Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 03-04 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ишончноманинг ўзи етарли

 

Корхона балансида автомобиль мавжуд. Ундан хизмат мақсадларида, шу жумладан ишдан ташқари вақтда фойдаланадиган ходимга ишончнома ёзиб берилган. Яъни у эрта тонгдан ва кечқурун автомобилдан фойдаланиши мумкин. Ходим ўз хоҳишига кўра автомобилдан фойдаланиш ва уни таъмирлаш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олишини билдирди.

Ишончнома мавжуд бўлганда ходимга йўл варақаси ёзиб берилиши лозимми?

Ходим хизмат автомобилидан ишдан ташқари вақтларда фойдаланган ҳолларда текширувчи органларда ходим хизмат автомобилидан шахсий мақсадларда фойдаланаяпти деган тахмин пайдо бўлиши ва бунинг учун корхонани жазога тортиши эҳтимоли борми? 

 

– Ҳозирги пайтда йўл варақасининг мавжуд бўлиши тўғрисидаги талаб қуйидагиларга татбиқ этилади:

  • идоравий мансублигидан қатъи назар, автомобиль транспортида юк ташиш билан банд бўлган юридик шахсларга (АВ томонидан 2.07.2004 йилда 1382-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома);
  • ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мансублигидан қатъи назар, автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро мунтазам йўловчилар ташувларини амалга оширувчи автомобиль ташувчиларига (АВ томонидан 9.10.2003 йилда 1282-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).

Ходимларнинг хизмат сафарларига боришида фойдаланиладиган енгил автомобиллар учун йўл варақаларининг алоҳида шакллари назарда тутилмаган. Корхона автомобилдан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни (ЁММ, ҳайдовчининг иш ҳақи ва бошқалар) назорат қилиш учун ўзи ишлаб чиққан йўл варақалари шаклидан фойдаланиши мумкин, унда бунинг учун барча зарур маълумотлар (сана, йўналиш, босиб ўтилган масофа, чиқиб кетиш (қайтиш) вақти, ёқилғи сарфи ва бошқалар) кўрсатилади.

Бундан келиб чиқадики, енгил автотраспортни бошқариш учун йўл варақаси ёзиб берилиши шарт эмас.

Таъкидлаш жоизки, ҳайдовчиларнинг корхона, муассаса ва ташкилотларнинг транспорт воситаларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТК 141-м.). Транспорт воситасидан ғаразли мақсадларда фойдаланилиши фаол ҳаракатлар шаклида (масалан, ҳайдовчи томонидан ноқонуний рейсни амалга ошириш), шунингдек ҳаракатсизлик шаклида (ҳайдовчининг бундай хатти-ҳаракатларига мансабдор шахснинг тўсқинлик қилмаслиги) ифодаланиши мумкин.

Ушбу асос бўйича қуйидаги санкциялар қўлланилади:

  • қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши техникасидан фойдаланганлик учун – Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш бўйича инспекция органлари (МЖТК 245-7-м.);
  • ҳайдовчилар - ҳарбий хизматчилар ва йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун – Мудофаа вазирлиги органлари (МЖТК 256-м.);
  • бошқа ҳолатларда – ички ишлар органлари томонидан (МЖТК ­248-м.).

Ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарима ҳайдовчидан ҳамда транспорт воситасидан фойдаланилиши учун масъул бўлган мансабдор шахсдан ҳам ундирилади.

Бунда ходимга бериладиган ишончномада «автотранспортни туну кун бошқариши» кўрсатилса, текширувчи органлар томонидан эътирозлар билдирилмаслиги керак.

Таъкидлаш жоизки, енгил автотранспорт учун қатнов лимити фақат бюджет ташкилотлари учун белгиланган (ВМнинг 2.04.1999 йилдаги 154-сон қарорига 2-илова). Бундан келиб чиқиб, нодавлат корхоналарига тегишли бўлган автотранспорт воситасидан фойдаланиш тартиби ва вақти корхона томонидан белгиланади.

Прочитано: 340 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика