2020 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китобини тақдим этиш муддати яқинлашмоқда. «Norma» компанияси эксперти Олег ЦОЙ уни тўлдиришга оид жиҳатлар ҳақида гапириб берди.
Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддати
Мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини (7-илова, АВ рақами 3221, 24.02.2020 йил) солиқ бўйича ҳисобга олиш жойида йилда 1 марта, йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этинг (СК 417-м. 2-қ.).
Йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддати – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун эса – 25 мартидан кечиктирмай (Низом 2, 4-б., АВ рақами 942, 3.07.2000 йил).
Кўчмас мулк солиқ бўйича ҳисобга олиш жойида жойлашмаган бўлса, солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича ҳам ҳисоб-китобни тақдим этинг. Бироқ бу қуйидаги мол-мулкка тааллуқли эмас (ҳисоб-китоб солиқ бўйича ҳисобга олиш жойида тақдим этилади):
- темир йўллар;
- магистраль қувурлар;
- алоқа ва электр узатиш линиялари;
- мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар.
Ўзбекистон норезидентлари бўлган юридик шахслар солиқ ҳисоботини ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралига қадар бўлган муддатда тақдим этадилар.
Қуйидагилар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан озод қилинади:
- ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган ва ходимларининг умумий сонида бундай шахслар камида 50%ни ташкил этадиган юридик шахслар. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий МҲТФнинг камида 50%ини ташкил этиши керак;
- энергия ишлаб чиқарувчилар – қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун, улар фойдаланишга жорий этилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга (СК 414-м. 2-қ.).
Ҳисоб-китоб қандай тўлдирилади
my.soliq.uz порталида жойлаштирилган шаклдаги шартли мисол ёрдамида Ҳисоб-китоб тўлдирилишини кўриб чиқамиз.
Ҳисоб-китобни қуйидаги кетма-кетликда тўлдиришни тавсия этамиз.
1. 3-илова «Солиқ солинмайдиган мол-мулк рўйхати».
Уни қуйидагиларга эга бўлган солиқ тўловчилар тўлдиради:
- маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, ижтимоий таъминот объектлари;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун, шунингдек ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулк (СК 414-м.1-қ.).
Бундан ташқари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳам имтиёзлар тақдим этилиши мумкин. Бу ҳолда 1-устунда мавжуд рўйхатдаги имтиёз асосини танланг, 3 ёки 4-устунларда эса мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ (ўртача йиллик) қийматини кўрсатинг.
Шуни инобатга олингки, қуйидагиларда назарда тутилган имтиёзлар:
СКнинг 2007 йил таҳриридаги 269-моддасида, 2020 йил 1 апрелгача амал қилган;
солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, ш.ж. Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 январгача қабул қилинган қарорларида, уларнинг амал қилиш муддати тугагунча амал қилади (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонун 4-м.).
Қуйидагилар 2020 йилнинг 1 июнидан 31 декабригача бўлган даврда мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинган:
- кичик тадбиркорлик субъектлари;
- бозорлар ва савдо комплекслари;
- кинотеатрлар;
- умумий овқатланиш корхоналари;
- жамоат транспорти корхоналари;
- спорт-соғломлаштириш муассасалари;
йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, ш.ж. банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар (18.05.2020 йилдаги ПФ-5996-сон Фармон 1-б.; 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармон 7-б. «а» кичик банди).
3-иловада қуйидагича изоҳ берилган:«Ҳисоб-китобни кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органига тақдим этишда ушбу илова фақатгина кўчмас мулк объекти (бинолар, иншоотлар ва норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар) ҳақиқатда жойлашган ер бўйича тўлдирилади». Яъни кўчмас мулк объектини фақатгина у жойлашган ер бўйича ҳисоб-китобга киритинг.
2. Ҳисоб-китобга 2-илова «Норматив муддатларда ишга туширилмаган, қурилиши тугалланмаган объектларнинг рўйхати».
Қурилиши тугалланмаган объектларга норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар киради. Ушбу муддат лойиҳа-смета ҳужжатларида (ЛСҲ) белгиланади. Агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса – ушбу объектнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида (СК 411-м. 2-қ.).
Иловада қуйидагиларни кўрсатинг:
- объектнинг номи;
- объект қурилишига доир ЛСҲда белгиланган норматив муддат;
- объектни ишга тушириш муддати (белгиланган бўлса);
- норматив муддатларда тугалланмаган қурилиш қиймати (ҳар ой охиридаги ҳолатга кўра).
2-иловада қуйидагича изоҳ берилган: «Ҳисоб-китобни кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органига тақдим этишда ушбу илова фақатгина қурилиши тугалланмаган объектларнинг ҳақиқатда жойлашган ер бўйича тўлдирилади». Яъни кўчмас мулк объектини фақатгина у жойлашган ер бўйича ҳисоб-китобга киритинг.
3. 1-илова «Солиқ солинадиган объектларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймати) ҳисоб-китоби».
Тегишли ойлар бўйича 3-14-устунларда қуйидагиларни кўрсатинг:
Сатр коди
|
Кўрсаткич
|
Тўлдириш тартиби
|
0101
|
Кўчмас мулкнинг бошланғич (тиклаш) қиймати
|
Кадастр органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотлар бўйича ушбу ахборотни тегишли ойнинг охирги санасида 0120-«Бинолар, иншоотлар ва ўтказувчи қурилмалар» счёти бўйича айланма-сальдо қайдномасидан олишингиз мумкин. Йил давомида объектлар қўшилмаган ёки чиқиб кетмаган бўлса, ушбу кўрсаткич ўзгармайди. 2020 йил 1 январдаги ҳолатга кўра асосий фондлар қайта баҳоланган бўлса, ушбу сатрда тиклаш қийматини кўрсатинг (қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда). |
0102
|
Эскириш суммаси
|
Ушбу кўрсаткични қуйидаги формула бўйича аниқланг: Ой охиридаги жамғарилган эскириш = Ой бошидаги жамғарилган эскириш + Тегишли ой учун ҳисобланган эскириш суммаси 1.01.2020 йилдаги ҳолатга кўра эскириш қайта баҳоланган бўлса, у ушбу кўрсаткични ҳисоблаш чоғида ҳисобга олинади, эскириш эса тиклаш қийматидан ҳисобланади (қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда). Масалан:
|
0201
|
Бошланғич (тиклаш) қиймати:
|
Ушбу кўрсаткични бинолар ва иншоотлар учун бўлганидек тартибда ҳисобланг.
Изоҳ: 2020 йилда ушбу объектлар бўйича 0,2%лик солиқ ставкаси қўлланган (СК 415-м. 4-қ.) |
0202
|
Эскириш суммаси
|
Ушбу кўрсаткични бинолар ва иншоотлар учун бўлганидек тартибда ҳисобланг
|
030
|
Консервация қилиниши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва тугалланмаган қурилиш объектларининг қолдиқ қиймати
|
Консервация қилинган асосий воситалар 0199-счётда қайд этилади, тугалланмаган қурилиш объектлари эса – 0810-«Тугалланмаган қурилиш» счётида. Кўчмас мулк учун ушбу кўрсаткични бинолар ва иншоотлар учун бўлганидек тартибда, бироқ консервацияга қўйиладиган асосий воситалар бўйича эскиришни ҳисоблаш тўхтатиб турилишини инобатга олган ҳолда ҳисобланг (5-сон БҲМС 32-б., АВ рақами 1299-сон, 20.01.2004 йил.).
Изоҳ: 2020 йилда ушбу объектлар бўйича 0,2%лик солиқ ставкаси қўлланган (СК 415-м. 4-қ.) |
040
|
Қурилиш ташкилотлари ёки иморатларни қурувчилар балансида кейинчалик сотиш учун кўрсатилган фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтган турар жой кўчмас мулк объектларининг қиймати
|
Ушбу кўрсаткични 6 ойдан ортиқ балансда қайд этилган сотилмаган турар жой кўчмас мулк объектлари қисмида аниқланг
|
050
|
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари кўчмас мулкининг қиймати
|
Ушбу сатрни Ўзбекистон норезидентлари тўлдирадилар. Ўзбекистон норезидентларининг кўчмас мулк объектларига нисбатан солиқ базаси ушбу мол-мулкнинг ўртача йиллик қийматидир (СК 412-м. 2-қ.). |
060
|
Норматив муддатда ишга туширилмаган, қурилиши тугалланмаган объектнинг қиймати
|
Ушбу сатрни 2-илованинг «жами» сатридаги маълумотлардан келиб чиқиб тўлдиринг
|
15-устунда ўртача йиллик қиймат 3-14-устунларда кўрсатилган кўрсаткичлар суммасининг 1/12 қисми сифатида автоматик равишда аниқланади.
1-иловада қуйидагича изоҳ берилган:
«Ҳисоб-китобни кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органига тақдим этишда ушбу илова фақатгина кўчмас мулк объекти (бинолар, иншоотлар ва норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар) ҳақиқатда жойлашган ер бўйича тўлдирилади (020-сатрда кўрсатилган объектлар бундан мустасно), шу билан бирга ушбу кўчмас мулк солиқ рўйхатга олинган жойда ҳисоб-китобни топширишда ҳисобга олинмайди. 020-сатрда кўрсатилган объектлар бўйича ҳисоб-китоб фақат солиқ ҳисобини олиб бориш жойидаги солиқ органларига берилади». Яъни кўчмас мулк объектини фақатгина у жойлашган ер бўйича ҳисоб-китобга киритинг. Темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар бундан мустасно. Улар солиқ бўйича ҳисобга олинган жойга тақдим этиладиган ҳисоб-китобга киритилади.
4. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китоби.
Шаклнинг сатрма-сатр тўлдирилишини кўриб чиқамиз.
Сатр коди
|
Кўрсаткич
|
Тўлдириш тартиби
|
0101
|
Солиқ солинадиган бино ва иншоотларнинг (шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган) ўртача йиллик қолдиқ қиймати
|
Ушбу ахборотни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 15-устуни 0103-сатридан олишингиз мумкин. Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахслар – Ҳисоб-китобга 1-илованинг 15-устуни 050-сатридан |
0102
|
Ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати
|
Тўлдирилмайди
|
0201
|
Бинолар ва иншоотлар бўйича солиқ базасини камайтириш
|
Ушбу ахборотни Ҳисоб-китобга 3-илованинг 3-устунидан олишингиз мумкин
|
0202
|
Ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк бўйича солиқ базасини камайтириш
|
Тўлдирилмайди
|
030
|
Тўлиқ амортизация қилинган бинонинг қайта баҳоланган (бозор) қиймати
|
Бино тўлиқ амортизация қилинган бўлса, мол-мулк солиғини уч йилда камида бир марта аниқланадиган қайта баҳоланган (бозор) қийматидан келиб чиқиб ҳисобланг (СК 412-м. 1-қ. 1-б.) Қонун ҳужжатларида мол-мулк солиғи солиш мақсадида бундай қиймат қандай аниқланиши белгиланмаган. Бинобарин, буни мустақил равишда ёки баҳоловчи ташкилотни жалб этган ҳолда амалга оширишингиз мумкин. Кейинги вариантда бозор қиймати янада ишончли ва ҳаққоний баҳоланади |
060
|
020-сатрдаги камайтиришни ҳисобга олган ҳолда 010, 030 ва 040-сатрларда кўрсатилган объектлар бўйича солиқ ставкаси
|
Солиқ ставкаси 2% миқдорида белгиланган (СК 415-м. 1-қ.)
|
100
|
080 ва 090-сатрларда кўрсатилган объектлар бўйича солиқ ставкаси
|
2020 йил учун солиқ ставкаси 0,2% миқдорида белгиланган
|
150
|
140-сатрда кўрсатилган объектлар бўйича солиқ ставкаси
|
Солиқ ставкаси 4% миқдорида белгиланган (СК 415-м. 2-қ.)
|
180
|
Солиқ даври учун бўнак тўловлар бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳисобланган суммаси
|
Ушбу ахборотни 2020 йил учун бўнак тўловлар тўғрисидаги маълумотномадан олишингиз мумкин
|
2101
|
Солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси (маълумот учун)
|
Ушбу ахборотни солиқ бўйича ҳисобга олинган жойга тақдим этиладиган Ҳисоб-китобнинг 170-сатридан олишингиз мумкин
|
2102
|
Кўчмас мулкнинг жойлашган жойи бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси (маълумот учун)
|
Ушбу ахборотни кўчмас мулк жойлашган жойга тақдим этиладиган Ҳисоб-китобнинг 170-сатридан олишингиз мумкин
|
21021-21100
|
Кўчмас мулкнинг жойлашган жойи бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси (объектлар кесимида)
|
Кўчмас мулк объектлари жойлашган жой ва солиқ суммасини кўрсатинг (ҳар битта объект бўйича алоҳида)
|
Қолган сатрлардаги қийматлар автоматик равишда ҳисобланади.
Ҳисоб-китобда қуйидагича изоҳ берилган: «210-сатр ва бошқалар ҳисоб-китобни фақатгина солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органларига тақдим этишда тўлдирилади». Ушбу ахборот маълумотнома тусига эга, у умуман корхона бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини акс эттиради.
Бўнак тўловларни ҳисобга олган ҳолда солиқнинг якуний суммасини 190-сатрда (қўшимча тўлашга) ёки 200-сатрда (камайтиришга) кўришингиз мумкин.
Қуйидагиларга нисбатан оширилган ставкалар қўлланиши мумкин:
- бўш турган бинолар; фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари;
- яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар;
- тугалланмаган қурилиш объектлари (СК 415-м. 3-қ.).
Бунда СК 414-моддасида кўрсатилган солиқ имтиёзлари уларга татбиқ этилади. Оширилган ставкаларни қўллаш тартиби 13.08.2019 йилдаги 666-сон ВМҚда белгиланган.
Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, ш.ж. 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан оширилган ставкаларни қўллаш тартиби 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар тўхтатилди (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармон 4-б. «в» кичик банди).
2020 йил 1 апрелга қадар сизда тегишли хулоса чиқарилган объектлар бўлган бўлса, уларни акс эттириш учун Маълумотнома-ҳисоб-китоб ва Ҳисоб-китобга 4-илова назарда тутилган.
www.buxgalter.uz