Бугунги синовли кунларда юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш билан бир қаторда халқни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, пандемиянинг мамлакат иқтисодиётига етказадиган зарарини юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан республикамизда деҳқончилик ва фермер хўжаликларида экин-тикин ишлари санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя этган ҳолда давом эттирилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилди. Шу йилнинг эрта баҳоридаёқ божхона хизмати ходимларига томорқадан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, оила бюджетининг қўшимча даромад манбаи сифатида томорқачиликдан фойдаланиш имкониятлари тушунтириб борилмоқда. Шунинг амалий натижаси сифатида 518,8 сотих ер майдонига ҳар хил турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда мевали дарахтлар экилганини айтиш мумкин. Келгусида мазкур маҳсулотларни вилоят божхона бошқармаси ва божхона постларидаги ошхоналарга олиб келиниши режалаштирилган.
«Сирдарё» чегара божхона пости ва бошқарма тасарруфидаги 2 та хизмат уйида ходимлар ташаббуси билан ташкил қилинган 3 та ихчам товуқхонада тухум ҳамда масъул ходимнинг яшаш хонадонига жойлаштирилган қорамолдан сут ва сут маҳсулотлари олиниб, ходимларнинг кунлик озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи қондирилмоқда.
Айни пайтда бошқарма томонидан ушбу йўналишлардаги тадбирлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Бекзод ЧЎЛИЕВ,
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Кадрлар бўлими катта инспектори.