Карантин даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантиришга доир бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Шу чоралар самараси ўлароқ корхоналарнинг экспорт салоҳияти сақлаб келинмоқда.
Карантин шароитида фаолият кўрсатаётган «Wellfort» МЧЖ Сирдарё вилоятидаги йирик ишлаб чиқариш корхоларидан ҳисобланади. Корхона ўз фаолиятини 2017 йилда бошлаган бўлиб, трикотаж товарлари ишлаб чиқаради. Корхонанинг йиллик товар айланмаси ҳажми 5,3 млн АҚШ долларидан ортади. Маҳсулотларнинг асосий қисми Россия, Беларусь, Туркия, Италия ҳамда Нидерландия давлатларига экспорт қилинади. Бугунги кунда корхонада 1 000 нафарга яқин ишчи карантин қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият юритиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1,5 млн АҚШ долларлик товарлар экспорт қилинган.
Коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг бирламчи эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан ун билан таъминланиши муҳимдир. Янгиер шаҳридаги «Intergrain» МЧЖ ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириб келади. Корхона томонидан бир суткада ўртача 245 тонна ун ишлаб чиқарилади. Ўтган давр мобайнида 576,1 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган.
– Корхонамиз Янгиер шаҳридаги эркин иқтисодий саноат зонасида жойлашган, – дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Нурилҳақ Акбарий. – Ҳозирда 150 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонамизда ходимларнинг саломатлиги ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса карантин даврида қонун-қоидаларга тўлиқ амал қилиш ҳаммамиздан катта масъулиятни талаб қилмоқда.
Вилоятдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи бир неча ўнлаб корхоналарнинг фаолияти ҳам давом эттирилмоқда. Масалан, Янгиер шаҳридаги «Sulpak komputers» МЧЖда замонавий техникалар ёрдамида МДФ, ламинат ҳамда акрил каби 50 хилдан ортиқ сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 30 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган корхонада ўтган давр мобайнида 64,8 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорт қилинган.
Ўсимлик ёғи ҳам бирламчи истеъмол товарларидан ҳисобланади. Сирдарё туманидаги «Бахт мой инвест» хусусий корхонасида бугунги кунда 80 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилади, бу ерда суткасига қарийб 12 тонна ёғ ишлаб чиқарилади ва ички бозорда сотилади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган омилкорона иқтисодий сиёсат туфайли ишлаб чиқариш корхоналари тўла қувват билан фаолият юритиб келмоқда, шу билан бирга аҳолининг бандлиги, саломатлиги ва хавфсизлиги таъминланмоқда.
Сирдарё вилояти божхона ва солиқ бошқармалари Ахборот хизматлари.