Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 14.05.2020 йилда 3232-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Солиқ тўловчиларни ҚҚС тўловчилар сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Янгиликни «Norma» компаниясининг етакчи эксперти Жорилла АБДУЛЛАЕВ тушунтирди:
ҚҚС тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) хўжалик юритувчи субъект ариза тақдим этади;
2) ариза солиқ органи томонидан кўриб чиқилади;
3) солиқ тўловчи ДСҚнинг Ягона реестрида рўйхатдан ўтказилади;
4) ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақида далолат берувчи электрон рўйхатдан ўтиш гувоҳномаси берилади.
Ихтиёрий ва мажбурий рўйхатдан ўтказиш
Рўйхатдан ўтказиш ихтиёрий ва мажбурий бўлиши мумкин.
Қуйидагилар мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилади:
● ҚҚС тўловчилар (СК 337-м.);
● СКнинг 461-моддаси 2-қисмида белгиланган субъектлар, жумладан:
● ЎзРнинг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
● акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахслар;
● юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари – башарти уларда 50 га ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
● бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар;
● лотереялар ташкилотчилари бўлган юридик шахслар;
● оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахс – оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича;
● бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шасхлар, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;
● марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахслар.
Қуйидагилар ихтиёрий рўйхатдан ўтишга ҳақли:
● янги ташкил этилаётган юридик шахслар;
● ҚҚС тўловчи ҳисобланмайдиган юридик шахслар;
● айланмаси 100 млн сўмдан ошган, лекин 1 млрд сўмга етмаган якка тартибдаги тадбиркорлар.
Рўйхатдан ўтказиш таомили
Рўйхатдан ўтказиш таомили етарлича содда:
1) солиқ тўловчи ўзининг шахсий кабинети орқали у ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органига шахс ҚҚС тўлашга ўтиши керак бўлган ойнинг 5-санасидан кечиктирмасдан ариза тақдим этади;
2) солиқ органи аризани у келиб тушган кундан эътиборан 5 кун ичида кўриб чиқади ва уни ҚҚС тўловчи сифатида солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади;
3) солиқ тўловчининг аризаси ва солиқ органининг қарори асосида ҚҚС тўловчи сифатида Ягона реестрга киритиш тўғрисида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси расмийлаштирилади. Автоматик равишда рўйхат рақами берилади. Солиқ тўловчи ўзига берилган ҚҚС рўйхат рақамини ҳисобварақ-фактурада ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатда кўрсатиши шарт;
4) солиқ тўловчи Ягона реестрда рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб 1 иш кунидан кечиктирмай ДСҚ солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон шаклдаги гувоҳномани юборади.
Шунингдек, Низомда солиқ тўловчини ҚҚС тўловчи сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқариш таомиллари ҳам акс эттирилган.
Низом ҚҚС тўловчиси рўйхат рақами берилган амалдаги ҚҚС тўловчиларини Ягона реестрга киритиш масалаларини белгиламайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.05.2020 йилдан кучга кирган.