Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 20 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Республикамизда инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши учун самарасиз ишлаётган давлатга тегишли объектларни қулай шартларда тадбиркорлик субъектларига бериш, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда давлат ташкилотларига тегишли бўлган объектлар ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш ва уларни бошқариш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ва унинг ҳудудий бошқармаларининг давлат мулки объектлари, шунингдек, чет элда жойлашган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги тақдимномаларини бажармаганлик учун давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига ҳамда давлат мулки объектларидан фойдаланиб келаётган юридик шахслар раҳбарларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

бир ой муддатда фойдаланилмаётган давлат кўчмас мулкларидан самарали фойдаланиш бўйича намунавий «йўл-харитаси»нинг шаклини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда электрон тизимлар ўртасида давлат кўчмас мулклари ҳисобини юритиш ва улар тўғрисидаги онлайн маълумотлар алмашинувини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, «Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси» давлат корхонаси билан биргаликда давлат ташкилотлари, устав фондида (капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар, устав фондида (капиталида) 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни доимий янгилаб бориш бўйича онлайн маълумотлар алмашинувини таъминласин.

3. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар ишчи гуруҳ тузган ҳолда, давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари, давлат ташкилотлари хатловдан ўтказилишини ташкил қилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар томонидан ўзларига бириктирилган барча давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни бир ой муддатда Агентликнинг «property.davaktiv.uz» ахборот тизимига киритилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х.Бекенов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 8 май

273-сон.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 8 майдаги 273-сон қарорига
1-ИЛОВА

ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ҳисоб объекти – Ўзбекистон Республикасининг давлат кўчмас мулк (турар ва нотурар) объекти, автомототранспорт воситаси, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва ушбу ташкилотларнинг улуши мавжуд бўлган юридик шахслар (тегишли улуш (акция)), интеллектуал мулк объекти;

давлат мулки объектларининг ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) – Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) «property.davaktiv.uz» ахборот тизими орқали барча давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотлар жамланадиган маълумотлар базаси;

тақдимнома – давлат ташкилотлари, шунингдек, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган юридик шахслар ушбу Низом талабларини бажармаган тақдирда, Агентлик ва унинг тегишли ҳудудий бошқармалари томонидан ёзма равишда тақдим этиладиган ҳужжат.

 

2-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ

3. Ҳар чоракда бир маротаба, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-санасидан кечиктирмай, ахборот тизимига онлайн маълумотлар асосида ҳисоб объектлари бўйича зарур маълумотлар – СТИР рақами, улуш (акция) миқдори ва қиймати, муассиси (иштирокчи, акциядор) ва уларнинг СТИР рақами киритилади.

Қуйидагилар ахборот тизимига онлайн маълумотлар асосида ҳисоб объектлари бўйича:

а) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда – Давлат хизматлари агентлиги) томонидан:

давлат корхоналарининг рўйхати;

устав фондида (капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар, устав фондида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхати (акциядорлик жамиятлари бундан мустасно);

ягона давлат реестридан чиқарилган давлат корхоналари ҳамда давлат ташкилотлари иштирокидаги юридик шахсларнинг рўйхати;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан:

давлат ташкилотларининг рўйхати;

ягона давлат реестридан чиқарилган давлат ташкилотларининг (давлат муассасалари) рўйхати;

в) «Қимматли қоғозларларнинг марказий депозитарийси» давлат корхонаси (кейинги ўринларда – Депозитарий) томонидан:

устав фондида (капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятлари, давлат улуши мавжуд акциядорлик жамиятларининг улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятлари рўйхати, шу жумладан ушбу жамиятларнинг қимматли қоғозлари чиқарилишини ҳисобга қўйилиши ёки ҳисобдан чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар;

устав фондида (капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган масъулияти чекланган жамиятларининг улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятлари рўйхати шу жумладан ушбу жамиятларнинг қимматли қоғозлари чиқарилувини ҳисобга қўйилиши ёки ҳисобдан чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар;

устав фондида (капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятлари, қонун ҳужжатларида ҳамда акциядорлик жамиятларининг бошқарув органлари қарорлари асосида давлат улуши вужудга келган акциядорлик жамиятлари, ушбу акциядорлик жамиятларининг улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятларининг рўйхати;

г) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан давлат ташкилотларининг товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва уларнинг рўйхатдан ўтган рақами ва санаси ҳамда унинг амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар;

д) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги давлат ташкилотларига тегишли автомототранспорт воситаларининг рўйхатини (номи, русуми, давлат рақами, ишлаб чиқарилган йили билан биргаликда);

е) «Давергеодезкадастр» қўмитаси давлат кўчмас мулк объектларининг номи ва жойлашган ери (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган объектлар), кадастр рақами, кадастр қиймати, умумий ер майдони (кв.м), қурилиш ости майдони (кв.м), фойдали майдони (кв.м), объектлар тегишли бўлган юридик шахслар (СТИР рақами), объектларга бўлган ҳуқуқ турлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг захира ер фондидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларининг манзили, контури, майдони тўғрисидаги маълумотларни киритади.

4. Ахборот тизимига онлайн маълумотлари асосида ушбу Низомнинг 3-бандида қайд этилган ҳисоб объектларида ўзгариш бўлганидан сўнг беш иш куни ичида:

Давлат хизматлари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳамда Депозитарий томонидан қуйидаги ҳолларда тегишлилиги бўйича юридик шахс номи, СТИР рақами, улуш (акция) миқдори ва қиймати, муассиси (иштирокчи, акциядор), уларнинг СТИР рақами тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимига киритилади:

а) юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганда;

б) юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтказилганда (акциядорлик жамиятларида акциядор, акциялар сони ҳамда номинал қиймати ўзгарганда);

в) юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахс тугатилганлиги ёки қайта ташкил этилганлиги (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш), юридик шахснинг фаолияти тўхтатилганлиги тўғрисидаги ёзувлар киритилганда;

г) рўйхатдан ўтказувчи органдан юридик шахс томонидан молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаётганлиги ёки қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда устав жамғармасининг шакллантирилмаганлиги, шунингдек, унинг ихтиёрий тугатиш жараёнидалиги ёки тугатиш жараёнининг тўхтатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар олинганда;

д) юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганда;

е) юридик шахснинг идоравий мансублиги ўзгарганда.

«Давергеодезкадастр» давлат қўмитаси объектнинг кадастр рақами, қиймати, умумий ер майдони (кв.м), фойдали майдони (кв.м), ҳуқуқ турлари ўзгарганда маълумотлар киритади.

5. Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

6. Ҳисоб давлат мулки маълумотлари базасини ўзида жамловчи амалий дастурий восита ёрдамида ахборот тизимида келтирилган тартиб ва шакллар асосида юритилади.

7. Давлат ташкилотлари томонидан ҳисоб объектларининг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимига ҳар чоракда бир маротаба, ҳисобот давридан кейинги ойнинг ­15-санасидан кечиктирмай киритиб борилади.

 

3-БОБ. ҲИСОБ ОБЪЕКТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ АХБОРОТ ТИЗИМИГА КИРИТИШ ТАРТИБИ

8. Давлат ташкилотлари томонидан ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш вазифалари қуйидагича:

ҳар бир ҳисоб объектлари бўйича зарур ахборотни ахборот тизимига киритиш;

ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ ҳисоб объектлари ҳақидаги маълумотларни даврий равишда киритиб бориш.

9. Давлат ташкилотлари томонидан ахборот тизимига ўзига бириктирилган ҳисоб объектлари бўйича қуйидаги маълумотлар (ҳар бирини алоҳида шаклда) киритиб борилади:

а) давлат кўчмас мулки объектлари бўйича:

объектнинг номи ва жойлашган ери (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган объектлар ва автомобиль йўллари);

объектнинг кадастр рақами;

объект тегишли бўлган юридик шахс (СТИР рақами) ва уларнинг юқори ташкилоти (агар мавжуд бўлса);

объектнинг баланс (қолдиқ) қиймати;

объектнинг умумий ер майдони (кв.м);

объектнинг қурилиш ости майдони (кв.м);

объектнинг фойдали майдони (кв.м);

объектга бўлган ҳуқуқ тури;

объектнинг жорий ҳолати (фойдаланишда, бўш, ижара) ва фотосуратлари;

объектнинг самарали фойдаланиш бўйича ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилганлиги (қарор рақами, санаси ва мазмуни);

б) автомототранспорт воситалари бўйича:

автомототранспорт воситаси номи;

автомототранспорт воситаси давлат рақами;

автомототранспорт воситасининг ишлаб чиқарилган йили;

автомототранспорт воситасининг жорий ҳолати, техник паспорт рақами ва фотосуратлари;

автомототранспорт воситасининг баланс (қолдиқ) қиймати;

в) давлат иштирокидаги ташкилотлар бўйича:

давлат иштирокидаги ташкилотлар (давлат ташкилотлари, хўжалик жамиятлари, унитар корхоналар, шуъба корхоналари) номи ва унинг СТИР рақами;

давлат улуш (акция) миқдори ва қиймати (минг сўм);

устав фонди миқдори (минг сўм);

г) интеллектуал мулк объектлари:

давлат ташкилотларининг товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва уларнинг рўйхатдан ўтган санаси, рақами ва амал қилиш муддати.

10. Давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган юридик шахслар ушбу Низомнинг 7-бандда белгиланган муддатларда ҳамда 9-бандига мувофиқ уларга давлат мулки сифатида фойдаланиш учун бириктирилган ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиб боради.

11. Давлат мулкидаги ҳарбий ва махсус мақсадлардаги объектлар, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган объектлар ҳамда гидротехника иншоотлари объектларининг ҳисоби юритилмайди.

12. Ахборот тизимига киритилаётган маълумотлар Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан даврий равишда кузатиб борилади.

13. Давлат ташкилоти, шунингдек, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган юридик шахслар томонидан ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимига белгиланган муддатларда киритилмаганлиги ёки тўлиқ киритилмаганлиги аниқланган тақдирда, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан икки кун ичида тегишли давлат ташкилоти шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиб келаётган ташкилотларга ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиш бўйича тақдимнома юборилади.

14. Давлат ташкилоти ёхуд давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган ташкилот тақдимнома келиб тушган санадан бошлаб беш кун муддатда мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда, ахборот тизимидаги маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаши шарт.

 

4-БОБ. ДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ЎЗ ФОЙДАЛАНИШИДА БЎЛГАН ДАВЛАТ МУЛКЛАРИНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ БЎЙИЧА МАСЪУЛИЯТИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ

15. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳеч қандай тўловларсиз электрон рақамли имзоси орқали ташкилотларга ахборот тизимидаги ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш имкониятини яратади.

16. Ҳисоб объектлари ҳисобот даврида ҳисобдан чиқарилган тақдирда (сотиш, устав фондига бериш, давлат-хусусий шерикликка бериш, бошқа давлат ташкилотига бериш, бузиш ва бошқалар), тегишли давлат ташкилоти томонидан объект хақидаги маълумотлар асослари билан биргаликда ахборот тизимига киритилади.

17. Ахборот тизимига маълумотларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тарзда киритилишига ҳамда ушбу Низом талабларига риоя қилиниши ҳамда давлат мулкларига зарар етказилганлиги, ноқонуний бегоналаштирилганлиги учун давлат ташкилоти раҳбарияти ҳамда уларнинг юқори турувчи органлари, шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиб келаётган ташкилотларнинг мансабдор шахслари шахсан масъул ҳисобланадилар.

18. Агар Агентлик ва унинг тегишли ҳудудий бошқармаси тақдимнома юборгандан сўнг давлат ташкилоти, шунингдек, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган ташкилотлар томонидан ахборот тизимидаги тегишли ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги таъминланмаган тақдирда, ушбу давлат ташкилотилари мансабдор шахсларига, шунингдек, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган юридик шахслар раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

 

5-БОБ. ДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН КИРИТИЛГАН МАЪЛУМОТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

19. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан жойига чиққан ҳолда, ҳисоб объектларининг ҳақиқатда тўғри киритилганини ўрганиши мумкин.

20. Ўрганиш жараёнида киритилган маълумотлар тўлиқ таҳлил қилинади ва аниқланган фойдаланилмасдан бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан мазкур объект тегишли давлат ташкилотларидан таклифлар (сотиш, устав фондига бериш, давлат-хусусий шерикликка бериш, бузиш ва бошқалар) олинади.

21. Ишлаб чиқилган таклифлар белгиланган тартибда ҳисоб объектлари тегишли бўлган ташкилотнинг юқори турувчи ташкилотлари билан келишилади (агар мавжуд бўлса).

 

6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

22. Ушбу Низом қоидалари қўлланиши билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.05.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2-илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 525 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика