Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 03-04 / Хўжалик юритиш қоидалари

Давлат дастурига 2021 йилги тадбиркорлар учун 8 та муҳим банд киритилмоқда

 

Президентнинг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси муҳокама учун тақдим этилди. Ҳужжатда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар назарда тутилган. Асосийларини санаб ўтамиз:

 

1. Қуйидагилар 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилади (лойиҳанинг 2-б.):

  •  солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий;
  •  туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига берилган ер ва мол-мулк солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар, аввал солиқларни тўлаш 2020 йил якунига қадар кечиктирилган эди;
  •  Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ–5969сон Фармонида назарда тутилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриш, шунингдек солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилишига чеклов – 2020 йил 31 декабрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзга нисбатан;
  •  микрофирма, кичик корхона ва ЯТТларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб солиқ органларини хабардор қилган ҳолда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тартиби (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармон).

2. Ишсизлар қуйидаги чора-тадбирлар туфайли фермерларга ёки ўзини ўзи банд қилган шахсларга айланадилар:

  •  2021 йил 1 июлдан бошлаб деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратилади;
  •  ажратилган ер майдонлари суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқалар) ҳамда электр энергияси билан таъминланади;
  •  янги фермерларга берилган ерларни ўзлаштириш учун мақсадли субсидиялар ажратилади;
  •  тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсизларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун 7 млн сўмгача субсидиялар ажратилади.

3. 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди: ўрта тиббиёт мутахассисларига «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

4. Хўжалик юритувчи субъектларни энергия ресурслари билан таъминлаш тартиби соддалаштирилади:

  •  2021 йил 1 мартдан суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади;
  •  2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантириш «йўл харитаси» ишлаб чиқилади;
  •  2021 йил 1 августдан бошлаб йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

5. Валютани сотиб олиш тартиби соддалаштирилади. Бунинг учун Марказий банк томонидан:

  •  банклараро валюта бозори онлайн-платформага ўтказилади;
  •  тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш имконияти яратилади;
  •  расмий валюта курси кунлик эълон қилиб борилади.

6. Давлат солиқ қўмитаси томонидан кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари учун молиявий ҳисоботни автоматик тарзда шакллантириб, солиқ органларига юбориш ва мониторинг олиб бориш имконини берувчи электрон тизим 2021 йил 1 июнга қадар жорий этилади. Мазкур электрон тизимдан фойдаланувчи хўжалик субъектларида солиқ аудити ўтказилмайди.

7. 2021 йил 1 июлдан бошлаб божхона органлари масофавий электрон декларациялаш тизимига босқичма-босқич ўтадилар.

8. Тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш, электрон ҳужжат айланиши, хизматларни почта алоқасидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш механизмлари такомиллаштирилади.

 

Саида Жанизакова тайёрлади.

Прочитано: 353 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика