Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 20 / Аудит

Аудитор ишончни қозона олсин

Олий Мажлис ва профессионал доираларда «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда. Аудиторларнинг узлуксиз таълим олиши, уларнинг профессионал малакасини ҳар йили ошириб бориш масаласи мунозараларда катта баҳсларга сабаб бўлаётир.

 

Аудиторлик хулосаси: у кимга ва нима учун керак

 

Аудиторлик ташкилоти ҳисобот давридаги молиявий ҳисобот ва у билан боғлиқ молиявий ахборот бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келганлигини аниқлаш учун аудиторлик текширувини ўтказади. Мақсад – молиявий ҳисобот ва бошқа молиявий ахборотнинг ишончлилиги хусусида аудиторлик ташкилотининг мустақил фикрини ифода этиш.

Молиявий ахборотнинг ишончлилиги деганда молиявий ҳисобот маълумотларининг аниқлик ва ҳаққонийлик даражаси тушунилиб, улар асосида фойдаланувчилар аудиторлик хулосасига таянган ҳолда текширилаётган корхонанинг молиявий ҳолати ҳамда молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида холис хулосалар чиқариш имкониятига эга бўлиши лозим.

Бунда солиқ органлари, банклар, суғурта ташкилотлари, маҳаллий ва хорижий инвесторлар ва бошқа субъектлар ана шундай ахборотдан фойдаланувчилар ҳисобланади. Улар молиявий ҳисоботнинг мол-мулк ёки соф активлар, корхонанинг мажбуриятлари ёки фойдаси, шунингдек тўланаётган дивиденд суммалари сингари кўрсаткичларнинг тўғрилиги борасидаги аудиторлик хулосаси асосида қарорлар қабул қилишади.

Агар аудиторлик хулосаси ижобий бўлса, молиявий ҳисобот ҳам ишончли бўлади. Хулоса салбий бўлган тақдирда – демак ҳисобот ишончсиз бўлиб чиқади ва бундай ҳисоботга таяниб бўлмайди. Шунинг учун аудиторлик хулосасига бўлган бундай катта аҳамиятни ҳисобга олган ҳолда аудиторларнинг профессионал тайёргарлиги ва малакасига жиддий эътибор қаратилади.

 

Сифатли аудит ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини кафолатлайди

 

У ҳақдаги маълумотлар ваколатли органнинг веб-сайтида жойлаштирилган аудиторларнинг реестрига киритилган, аудиторларнинг малака сертификатига эга бўлган шахс аудитор бўлиб ишлаш ҳуқуқига эгадир.

Малака сертификати – аудиторнинг малакасини тасдиқловчи ва унга аудиторлик ташкилоти таркибида аудиторлик хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат. Сертификат малака имтиҳони муваффақиятли топширилганда берилади. Бунинг учун аудитнинг халқаро стандартлари, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари, бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари, солиқ солиш ва ҳуқуқий тартибга солиш, бошқарув ҳисоби ва молиявий менежмент масалалари бўйича билимларга эга бўлиш лозим.

Сертификат, қўйилаётган талаблар бажарилган тақдирда кейинчалик унинг амал қилишини узайтирган ҳолда дастлаб 5 йиллик муддатга берилади. Бундай талаблардан бири бўлиб аудиторнинг профессионал малакасини ошириши ҳисобланади, бунда у малака ошириш курсларини тугатган бўлиши керак.

Аудиторлар малакасини ошириш курсларининг дастурини тартибга солувчи орган – Молия вазирлиги аудиторларнинг профессионал бирлашмалари билан келишган ҳолда тасдиқлайди. Дастур бор-йўғи 40 соатга мўлжалланган.

Малака ошириш курслари аудиторлар учун ўта зарурдир. Зеро, уларнинг профессионал малакасини белгилайдиган билимлар соҳаси доимий ўзгаришларга учраб туради, бу, масалан, солиқ ёки божхонага оид қонунчилик билан боғлиқ соҳалардир. Бундан ташқари, аудит ва молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари ҳар йили ўзгариб туради.

Халқаро бухгалтерлар федерацияси (ХБФ) томонидан тасдиқланадиган ва ҳар йили янгиланиб борадиган Халқаро аудит стандартлари (ХАС) ва аудиторлар фаолиятининг Халқаро сифатни назорат қилиш стандарти (ХСНС) профессионал малака ошириб боришни рағбатлантиради.

Аудиторларнинг республика касбий бирлашмалари – Бухгалтерлар ва аудиторларнинг миллий уюшмаси ҳамда Аудиторлар палатаси ХБФнинг аъзоси бўлган ҳолда ушбу ташкилотнинг барча талабларига риоя қилишга интилади, бу орқали улар маҳаллий аудиторлик ташкилотлари томонидан бериладиган аудиторлик хулосаларининг халқаро даражада эътироф этилишини таъминлайдилар.

Халқаро бухгалтерлар федерацияси ХАС ва ХСНСдан ташқари, халқаро таълим стандартларини (ХТС) ҳам тасдиқлайди, уларда ХБФ аъзолари бўлмиш ташкилотлар учун мажбурий бўлган талаблар белгиланади. Аъзоларнинг ҳаммалари ҳар бир профессионал бухгалтер ва ­аудитордан қуйидагиларни талаб қилиши лозим:

ҳар бир циклик 3 йиллик давр давомида малака ошириш бўйича тегишли фаолиятга камида 120 соатни (ёки эквивалентдаги ўқув бирликларини) бағишлаган бўлиши, шундан 60 соати текширилган бўлиши лозим;

ҳар бир йил давомида малака ошириш бўйича тегишли фаолиятга камида 20 соатни (ёки эквивалентдаги ўқув бирликларини) бағишлаган бўлиши лозим;

юқорида кўрсатилган талабларни бажариш учун ўқув фаолиятининг ҳисобини юритган бўлиши керак.

Бу улар томонидан бажарилаётган иш ва профессионал мажбуриятларга мувофиқ келувчи профессионал малакани қўллаб-қувватлаб туриш учун зарурдир.

Аудиторлик хулосалари ҳамда ­аудиторлик ташкилотлари фаолиятни амалга ошираётган мамлакат субъектларининг аудитор томонидан тасдиқланган молиявий ҳисоботларининг тўғрилигига ишонч даражасининг кўрсаткичи бўлиб ХБФ томонидан тасдиқланадиган ва ҳар йили янгиланиб борадиган халқаро стандартлар, хусусан, ХАС, ХСНС ва ­ХТСнинг бажарилиши ҳисобланади.

ХБФ талабларининг бажарилиши учун Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан 8-сонли Директива тасдиқланган бўлиб, унда аудиторларнинг таълими, амалий тажрибаси ва маънавий-ахлоқий нормаларига нисбатан улар малакасини баҳолашнинг ягона методлари белгиланган. Аудитор молиявий ҳисоботларнинг белгиланган стандартлар ва воқеликнинг ҳаққоний ва холис талабларига мувофиқлиги бўйича ўз хулосасини чиқаради. Бунда корхонанинг фаолияти тўғрисидаги эълон қилинган маълумотларга киритилган барча ахборот молиявий ҳисоботларнинг ахборотига мувофиқ келиши керак.

Масалан, РФнинг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги федерал қонунига кўра, аудитор малака аттестатини олган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар календарь йил давомида ўзи аъзо бўлган аудиторларнинг ўзини ўзи бошқариш ташкилоти томонидан тасдиқланадиган малака ошириш дастурлари бўйича ўқувдан ўтиши шарт. Бундай таълимнинг энг кам муддати аъзолар учун аудиторларнинг ўзини ўзи бошқариш ташкилоти томонидан белгиланади ҳамда узлуксиз 3 календарь йили давомида камида 120 соат, лекин ҳар йили 20 соатдан кам бўлмаслиги керак (РФнинг 26.11.2019 йилги таҳрирдаги 307-сон ФҚнинг 11-моддаси). 

 

Касбий стандарт талабларига мувофиқ келмаганлик учун санкциялар

 

Профессионал малакани мажбурий тартибда ошириб бориш ­(ПММО) талабларига риоя қилиш учун ХБФ аъзолари бўлмиш ташкилотлар қуйидагиларни тизимли равишда амалга оширишлари лозим:

а) ХБФ жамоавий аъзосининг ­ПММОга нисбатан талаблари бухгалтер ва аудиторлар томонидан бажарилишини назорат қилиш;

б) кўрсатилган талабларга риоя қилмаганлик учун шунга мувофиқ миқдорларда жарималар белгилаш.

Бинобарин, қайд этиладики, ПММО бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётган профессионал бухгалтерлар ва аудиторларни ўз вақтида уларни бажаришга мажбур этишган тақдирдагина мажбурий малака ошириш тизими жамият манфаатларига хизмат қилади ва янада самарали ишлайди. ХБФга аъзо ташкилотларга улар юрисдикциясидаги ҳуқуқий ва бошқа долзарб шароитларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган талабларга риоя қилмаган шахсларга юкланадиган санкция турларини белгилаш тавсия этилади.

Санкциялардан бири сифатида ХБФга аъзо ташкилотлар профессионал малакасини ошириш тўғрисидаги талабларни бажармаган профессионал бухгалтер ва аудиторларни ташкилотдан чиқариб юбориш ёки уларни бухгалтерия ёхуд аудиторлик амалиётини олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум қилишдек ҳуқуқий ваколатга эга бўлишлари мумкин.

Европа Иттифоқи аъзолари бўлган давлатлар мақомга эга бўлган аудиторларнинг назарий билимлари, профессионал малакаси ва қадриятлари етарлича юқори даражада бўлишини қўллаб-қувватлаб туриш мақсадида уларнинг тегишли узлуксиз таълим дастурларида иштирокини таъминлаши шарт. Бунда узлуксиз таълимга оид талабларга риоя қилмаганлик учун муайян санкциялар ҳам белгиланади (8-сон Директиванинг 13-моддаси).

Масалан, РФда аудиторларнинг ўзини ўзи бошқариш ташкилоти малака ошириш дастурлари бўйича аудиторларнинг ўқувини ташкил этади. Аудитор томонидан малака ошириш тўғрисидаги талабларга риоя этилмаган тақдирда малака аттестати бекор қилинади, бундан аудиторларнинг ўзини ўзи бошқариш ташкилоти аудиторлик фаолияти кенгашининг розилиги билан кўрсатилган талабларга риоя қилмасликнинг узрли сабабини (масалан, оғир касаллик) эътироф этган ҳоллар мустасно.

Республикамизда Аудиторлар малакасини ошириш курслари дастурига (15.11.2019 йилдаги 163-сон қарор билан тасдиқланган) мувофиқ ҳар йили 40 соатлик малака ошириш курсини тугатиш зарур, бу ХБФ талаб қилаётган 3 йил давомидаги 120 соатни ташкил этади. Аудитор белгиланган талабни писанд қилмаса ҳамда аудиторнинг малака сертификати амал қилишининг 5 йили мобайнида ваколатли органга 200 соатлик (40 соат х 5 йил) малака ошириш курсларини тугатгани тўғрисидаги сертификатни тақдим этмаса, бу аудиторга малака сертификатининг муддати узайтирилмаслиги мумкин.

Бу жиддий санкция ҳисобланади, сабаби 10 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган аудиторга муддатсиз сертификат берилади. Лекин муддатсиз сертификатни олгандан кейин ҳам аудитор ҳар йили аудиторларнинг профессионал бирлашмаларининг аккредитациядан ўтган ўқув марказларида 40 соатлик малака ошириш курсини тугатиши ҳамда ваколатли органга тегишли сертификатларни тақдим этиши керак бўлади.

Аудиторларнинг конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларида иштирок этиши ва аудиторлик фаолияти учун долзарб масалалар муҳокама қилинадиган ҳамда тегишли сертификатлар бериладиган курсларни тугатиши заруратини ҳисобга олган ҳолда аудиторларнинг профессионал бирлашмалари бундай сертификатларни эътиборга оладилар. Бунда алоҳида бўлимлар бўйича соатлар миқдори ўзгариши мумкин, лекин у ҳар бир бўлимга белгиланган давомийликдан 15% кўпга ўзгарган бўлиши мумкин эмас. Макала ошириш курси соатларининг умумий миқдори тасдиқланган давомийлик – 40 соатга мувофиқ келиши лозим.

Ўрнатилган талаблар бажарилмаган тақдирда, аудитор малака сертификатининг амал қилиши ваколатли органнинг веб-сайтида жойлаштирилган аудиторларнинг реестридан чиқариш орқали бекор қилинади.

 

Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА,

ЎзР БАМУ Кенгашининг раиси.

Прочитано: 357 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика