда маҳсулотни сертификатлаштириш тартиб-таомили мувофиқликни тасдиқлашнинг расмий шакли ҳисобланади ва сертификатлаштирилган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат – мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришни ўз ичига олади.

Сертификат сертификатлаш органлари томонидан расмийлаштирилади. Сертификатлаштириш органини танлаш – аризачининг ҳуқуқи. Бунда у исталган вақтда, сертификатлаштириш органлари эса биринчи талабга кўра қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

а) мувофиқлик сертификати мажбурий тартибда бўлиши керак бўлган маҳсулот турларининг рўйхати ёки рўйхатдан кўчирма;

б) аккредитация қилиш соҳасига тааллуқли бўлган маҳсулотни сертификатлаш қоидалари;

в) сертификатлаштириш бўйича хизматлар нархлари (тарифлари) прейскуранти;

г) давлат ваколатли органида аккредитация қилинганликни тасдиқловчи ҳужжат.

Сертификатлаштириш органи кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар нусхаларини тақдим этганлик учун нусхаларни тайёрлаш харажатларидан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундиришга ҳақлидир (Низомнинг 18-б.).

 

Маълумот учун. Четдан олиб келинаётган маҳсулотни сертификатлаштириш учун маҳсулотни маркировка қилиш намунаси (маҳсулот тўғрисида ахборот) тақдим этилади.

 

Маълум турдаги маҳсулотни сертификатлаш мақсадида синовлар протоколини расмийлаштириш ва бериш муддати ушбу турдаги маҳсулотни техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган услубларга мувофиқ синовлардан ўтказишнинг умумий давом этиш вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ариза берувчи ўз маҳсулотининг танлаб олинишида ва синовларида қатнашиш ҳуқуқига эга. Бунда лабораторияда махфийликни таъминлаш чора-тадбирлари кўрилиши керак.

Намуналарнинг сақланиши, сифати ва синовларининг ишончлилиги учун «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитация қилинган лаборатория (марказ) жавоб беради. Синовлар протоколларини масъул мутахассислар имзолайди ва лаборатория раҳбари тасдиқлайди (Низомнинг 23-б.).

Четдан олиб келинаётган маҳсулотларга мувофиқлик сертификати уларнинг яроқлилик муддатига (маҳсулот яроқлилигининг кафолатли муддатига), яроқлилик муддатига (маҳсулот яроқлилигининг кафолатли муддатига) эга бўлмаган маҳсулотларга эса амал қилиш муддати кўрсатилмасдан берилади (Низомнинг 26-б.).

 

Маълумот учун. Мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати сертификатлаштириш органидан Низомда назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб 3 иш кунидан ошмаслиги керак.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

 

Прочитано: 480 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика