Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 35 / Божхона

Вақтинчалик олиб кириш режимига расмийлаштириш лозим

 

Ўзбекистонга тоғ-кон-транспорт ускуналарини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби қандай (қандай ҳужжатлар зарур бўлади)?

Ўзбекистонга олиб кириладиган ускуналар (ишлар бажариладиган жой бўйича қайси органда) рўйхатдан ўтказилади?

 

– Ушбу транспорт махсус техникасини олиб киришда мамлакатимиз норезиденти томонидан уни вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштириш лозим. Бу режимда товар божхона ҳудудига муайян муддатга олиб кирилади ва божхона тўловларидан шартли озод этилган ёки даврий божхона тўловлари тўланган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ундан вақтинча фойдаланилади.

Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш БКнинг 11-боби қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган рухсатномага асосан амалга оширилади.

Ушбу режимда товарлар мамлакатимиз ҳудудида вақтинча бўлиши ва белгиланган муддат мобайнида ўзгармас ҳолатда фойдаланилиши назарда тутилган. Бироқ мазкур шарт амалиётга тўғри келмаслиги мумкин, сабаби вақтинча олиб кирилган техника фойдаланиш жараёнида эскиради. Шу боис транспортнинг бут сақланишини таъминлаш учун зарур операцияларни, шу жумладан майда таъмирлаш операцияларини, бундан уни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш мустасно, техник хизмат кўрсатиш ва уни соз ҳолатда сақлаб туриш учун зарур бошқа операцияларни амалга оширишга йўл қўйилади. Бунда ушбу операцияларни амалга ошириш натижасида товар қиймати унинг вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган пайтдаги қийматига нисбатан ошиб кетмаслиги лозим.

Товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, ушбу органларнинг рухсатномалари божхона органларининг ахборот тизимида мавжуд бўлиши шарт. Асосийси, республикадан олиб чиқиб кетишда вақтинча олиб кирилган товарлар божхона органлари томонидан идентификацияланиши мумкинлиги ҳисобланади (БК 62-м.).

Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш рухсатномаси амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Вақтинча олиб кириш муддати товар ушбу режимга жойлаштирилган санадан эътиборан 2 йилни ташкил этади. Товарни вақтинча олиб кириш режимига жойлаштирган шахс мазкур божхона режимини унинг амал қилиш муддати ўтгунига қадар БКнинг 64-моддасига мувофиқ тугаллаш ҳуқуқига эга.

Қуйидаги товарларнинг вақтинча олиб кириш муддати ваколатли шахснинг аризаси асосида божхона органи томонидан 2 йилдан кўпроқ муддатга узайтирилиши мумкин:

  • даврий божхона тўловлари тўлиқ тўланган товарларнинг;
  • имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаши ёки мулк ҳуқуқи бошқа шахсларга ўтиши муносабати билан вақтинча олиб киришнинг бундан буёнги муддатида даврий божхона тўловларини тўлаш зарурати пайдо бўладиган товарларнинг;
  • товарни (ишларни ва хизматларни) импорт қилишга доир контракт (шартнома, келишув) шартлари бўйича кафолат муддати давомида хизмат кўрсатиш ва нуқсонларни бартараф этиш учун олиб кириладиган товарларнинг (божхона ҳудудида қолдириш учун мўлжалланган товарлар бундан мустасно). Бундай товарларни вақтинча олиб киришга кафолат даври муддатига йўл қўйилади;
  • ЎзР ВМнинг айрим қарорлари асосида вақтинча олиб киришнинг узоқроқ муддати белгиланган товарларнинг.

Вақтинча олиб кириш божхона режимининг муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза божхона органига вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар берилиши керак. Муддатни узайтириш товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш рухсатномасини бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Ваколатли шахс томонидан божхона органига ариза берилганлиги вақтинча олиб кириш муддатини узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди. Вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиш муддати узайтирилганда бошқа божхона декларацияси тақдим қилинмайди.

БКнинг 63 ва 133-моддаларига мувофиқ товарни ушбу режимга жойлаштиришга рухсатнома олиш учун ваколатли шахс товар қайси божхона органи фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, уша органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • БЮД;
  • товарнинг кузатув ҳужжатлари;
  • товарни етказиб бериш ёки топшириш тўғрисидаги контракт (шартнома, келишув) (товар ижара, лизинг шартномаси, кафолатли хизмат кўрсатиш ва инвестиция лойиҳаси доирасида вақтинча олиб кирилган ҳолларда);

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб кириш учун рухсат берувчи тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган товарга нисбатан божхона органлари томонидан уларнинг божхона ахборот тизимида мавжудлиги мустақил текшириб кўрилади.

Вақтинча олиб кириладиган айрим товарларга нисбатан божхона божлари ва солиқлардан шартли озод этиш қўлланилишига эътибор қаратамиз. Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2016 йилдаги 212-сон қарори билан Божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этиш, озод этиш шартлари, шунингдек имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари қўлланиладиган вақтинча олиб кириладиган товарлар рўйхати тасдиқланган.

Вақтинча олиб кириш божхона режими вақтинчалик олиб кириш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай товар олиб кирилиши ёки бошқа божхона режимига жойлаштирилиши билан якунланиши лозим.

Товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш билан вақтинча олиб кириш режими якунланганда ва даврий божхона тўловлари тўланганда товарни эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштириш учун божхона йиғимлари тўланган ҳолда БЮД расмийлаштирилади.

 

Маълумот учун. Эркин муомалага чиқариш (импорт) режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади (БК 55-м.).

«Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштириш чоғида божхона органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • божхона юк декларацияси;
  • товарнинг кузатув ҳужжатлари, қадоқлаш варағи бундан мустасно;
  • товарнинг келиб чиқиш сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳишига кўра ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бундай зарурат назарда тутилган ҳолларда) (Рўйхатнинг II бўлими, ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган).

Ваколатли шахс товарни реэкспорт режимига жойлаштириш билан вақтинчалик олиб кириш режимини якунламоқчи бўлса, бу божхона органи томонидан БКнинг 21-боби қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Реэкспорт божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар божхона ҳудудидан божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда, БКнинг 35-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса уни олиб киришда тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилган ҳолда олиб чиқилади (БК 32-м.). 

Прочитано: 1213 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика