Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 03-04 / Хўжалик юритиш қоидалари

Гўзаллик салони учун ҳужжатлар

 

Жисмоний шахс ўзининг нотурар биносида гўзаллик салони очишни режалаштиряпти. 8 нафардан 10 нафаргача ходимларни ёллашни мўлжаллаяпти.

Жисмоний шахс томонидан гўзаллик салонини очишда ходимлар билан муносабатни қандай расмийлаштирган маъқул? Улар салонда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишлаши мумкинми? Ходимларнинг ҳар бири билан ижара шартномасини расмийлаштириш зарурми?

 

– Жисмоний шахс гўзаллик салонини очиш учун якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин (Низомнинг 2-боби, ВМнинг 9.02.2017 йилдаги ­66-сон қарорига 1-илова). Якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига ­1-илова) сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр, косметолог хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар киритилган.

ЯТТ бир нечта фаолият турини амалга оширган тақдирда ҳам уч нафар ходимни ёллаши мумкин. Ёлланган ходим билан меҳнат шартномаси 3 нусхада (ДСИ, ходим ва ЯТТ учун) тузилади. Меҳнат шартномаси муддати ЯТТ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги лозим. Ходимга меҳнат дафтарчаси берилмайди (Низомнинг 4, 9, 10-б., ВМнинг 31.07.2015 йилдаги 219-сон қарорига 1-илова).

Шу билан бирга, ЯТТ ўзини ўзи банд қилган шахс мақомига эга бўлганларни ёллаши мумкин эмас (Низомнинг 2-б. 5-хатбошиси, ВМнинг 23.12.2020 йилдаги 806-сон қарорига 1-илова).

Юридик шахс ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида, яъни фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бўйича ишларни бажаришга ва хизмат кўрсатишга жалб этишга ҳақлидир. Шартномада ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойини гўзаллик салони деб белгилаш мумкин.

Шунингдек юридик шахс ўзини ўзи банд қилган шахслар билан гўзаллик салони биносининг бир қисмини ижарага бериш шартномасини (агар бино жисмоний шахс томонидан унинг ўзи ташкил қилган юридик шахсга берилган бўлса) ёки субижара шартномасини (агар бино жисмоний шахс томонидан унинг ўзи ташкил қилган юридик шахсга ижара шартномаси бўйича берилган бўлса) тузишга ҳақлидир.

Прочитано: 603 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика