Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 03-04 / Паспорт масалалари

Чет эл фуқароси учун ID-карта

 

10 йилдан буён Ўзбекистонда яшайман. Швейцариядан аёлим билан келганмиз – у Ўзбекистон фуқароси. Чет эл фуқаросининг яшаш гувоҳномасига эгаман, Самарқанд шаҳрида аёлимнинг уйида рўйхатга турганман. Яқинда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун яшаш гувоҳномасининг ўрнига идентификация карточкалари жорий этилиши ҳақида эшитиб қолдим.

Бу қандай амалга оширилади ва карточкаларни бериш тартиби қандай бўлади?

 

– ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қуйидаги муддатларга берилади:

 янги туғилган болага 1 ёшгача – 2 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);

 1 ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра).

 16 ёшдан 60 ёшгача – 5 йил муддатга;

 60 ёшдан ошганларга – 10 йил муддатга (Низомнинг 3-б., 22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон Фармонга 2-илова).

Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароларига ID-карта унинг миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган муддатга берилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун камида 3 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс — хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона муассиси (иштирокчиси), шунингдек, уларнинг оила аъзоларига (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандларига) — ID-карта 10 йил муддатга, бироқ миллий паспортнинг амал қилишидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади (Низомнинг 4, 5-б.).

ID-картани расмийлаштириш ва бериш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга:

 уларнинг ота-оналари, васийларининг (ҳомийларининг) ихтиёрига кўра – бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;

 шахс 16 ёшга тўлганда;

 шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, фуқаролиги, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;

б) ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;

в) ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;

г) ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;

д) ID-картани ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;

е) ID-карта йўқотиб қўйилганда.

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, фуқаролиги, жинси ўзгарганлиги ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганда, чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида кўриб чиқилади.

ID-картани йўқотилган тақдирда, янгиси белгиланган тартибда ID-карта йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида берилади (Низомнинг 10-б.).

ID-картаси бўлмаган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 16 ёшга тўлганда ID-карта олиш учун бир ойдан кечикмасдан маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши шарт (Низомнинг 11-б.).

Улар ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

 белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

 чет давлат фуқаросининг миллий паспорти (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

 илгари берилган яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта;

 туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

 ваколатли органлар томонидан берилган аризачининг фуқаролиги тугаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат (чет давлат фуқаролигидан чиққан ёки фуқаролигини йўқотган ҳолатда);

 давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас) (Низомнинг 13-б.).

ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида берилади (Низомнинг 14-б.).

Маълумотларни йиғиш пункти тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва ID-картани расмийлаштириш учун талабнома шакллантиради (Низомнинг 16-б.).

Аризачига аввал жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) бириктирилмаган ёки жисмоний шахснинг аввалги шахсий идентификация рақами хатолик билан бириктирилган бўлса, талабнома ID-картага ЖШШИРни бириктириш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилади.

Давлат персоналлаштириш маркази талабномадаги ЖШШИР мавжудлиги ва тўғрилигини текширади, мавжуд бўлмаган ҳолларда эса реал вақт режимида рақамни шакллантиради ва шакллантирилган талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади (Низомнинг 17-б.).

Чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этади (Низомнинг 18-б.).

ID-карта расмийлаштириш ва бериш жараёнида унда техник нуқсонлар аниқланса, башарти улар маълумотларни йиғиш пункти томонидан йўл қўйилган бўлса, ID-карта бепул алмаштирилади (Низомнинг 20-б.).

Қуйидаги ҳолатларда чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси ЎзР ИИВ томонидан бекор қилинади:

 қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетганида;

 чет давлат фуқароси Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча чиққанда, агар у 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш манзилига қайтмаса;

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан вақтинча хорижга чиққан фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш манзилига қайтмаса ёки хорижда уни алмаштирмаса ёхуд узрли сабабларсиз уни алмаштиришни рад этса;

 бекор қилиш тўғрисида шахсан мурожаат қилса ёхуд нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича бошқа шахс мурожаат қилса ёки чет давлатдаги тегишли органларнинг сўровига асосан;

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилганда;

 суднинг шахсни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарори асосида;

 вафот этганда – ФҲДЁ органининг ўлим ҳақида гувоҳнома ёки маълумотномаси асосида;

 чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилганда;

 чет давлат фуқароси миллий паспортининг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг 6 ой давомида уни алмаштирмаса ёки ўз давлати фуқаролигидан чиққанлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этмаса;

 давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари илтимосномасига биноан доимий яшашга рухсатнома олган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар – ушбу орган ва ташкилотларнинг билдиришномаси асосида;

 шахс ID-картани олаётганда ёки уни алмаштиришда ўзи ёки қариндошлари ҳақида ёлғон маълумот берганда, қалбаки, сохта ҳужжатларни тақдим этганда.

Бекор қилинган ID-карта шахснинг сўнгги яшаш жойидаги маълумотларни йиғиш пункти ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига йўқ қилиш учун топширилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига топширилган ID-карталар йўқ қилиш учун ИИВга юборилади (Низомнинг 22-б.).

ID-карта эгасининг шахсини ва доимий рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади (Низомнинг 24-б.).

ID-карта йўқолган тақдирда, дарҳол янги ID-картани расмийлаштириш учун маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши шарт.

Топиб олинган ID-карта эгасига қайтариш учун ички ишлар органига топширилиши лозим (Низомнинг 25, 26-б.).

Янги ID-карта бериш чоғида илгари берилган яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан олиб қолинади (Низомнинг 29-б.).

Фуқаролиги ўзгарган ёки хорижий давлатда доимий яшашга қолиш истагини билдирган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картани сўнгги яшаш жойидаги маълумотларни йиғиш пункти ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига топшириши шарт. Бундай ID-карталар йўқ қилиш учун ИИВга юборилади (Низомнинг 30-б.).

ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаганда, яроқсиз ҳолга келтирганда, йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, янги ID-карта кўпайтирилган миқдордаги давлат божи тўлови асосида расмийлаштириб берилади.

Бошқа шахсга тегишли бўлган ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолатга келтириш ёки яшириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан жавобгарлик белгиланади.

Талабномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига вояга етмаган шахслар номидан мурожаат қилган шахслар ёки вояга вояга етган ва ID-картани биринчи маротаба олаётган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар шахсан жавобгар ҳисобланади (Низомнинг ­31–33-б.).

Прочитано: 368 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика