Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 03-04 / Тармоқли маркетинг

Тармоқли маркетинг ривожига нималар халақит беряпти

 

Бир неча йил олдин сариқ матбуот «Ўзбекистонда тармоқли маркетингни тақиқлашди!» дея айюҳаннос солган эди. Ҳозирда бу шов-шувларни ижтимоий тармоқлар тарқатмоқда. Аслида вазият қандай эканлиги хусусида Viva Group USA Inc (АҚШ) муассиси, «Terra Culina» МЧЖ (Ўзбекистон), dorixona.online онлайн дорихоналар тармоғининг муассиси Ҳумоюн Аҳмаджонов шарҳлайди.

 

Ўзбекистонда тармоқли маркетинг қандай тартибга солинади

Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига (13.02.2003 йилдаги 75-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – Қоидалар) мувофиқ:

  • тармоқли маркетинг (ТМ) – тармоқли ташкилот томонидан товарларни мустақил тарқатадиган сотувчи агентлар ташкил этилишига асосланган товарларни чакана сотиш тури;
  • тармоқли ташкилот – мустақил равишда ёхуд тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали савдони амалга оширувчи юридик шахс;
  • сотувчи агент – турғун савдо шохобчалари орқали товарларни бевосита сотувчи, шунингдек уйга буюртма олиш воситасида, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада потенциал харидорлар билан ишлайдиган, даромади фақат сотув ҳажмига боғлиқ бўлган жисмоний шахс – юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор (Қоидаларнинг 3-б.).

Тармоқли ташкилот агентларга товарларни шартнома (олди-сотди, воситачилик, топшириқ ва бошқалар) асосида нақд бўлмаган ҳисоб-китоб бўйича сотади (Қоидаларнинг 187-1-б.).

Товарлар турғун савдо шохобчаларидан ташқарида (уйга буюртмалар қабул қилиш, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада) сотилганда агентлар маҳсулотни харид қилишга қизиқмайдиган истеъмолчиларга уларни зўрлаб тиқиштирмасликлари, шунингдек уларнинг биринчи талаби билан товарларни таклиф қилишни тўхтатишлари керак (Қоидаларнинг 187-2-б.).

Агентлар томонидан буюртмалар бевосита мулоқот қилиш асосида харидорларнинг товарнинг у ёки бу турини харид қилиши учун қабул қилинади, буюртма 2 нусхадаги бланкаларда расмийлаштирилади, бланкада:

  • буюртманинг тартиб рақами;
  • сотувчи агентнинг Ф.И.О.;
  • сотувчи агент ва тармоқли ташкилот ўртасида тузилган шартноманинг тартиб рақами ва санаси;
  • сотиладиган товарнинг номи, нархи, миқдори ва умумий қиймати, шунингдек қўшимча хизматлар кўрсатилса, кўрсатиладиган қўшимча хизматлар қиймати;
  • сотиб олинадиган товарга ҳақ тўлаш усули;
  • буюртма қабул қилинган ва у бажариладиган сана;
  • харидорнинг фамилияси (исми, отасининг исми) ва имзоси кўрсатилади (Қоидаларнинг 187-3-б.).

Агентларга хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари орқали олинган биоактив қўшимчалар, дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш тақиқланади (Қоидаларнинг ­187-5-б.). Шу ўринда мазкур банднинг ўзбек ва рус тилидаги матнлари бир биридан анчайин фарқ қилади. Асос сифатида давлат тилидаги матн олинди.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳисобланмаган жисмоний шахслар ҳамда хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари орқали тармоқли маркетинг воситасида импорт товарларни олиб келиш ва сотишга йўл қўйилмайди.

Тармоқли ташкилотлар ва (ёки) уларнинг сотувчи агентлари томонидан товарларни сотишдан олинган барча нақд пул тушумлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банкка инкассация қилиниши (топширилиши) керак (Қоидаларнинг 187-6-б.).

Тармоқли ташкилот ўз фаолиятида:

  • товарлар сотувчи агентларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фақат нақд бўлмаган ҳисоб-китоб бўйича сотилишига;
  • агентлар билан тузилган шартномалар асосида уларни жалб этишга;
  • солиқ ва молия ҳисоботи тақдим этишга;
  • агентларга улар томонидан сотилиши ҳуқуқидан далолат берувчи гувоҳнома, сотиладиган товарларнинг зарур сертификатлари ва юкхатлари нусхаларини беришга;
  • сотилмаган товарларни олдин улар учун қабул қилинган пул маблағларини қайтарган ҳолда агентлардан қайтариб олишга мажбурдир.

18 ёшга тўлмаган шахсларни ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларини агентлар сифатида жалб этиш тақиқланади (Қоидаларнинг ­187-7-б.).

ТМни амалга оширишда:

  • шартнома тузиш учун агент сотиб олиши керак бўлган товарларнинг минимал миқдорини белгилашга;
  • тўловни аъзолик бадали шаклида ундиришга;
  • сотувчи агент томонидан бошқа агентларни жалб этиш тўғрисида талаб белгиланишига йўл қўйилмайди (Қоидаларнинг 187-8-б.).

Сотувчи агентга Солиқ кодексида якка тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солинади (Қоидаларнинг 187-9-б.).

Қонун ҳужжатларида ТМни тартибга соладиган бошқа нормалар белгиланган эмас.

 

Сотувчи агентнинг даромади нимадан иборат

Қоида тариқасида, якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сотувчи агент ҳисобланади. Қоидаларга мувофиқ унинг вазифасига тармоқли ташкилотдан харид қилинган товарларни тарқатиш киради. Сотувчи агентнинг даромади фақатгина сотув ҳажмларига боғлиқ бўлади. Агентнинг сотув ҳажмлари деганда нима тушунилиши қонун ҳужжатларида ойдинлаштирилмаган. Лекин ТМнинг тижорат амалиётини ҳамда товар истеъмолчиларга тармоқли ташкилот томонидан ўрнатилган нарх бўйича сотилишини ҳисобга олганда, қуйидаги хулосани чиқариш мумкин бўлади: агент ўз даромадини сотилаётган маҳсулотга қўйилган устамадан эмас, балки сотувчи ташкилотдан бонуслар ва мукофотлар тарзида олади.

Қонун ҳужжатларида сотувчи агентлар томонидан олинадиган бонусларнинг энг кам ва (ёки) энг кўп миқдорлари белгиланган эмас. Уларнинг миқдори, тўланиш муддатлари шартномада белгиланади. Бунда бонуснинг миқдори фақатгина сотувчи агентнинг сотувлари ҳажмига боғлиқ бўлиши лозим. Қоидаларнинг 187-9-бандига кўра, агентга Солиқ кодексида ЯТТ учун белгиланган тартибда, аниқроғи, чакана савдо учун белгиланган тартибда солиқ солинади.

Харидорларни жалб этганлик учун бонусларни тўлаш Қоидаларга зид амалиётдир. Агар сотувчи ташкилот бонусларни сотув ҳажмлари ҳисобидан тўлайдиган бўлса, бу назорат қилувчи органлар томонидан жисмоний шахснинг ФҲТ шартнома бўйича олинган даромади сифатида баҳоланиши мумкин. Бундай шартнома расман ёзма тарзда тузилмаган тақдирда ҳам сотув ҳажмлари ҳисобидан даромад олиш Қоидалар билан тартибга солинмаган бошқа турдаги битим сифатида малакаланади. Бу ҳолда сотиш ҳажмлари ҳисобидан бонуслар предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат бўлган, тузилган ФҲТ шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳисобланади (СК 371-м. 2-қ.).

Қоидаларда бонусларни тўлаш тартиби белгиланмаган. У шартнома билан белгиланади. Модомики сотувчи ташкилот билан агент ўртасида шартномавий муносабатлар амал қилар экан, бонусларнинг миқдори ҳам айнан шартномада кўрсатилган бўлиши керак. Бонусларни тўлашга доир ҳар қандай ўзгаришлар қўшимча келишувда ёзиб қўйилиши даркор.

Сотувчи агент маҳсулотни якуний истеъмолчи – жисмоний шахсга реализация қилади. Агар жисмоний шахс мазкур харид қилинган маҳсулотни кейинчалик сотса, у ҳолда солиқ оқибатлари сотувчи агентда эмас, бевосита жисмоинй шахсда юзага келади.

 

ТМга солиқ солишдаги муаммолар

Солиққа оид қонун ҳужжатларида тармоқли маркетингда солиқ оқибатлари тўлиқ очиб берилмаган. Қоидаларда фақатгина битта схема келтирилади: «сотувчи ташкилот – сотувчи агент (якка тартибдаги тадбиркор) – истеъмолчи». Аслини олганда, шериклар, истеъмолчилар мураккаб иерархияга эга бўлишади ва уларнинг ҳар бирининг ўз бонуслари бор. Кимдир маҳсулот сотилишидан улуш олади, кимдир товар харид қилинишидан чегирма олади.

Сотувчи ташкилот ва унинг агентига солиш солиш қийинчилик туғдирмаса-да, лекин бонуслар, мукофотлар ва ҳ.к. кўринишидаги даромадларга солиқ солиш муаммоли масала. Жисмоний шахслардан ҳеч бири (шериклар, мижозлар) солиқ органларига декларация топширишга бормайди. Қолаверса, сотувчи ташкилотларнинг ўзи солиқ оқибатларини камайтириш усулларини қидиришади. Бир вариант сифатида бонусларни тўлаганда ЖШДС ушлаб қолишади. Бонусларнинг кейинги занжирига эса солиқ солинмайди.

ТМ раҳбарлари билан суҳбатда айнан шерикларнинг (барча жисмоний шахслар шериклар ҳисобланади) даромадларига солиқ солиш кўпроқ саволларни келтириб чиқарди. Улар барча шериклар учун солиқларни тўлаб қўйишга тайёрлар, лекин 12 фоизлик ставка у қадар манфаатли эмас.

 

Нималарни ўзгартириш таклиф этилмоқда…

  • ТМни фуқаролик қонунчилиги қисмида мустақил бизнес тури сифатида белгилаш.
  • Қоидаларга мувофиқ унинг асосий манфаатдор томонлари иштирокида ТМнинг асосий принципларини ишлаб чиқиш.
  • Барча турдаги товарларнинг (шу жумладан БФҚ) реализациясига рухсат бериш, бундан махсус лицензия талаб қиладиганлари мустасно.
  • ТМда йирик пул маблағлари муомалада бўлишини ҳисобга олиб, солиқ маъмуриятчилиги соҳасида сотувчи ташкилотларга нисбатан солиқ назоратининг «солиқ мониторинги» шаклини қўллаш (СКнинг 19-боби).
  • Солиқ солиш соҳасида сотувчи ташкилотнинг бонуслар ва бошқа мукофотлар кўринишида тўлайдиган барча харажатларини чегириладиган харажатлар сифатида эътироф этиш.
  • Ўтиш даврида жисмоний шахслар – шерикларни легаллаштириш мақсадида уларни ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатига киритиш.

 

…бу нима беради

  • Бозорда ТМ кўринишида фаолият кўрсатишни режалаштираётган фирма бу ҳақда солиқ органини хабардор қилади. Бунда солиқ органи СКнинг 19-бобига биноан солиқ тўловчининг ҳамкори сифатида нафақат сотувчи ташкилот фаолиятини назорат қилди, балки сотувчи ташкилотни, шу жумладан унинг бўлинмаларини (филиаллари, йирик шерикларини) кузатиб, уларга маслаҳат бериб боради. Ташкилот ТМ фаолиятини бошлагани ҳақида солиқ органини хабардор қилмаган тақдирда, барча солиқларни тўлаган ҳолда жами тушумга 20 фоиз миқдорида жарима солишни таклиф этамиз.
  • Давлат органлари томонидан суиистеъмолликлар бўлмайди.
Прочитано: 160 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика