Хитойда Covid-19 коронавируси эпидемияси тарқагандан кейин «Бошпочтамт» ТИФ божхона постида ХХР ва Гонконгдан келадиган барча посилкаларни қабул қилиш тўхтатилди. Жорий йил март ойининг охирида «Ўзбекистон почтаси» АЖ давлат почта хизмати томонидан почта жўнатмалари учун мазкур тақиқ олиб ташланди ҳамда юқорида кўрсатилган мамлакатлардан почта жўнатмаларини олиш қайта тикланди. Бироқ барча учун ҳамда бошқа почта-курьерлик компаниялари учун тақиқ ўз кучида қолмоқда.
Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатлар ўртасида савдо ва товарлар олиб ўтилишига доир ҳеч қандай чекловларни тавсия этаётгани йўқ. Халқаро почта жўнатмалари (ХПЖ) орқали коронавирус инфекцияси юқтириб олинмаслиги боис уларни қабул қилиш хавфсиз бўлиб чиқмоқда. Мамлакатлар ўртасида, шунингдек мамлакатимизга ХПЖ оддий режимда амалга оширилмоқда.
ХПЖни почта-курьерлик компаниялари томонидан етказиб бериш имконияти тўғрисида мижозларимиз саволларига қандай тўғри жавобни берсак бўлади?
– Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси мажлисининг 20-баённомаси 8-бандига мувофиқ Махсус комиссия мажлиси 2-баённомасининг 1-бандида белгиланган Хитой Халқ Республикасидан хабарномалар (хатлар, ҳужжатлар) ва почта жўнатмаларини олишга вақтинчалик чекловларни «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва республикада рўйхатдан ўтган курьерлик ташкилотлари учун бекор қилишга доир таклиф қўллаб-қувватланди.
Бунда ўрнатилган барча санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативларга амал қилиш шарти билан эгаларига почта жўнатмаларини жўнатиш ва қабул қилишга рухсат этилган.
Жавоб ДБҚ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган.